Аёллар ва эркаклар намозидаги фарқ

Ассаламу алайкум! Аёллар ва эркаклар намозида фарқ борми? Санаб о‘тиш шартмас. Умму Дардони ҳаётини о‘рганганимда ёзилишича, у намозда эркаклар каби о‘тирар эди ва у фақиҳа бо‘лган. Намоздаги фарқлар то‘г‘рисидаги ҳадислар эса барчаси заиф ёки то‘қимадир деб ёзилибди. Албонийнинг китобида.
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф роҳимаҳуллоҳ:
- Бу сафасатага жавоб берганмиз. Анча бўлди.Савол: Ассалому Алайкум Шайх Хазратлари! Мен якинда намоз укишни бошладим, шу сабабли ибодатда бир саволим бор эди. Якинда мен Имом Бухорийнинг Сахих хадисларини укиб бир нарсага эътиборим тушди. У ерда Пайғамбаримиз С.А.В нинг кандай намоз укиганлари ва намозга оид купгина бандларда аёл намозхон ёки эркак намозхон деб эмас балки "намозхон " дейилгани уйлантириб куйди. Яна Пайғамбаримизнинг мен каби намоз укинглар деган жумлаларига хам кузим тушди. Шу сабабли сиздан сурашни энг афзали деб билдим. Биламизки хозирда аёллар ва эркаклар намозида бир неча фарклар бор. Пайгамбаримиз С.А.В нинг бу сўзлари факат эркаклар учун эдими ёки замонлар утиши билан аёлларникини фарклай бошладиларми? Илтимос шу масалада менга ёрдам берсангиз ва бу мен учун жуда мухим савол эди.
Жавоб - Ушбу саволни берганингиз учун ташаккур. Мен сизнинг кимлигингизни билмайман. Бу саволда айтган гапларингизни текшириш имконим ҳам йўқ. Аммо сиз ўзи бемазҳаб ва мазҳабни тутганларга турли йўллар билан таҳналар қиладиган, четдаги бемазҳабларга мадикор бўлиб, мусулмонлар орасида ихтилоф чиқарадиганларнинг яқиндагина қўзғаган навбатдаги фитнасига мувофиқ саволни йўллагансиз. Мазкур шахслар одатда ўзлари юзага чиқмайдилар. Яшириниб олиб, баъзи одамларини савол беришга, одамлар билан масала талашишга ундаб турадилар. Ўшаларнинг гапини ва ихтилофга сабаб бўладиган сафсаталарини ташиб туришга етарли одамлари ҳам бор. Сиз ўшаларданмисиз ёки йўқлигини билмаймиз. Аммо саволингизга жавоб беришга ҳаракат қиламиз. Яқинда баъзи аёллар қўлида бир – икки варақ қоғоз билан муслима аёлларга учраб ўша қоғозда ёзилган, аёллар ҳам эркакларга ўхшаб намоз ўқишлари кераклиги ҳақида ташвиқот олиб боришди. Бу гап эркаклар орасида ҳам тарқалди. Баъзи эркаклар аёллари мазкур гапни топганини масжид имомларига ва илмли одамларга ташвиш билан айта бошладилар. Уларга керакли тушинтиришлар йўлга қўйилди. Баъзи масжидларнинг имом домлалари бу масалани ўз маҳрузаларидан ҳам муолажа қилдилар. Ҳар қалай бемазҳабларнинг навбатдаги хуружи бир нави босилди.Кунлардан бирида хонадонимизга яна шу масала аёллар номидан савол бўлиб, кириб келди. Савол Албонийнинг “Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг намозлари сифати” деган китобининг русча таржимаси билан бирга келган эди. Бошқача қилиб айтганда, савол эгаси мазкур китобни қўлга олиб, уни ўқиган аёллар номидан савол сўрагани келган эди. Саволнинг маъноси эса, худди сизнинг саволингизга жуда ҳам ўхшар эди. Унда ҳам Имом Бухорийнинг саҳиҳлари, Набий алайҳиссаломнинг намозлари, У зотнинг, мен каби намоз ўқинглар, деганлари, аёл намозхон ёки эркак намозхон дейилмагани ва бошқалар бор эди.