Қарзим бўла туриб закот берсам бўладими?

Ассалому алайкум! Ҳурматли устозлар, савол закот хақида. Менинг 2700$ ўзимда ва 200$ қарзга берган пулим бор. Қарзни қайтариб оламан ИншАллоҳ. Лекин банкдан 15 йилда тўланадиган қарзим бор. 2900$ дан закот бераманми? Беришим шарт бўлмаса ҳам савоб умидида беришим мумкинми? Аллоҳ барчамиздан рози бўлсин.
«Зикр аҳлидан сўранг» ҳайъати:
Ва алайкум ассалом! Савол: Узоқ муддатли қарзларни ҳам закот беришда чиқариб юбориладими? Масалан: Йигирма миллионга беш йилда узиб юборишга уй олса ва қўлида ўн-ўн беш миллион пули бўлса, у кишига закот вожиб бўладими? Жавоб: Қарз икки турга бўлинади. Муъажжал (нақд берилиши керак бўлган) ва муажжал (кейинчалик беришга келишилган) яъни нақд берилиши керак бўлган ва кейинчалик берилиши керак бўлган. Саволдаги қарз муажжал кейинчалик берилиши вожиб бўлган қарзга кириб. У закот беришни ман қилмайди. وَعَنْ أَبِي حَنِيفَةَ لَا يُمْنَعُ. وَقَالَ الصَّدْرُ الشَّهِيدُ : لَا رِوَايَةَ فِيهِ، وَلِكُلٍّ مِنْ الْمَنْعِ وَعَدَمِهِ وَجْهٌ. زَادَ الْقُهُسْتَانِيُّ عَنْ الْجَوَاهِرِ : وَالصَّحِيحُ أَنَّهُ غَيْرُ مَانِعٍ Абу Ҳанифадан қилинган ривоятда: (Кейинчалик беришга келишилган қарз закотни) Манъ қилмайди. Содрушшаҳид айтади: Бу борада ривоят йўқ, манъ қилиш ва манъ қилмаслигининг ҳам далиллари бор. Кўҳистоний Жавҳарадан зиёда қилиб: "Саҳиҳ гап шуки, муажжал (бир- икки йилда беришга келишилган) қарз закот беришни манъ қилмайди"деган (Роддул мухтор. 2 ж. 5. с.). “Шунинг учун қўлидаги боридан закот беради. (Муҳаммад Тақий Усмоний). Баъзилар ўша йилда беришга келишилган қарзини чиқариб юбориб, қолганидан беради" деганлар. (Холид Сайфуллоҳ Раҳмоний. Ҳинд фиқҳ академияси раиси). Аввалгиси эҳтиётлироқдир. Валлоҳу аълам!

30 Апрел 2022, 21:20 | Савол-жавоблар | 150 | Долзарб саволлар
|
Boshqa savol-javoblar