Кучук боқиш ҳақида

Ассалому алайкум! Мен дала атрофида қурилган уйда ёш оилам билан истиқомат қиламан. Ишдан кеч келган кунларимда аёлим қўрқиб ховлига чиқа олмай ўтирганини айтади. У “кучук боласини олиб, боқайлик, бизни қўриқлайди” деб айтади. Яна баъзилар “кучук боқилган хонадондан Малоикалар кетади” деганларини ҳам эшитганман. Сиздан илтимос шу борасида кўрсатма беринглар. Аллоҳ сизларга қувват ато этсин, катта раҳмат!
«Зикр аҳлидан сўранг» ҳайъати:
Ва алайкум ассалом! Агар ҳақиқатда ҳолат сиз айтгандек бўлса, шариатимизда қўриқлаш учун ит боқишга рухсат берилган. Акс ҳолда ; عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ  رَضِي اللهُ عَنْهُ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَي الله عَلَيْهِ وَسَلَّم قَالَ: مَنِ اقْتَنَى كَلْبًا لَيْسَ بِكَلْبِ صَيْدٍ وَلَا مَاشِيَةٍ وَلَا أَرْضٍ فَإِنَّهُ يَنْقُصُ مِنْ أَجْرِهِ قِيرَاطَانِ كُلَّ يَوْمٍ. رَوَاهُ مُسْلِمٌ والْبُخَارِيُّ. وَلَفْظُهُ: مَنْ أَمْسَكَ كَلْبًا فَإِنَّهُ يَنْقُصُ كُلَّ يَوْمٍ مِنْ عَمَلِهِ قِيرَاطٌ إِلَّا كَلْبَ غَنَمٍ أَوْ حَرْثٍ أَوْ صَيْدٍ Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким ов ити, чорва ити ва зироат ити бўлмаган итни сақласа, албатта, унинг ажридан ҳар куни икки қийрот ноқис бўлади», дедилар». Муслим ва Бухорий ривоят қилганлар. Бухорийнинг лафзида: «Ким ит сақласа, албатта, унинг амалидан ҳар куни бир қийрот ноқис бўлади. Чорва ёки зироат ёки ов ити мустасно», дейилган. Шарҳ: Исломда ит боқишга учта сабаб туфайли рухсат берилган: 1. Ов учун ит боқса бўлади. 2. Экинзорларни қўриш учун ит боқса бўлади. 3. Қўй ва бошқа ҳайвонларни қўриш учун ит боқса бўлади. Умумий қилиб айтганда, қўриқчи итларни боқса бўлади. Ҳозирги пайтларда баъзи изқуварлик ёки нарсаларни ҳидлаб, билиш учун ишлатилаётган итлар ҳам қўриқчилик учун ушлаб туриладиган итлар қаторига киради. Бошқа мақсадлар учун ит ушлаб туриш шариатга хилоф саналади. Чунки ит нажас нарса. Ялаган, ҳидлаган нарсаларини ҳам нажасга айлантиради. У нажас нарсаларни егани учун оғзида ўта заҳарли микроблар кўп бўлади. Бунинг устига, ит вақти-бемаҳал ҳуриб, кишиларни безовта қилади, уларга озор беради. Бўшалиб кетган итлар эса кишиларни қопиб олиши, турли жароҳатларга, касалликларга ва ҳатто қутуриб қолишига сабаб бўлиши мумкин. Шу маънода турли жамиятда тез-тез итларни қириб ташлаш ишлари олиб бориб турилиши ҳам бунинг исботидир. (“Ҳадис ва Ҳаёт” китобидан). Валлоҳу аълам!

28 Апрел 2022, 19:55 | Савол-жавоблар | 152 | Долзарб саволлар
|
Boshqa savol-javoblar