Мен “Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг намозлари сифати” деган китобнинг муаллифи ҳозирги бемазҳабларнинг эналаридан бири экани, доимо шу каби ихтилофлар чиқаргани билан машҳурлигини айтдим. Шунингдек, Совет иттифоқи қулаб, шарқшунослар ишсиз қолгани, бундан фойдаланган бемазҳаблар мазкур шарқшуносларга пул бериб ўз китобларини кўплаб рус тилига таржима қилдирганлари ва ўша китоблар ҳамма тарафда тарқагани, ҳамда МДҲ давлатларидаги мусулмонларнинг орасида ихтилофлар чиқараётганлари ҳақида тўхталиб ўтдим. Ҳозир мазкур ҳудудлардаги муфтийлар, имомлар, уламолар ва оддий мусулмонлар ҳамда бунга алоқаси бор кишиларнинг илтимосига биноан ўз китобларимизни рус тилига таржима қилишни бошлаганимиз, бу борада тез кунларда, Аллоҳ ҳохласа, бу каби саволларга жавоблар ҳам бўлишини айтдим. Сўнгра, мазкур китобда қўзғатилган масаланинг ечимини айтиб ҳам бердим. Китоб кўтариб савол билан келган воситачи ташаккур айтиб қайтди.Ўша аснода Маккаи Мукаррамадан, “Робитатул Оламил Исломий” халқаро ташкилотдан келган таклифга жавобан “Фатво ва унинг тартиблари” номли илмий анжуманда иштирок этиш учун муқаддас тупроқларга бориш бахтига муяссар бўлдим. Ҳамшаҳарлар ташкил қилган йиғинда катта уламоларизнинг бирлари билан гаплашиб ўтирган эдим. У киши ҳажга борган ватандошларимизда бирини кўрсатиб, анаву ҳамшаҳар бемазҳаблардан экан. Менга Албонийнинг “Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг намозлари сифати” деган китобини ўқиганини айтиб ҳар-хил гапларни айтди. Мен унга “Бунга ўхшаш гапларни айтманг. Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадислари кўп. Улардан баъзиларини олиб, гап шу, бундан бошқаси бўлиши мумкин эмас қабилида иш тутиш катта хато бўлади. Бир суриялик олим “Ҳанафий мазҳаби бўйича Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг намозлари сифати” номли китоб қилган. У ҳам ҳадисларни ҳужжат қилиб келтирган”, дедим” – дедилар.Иттифақо, “Фатво ва унинг тартиблари” номли илмий анжуманда “шозз” фатволар мавзуҳси ҳам бор эди. Ушбу мавзуҳда сўзлаган уламолар “Шозз” дегани мусулмон умматининг барча уламоларининг гапига тескари гап эканини таъкидладилар. “Шозз” фатволар мавзуҳсида сўзлаган уламолар ичида давримизнинг кўзга кўринган алломаси Шайх Юсуф Абдуллоҳ Қарзовий ҳазратлари ҳам бор эди. У киши замонамиздаги “шозз” фатвога Албонийнинг фатволари мисол эканини таъкидлаб айтди. Ҳамда унинг савдо молларидан закот берилмаслиги, тилло суви юритилган идишларни ишлатиш ҳаромлиги тўғрисидаги фатволарини намуна тарзи қаттиқ танқид қилди. Айтмоқчиманки, сиз кўтарган саволни юзага чиқарган одам ўзининг мусулмон умматининг барча уламоларининг гапига тескари гаплари билан танилган одамдир. Кейинроқ, худди шу масалага ўхшаш, бемазҳабларнинг эрмаги бўлган ва мусулмонлар ичида ихтилоф чирқариш учун вақти вақтида кўтариб турадиган масалаларидан яна бир-иккитаси кўтарилди. Яна бир-икки вараққа битилган матнларни кўтарган бемазҳабларнинг гумашталари у ёқ – бу ёққа йўрғалашди. Яна бундан хабардор одамлар ичида ножамлик юзага келди. Яна уламолар, имомлар ва толиби илмлар билан муҳокама, муноқашалар бўлиб ўтди. Яна одамларимизга бу масалани ҳам тўғрисини баён қилиб беришга келишилди.Мен бунга ўхшаб бемазҳаблар кўтарадиган шубҳаларга бир-бир жавоб беришнинг ўрнига, аслида уларнинг диний матнлардан ҳукм чиқариш услублари нотўғри экани тўғрисида бир китоб кераклигини айтдим. Бу ишни имкон бўлганда амалга оширишга қарор ҳам қилдим. Бир кун ўтиб ўғлим Исмоилжон: “Ҳазрат, кечаги масала оддий эмасга ўхшаб қолди”, деди. “Нима учун?” дедим.“Кеча Америкадан телефон қилишиб, у ерда ҳам худди ўша масалада уларнинг бошини гаранг қилиш бошланганини айтишди. У ерда ҳам, варақдаги гаплар. У ерда ҳам бизда нима бўлса, ўшандай. Қолаверса, бу биринчиси эмас. Авваллари ҳам шундай бўлган”, деди.Хаёлимга бошқа тарафларда, қўшни давлатлардан, Россиядан ва бошқа ерлардан турли воситалар билан йўлланган саволлар ва ташвишлар ўтди.Аввал эслаб ўтилган асарни битиш нияти яна ҳам жиддийлашди. Аллоҳ таоло имкон берса, у иш ҳам амалга ошиб қолар. Мана, энди сиздан ушбу савол келиб турибди. Хамир учидан патир дегандек, сизнинг саволингиз орқали сизга ҳам, бошқаларга ҳам Аллоҳ таолодан ёрдам сўраган ҳолимда билганимча жавоб беришни лозим топдим.- Аввало, яқинда намоз ўқишни ўрганган одам сиз берган саволни бера олмаслигини айтиб ўтмоқчиман. Чунки, ундай одам намозни яхшилаб ўқиш ташвиши билан банд бўлади. Ўн тўрт асрдан бери мусулмонлар сўрамай келган саволни ўз-ўзидан хаёлига келтира олмайди.- Имом Бухорийнинг “Саҳиҳ” номли китобларининг таржимасини ўқиган бўлсангиз керак. Ўша китобнинг ўзини ўқиса ҳам, таржимасини ўқиса ҳам шариат ҳақида фақат мазкур китоб асосида хулоса чиқаришга ҳеч кимнинг ҳақи йўқ. Ҳадис китоблари жуда ҳам кўп. Уларнинг ҳаммасини ўқиб чиққанлар ҳам мазкур ишни қила олмайдилар. Имом Аҳмад ибн Ҳанбалнинг даврида, асл араблар ва олимларнинг юртида у кишидан “қанча ҳадисни ёддан билган одам фатво айтиши мумкин” деган саволга у киши “Тўрт юз минг ҳадисни” деб жавоб берганлар.- Шариат ҳукмлари, Фақат “Саҳиҳул Бухорий” китобидан эмас, балки қуйидаги манбаҳлардан олинади:1. Қуръон.2. Суннат.3. Ижмоъ.4. Қиёс.5. Амали саҳобий.6. Масолиҳул мурсала.7. Истиҳсон.8. Шарҳу ман қаблана.9. Урф.10. Истисҳоб.Бизда бу манбаҳларнинг номини тўлиқ биладиганлар ҳам оз бўлса керак. Аммо сизга ўхшаб, мужтаҳидликни даҳво қиладиганлар ҳар қадамда учраб турадилар.- Сизни “аёл намозхон ёки эркак намозхон деб эмас балки "намозхон " дейилгани ўйлантириб қўйибди. Нима учун? Ҳар бир нарсани эркакка ёки аёлга деб аташ керакми? Ҳамма халқларда, ерларда, динларда, қонунларда, одатларда сиз айтган ажратиш йўқ. Ҳамма нарса одамларга бир хил айтилади. Агар аёлларга хос нарса бўлса, алоҳида айтилади. Агар сиз айтган гапга ўтиладиган бўлса, “аёл ҳожи, эркак ҳожи, аёл рўзадор, эркак рўзадор, аёл закот берувчи, эркак закот берувчи” деб чиқиш керак бўлади. Бу эса, табиати бузилмаган одам кўтара олмайдиган ҳолатдир.- Яна Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг “мен каби намоз ўқинглар” деган жумлаларига ҳам кўзингиз тушибди. Бу билан аёллар ҳам У зотга ўхшаб намоз ўқишлари керак. Мазҳабни ушлаганлар айтаётганидек, бироз қимтиниб ўқимасликлари керак, демоқчисиз. Агар сиз демоқчи бўлмаган бўлсангиз, Албоний “Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг намозлари сифати” деган китобида айтган. Ундай бўладиган бўлса, ҳаж, рўза, закот ва бошқа ибодатларда ҳам шундай бўлиши керак бўлади. Ҳажда аёллар ҳам эркакларга ўхшаб бош яланг бўлиб, кийимларини ечиб ташлаб, эҳром боғлаб юришлари керак бўлади ва ҳоказолар.- Албоний ўша китобида имом Бухорий аёлларнинг эркакларга ўхшаб намоз ўқиши ҳақида Умму Дардодан ривоят келтирганини айтган. Аммо у одам шу ерда жуда ҳам усталик қилган. Мазкур гапни шарҳ қилмаган. Одамлар бу гап машҳур саҳобия Умму Дардо розияллоҳу анҳодан экан деб ўйлаши учун шундай қилган. Бошқача қилиб айтганда, ўзининг гапни қувватлаш учун Умму Дардо розияллоҳу анҳо ва имом Бухорийнинг номларини сотишдан устамонлик билан фойдаланган. Аммо мазҳабни ушлаган уламолар бу ерда бор ҳақиқатни айтадилар. Мазкур ривоят кичик Умму Дардодан бўлиб, унинг исми Ҳажийма бинти Ҳуяй Авсобия бўлиб саҳобия эмасдир. Саҳобий бўлмаган шахснинг гапи ва амали ҳужжат бўла олмаслиги шарҳий илмлардан озгина хабари бор одамга ҳам маълум ҳақиқатдир. Муҳаддислар имом Бухорийнинг бу каби ривоятларини “таҳлийқ” дейдилар ҳадис эмас. “Таҳлийқ” ҳам ҳужжат бўла олмайди.- Ҳозирда аёллар ва эркаклар намозида бир неча фарқлар борлиги, сиз гумон қилганингиздек, замонлар ўтиши билан ҳосил бўлган ҳолат эмас. Бу аввалдан бўлган нарса. Барча мазҳабларнинг китобларида собит ҳақиқатлардан бири. Ҳеч бир мазҳабда бунинг тескариси, яъни, аёллар ҳам эркакларга ўхшаб намоз ўқиши керак, дейилмаган. Шунингдек, бу гапни ҳеч бир ҳадисда, ҳатто ўта заиф ҳадислардан бирортасида ҳам айтилмаган.- Шариатнинг тўртинчи манбаҳси бўлмиш қиёсга биноан аёллар қимтиниб, фиқҳ китобларида айтилганидек намоз ўқишлари собитдир. Чунки, муслималар доимо эркакларга ўхшамай аёлликларини эътибори бўлиб туриши динимизнинг барча кўрсатмаларида қайта-қайта такрорланган. Озгина фаҳми бор кишилар учун шунинг ўзи етарли. Бошқа гапни қўзишга ўрин қолмайди.- Аммо, шу билан бирга, бир неча ҳадисларда бу масала баён ҳам қилинган.1. Язийд ибн Абу Ҳабибдан ривоят қилинади: “Набий соллаллаҳу алайҳи васаллам намоз ўқиётган икки аёлнинг олдидан ўтдилар ва: “Қачон сажда қилсангиз, гўштнинг баъзисини ерга текказинг. Албатта, аёл киши бунда эркакка ўхшамас”, - дедилар”.Абу Довуд ривоят қилган.2. Нофеъдан, у Ибн Умардан ривоят қилинади: “У кишидан Набий соллаллаҳу алайҳи васалламнинг даврларида аёллар қандай намоз ўқишлари ҳақида сўралди. “Оёқларини чалиштириб ўтирар эдилар. Кейин текисланиб-қимтиниб ўтиришга амр қилиндилар”, деди. Абу Ҳанийфа ривоят қилган. (Жомеъул Масонийд, 1-жуз).3. Али розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Қачон аёл киши сажда қилса, қимтиниб ўтирсин, икки сонини йиғиштирсин”, деди”. Имом Абу Бакр ибн Абу Шайба ривоят қилган. 4. Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Қачон аёл киши намозда ўтирса, бир сонини иккинчи сони устига қўяди. Қачон сажда қилса, қорнини сонига имкони борича қимтиниб теккизади. Чунки, Аллоҳ таоло унга назар солиб туради ва “Ҳой, фаришталарим! Сизларни гувоҳ қиламанки, уни мағфират қилдим”, дейди”, - дедилар”.Ибн Адий “Комил”да ва Байҳақий “Сунан”да ривоят қилган.Албатта, ўзини билган ҳар бир киши учун ушбу ривоятларнинг бир-бирини қувватлаб келиши Албонийнинг даҳвосидан кўра маъқулдир. Яна қайтариб айтамиз, умматнинг минг тўрт юз йилдан бери амал қилиб келаётганини ва қиёсни ҳисобга олмаганимизда ҳам.Шу ўринда барчангизни ихтилофлардан йироқда бўлишга чақирамиз. Билмаган нарсаларни сўраб ўрганишга ўтиш керак. Чет элдан келган факс ёки эмайлни кўтариб олиб, ҳозиргача қилинаётган фалон нарса нотўғри экан деб югуришнинг ҳожати йўқ.

30 Апрел 2022, 00:34 | Савол-жавоблар | 205 | Намоз
|
Boshqa savol-javoblar