Таҳоратнинг синиши

Ассаламу алейкум шайх ҳазратлари, сизни бир савол билан қимматли вақтингизни олишга ижозат бергайсиз. Мени 3-4 ойдан бери қийнаб келаётган бир дардим бор(оллоҳ о‘зи шифо берсин), шунинг учун сиздан маслаҳат со‘рашни жоиз деб топдим. Мени ёшим 17 да, намоз менга фарз бо‘лганидан боwлаб уни адо қилиб келяпман (алҳамдулиллаҳ). Намозга тайёр ҳолатда бо‘лиш учун таҳорат оламан ,лекин бир вақт номозни адо қилиш учун 3-4марта хатто 5-6 марта таҳорат олишимга то‘г‘ри келади. Аввалари бундай ҳолатга дуч келмаганман ҳайронман нега ундай бо‘ляпти. Ба‘зида намозда қойим бо‘либ турган вақтимда ҳам таҳоратим синади, натижада яна таҳоратимни янгилашга то‘гри келиб қолади. Илтимос, мендан маслаҳатингизни аяманг ҳазрат. Оллоҳ илмингизни зиёда қилсин, жавобингиз учун олдиндан раҳмат! Ассаламу алейкум ва роҳматуллоҳ ва баракатуҳ
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф роҳимаҳуллоҳ:
- Сиз васвасага дучор бўлибсиз. Бунинг давоси осон. Қуйидаги ҳадис ва шарҳига амал қилсангиз етади.Аббод ибн Тамийм розияллоҳу анҳу ўз амакиларидан ривоят қилганлар:«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга намозда бир нарса бўлгани хаёлига келадиган одам ҳақида шикоят қилинди. У зот:«Токи овоз эшитмагунича ёки елни топмагунича намозини бузмайди», дедилар».Бошқа бир ривоятда:«Қачонки бирортангиз қорнида бирор нарсани топса, унга ундан бир нарса чиқдими-йўқми аниқ бўлмай қолса, токи овозни эшитмагунича ёки елни топмагунича масжиддан чиқмасин», деганлар».Бешовлари ривоят қилишган.Инсон ҳаётида тўлиқ ишончга, аниқ ва мустаҳкам мавқега эга бўлиши катта ўрин тутади. Шак-шубҳа ва иккиланиш эса фойда келтирмаслиги аниқ. Шак-шубҳа, ишончсизлик ва иккиланиш шайтоннинг иши ҳисобланади. Шайтон инсонни доимо ноқулай ҳолатда бўлишини хоҳлайди. Бу иш айниқса, мусулмон инсон учун намозда яққол билинади. Шайтон намоз пайтида кўпроқ васваса қилишга уринади. Унинг бу ҳолдаги васвасасидан бири, кишининг хаёлига таҳорати кетганга ўхшаш фикр келаверишидир. Бу ҳақиқат Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг баъзи ҳадисларида ўз ифодасини топган.Ибн Хузайма, Ибн Ҳиббон ва Ҳокимлар Абу Саъид ал-Ҳудрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилишган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам:«Вақтики, бирортангизга шайтон келиб, таҳоратингни кетказдинг, деса, «ёлғон айтибсан», десин. Магар бурни ила ҳид ҳидласа ёки қулоғи билан овоз эшитса», деганлар.Аббод ибн Тамийм розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган биз ўрганаётган бу ҳадисни уламоларимиз Исломнинг асл қоидаларидан бирига асос бўлган улуғ ҳадислардан, деб баҳолаганлар. Ўша қоида: «Нарсалар, ҳаттоки аниқ-равшан суратда тескариси воқеъ бўлмагунча ўз аслида қолур. Ориз бўлган шак-шубҳа уларга зарар қилмас», деб таъриф қилинган.Ушбу ҳадис мисолида асл таҳорат – хаёлда таҳорат кетганга ўхшайди, деган фикр бўлиши билан кетиб қолмайди. Таҳорат кетгани елнинг ҳидини сезиш, овозини эшитиш билан аниқ-равшан билингандан кейингина собит бўлади. Бунгача ўз аслида тураверади. Бошқа барча ишлар ҳам шунга таққосланади.Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:1. Саҳобаи киромларнинг Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга ўзларида ориз бўладиган барча ҳолатларни шикоят қилишлари. Намоз вақтида таҳорат кетиб қолганга ўхшаб хаёлдан ўтиши ҳақидаги шикоят шунга ишоратдир.2. Таҳорат кетгани ҳақида хаёлга фикр келиши билан таҳорат кетиб қолмаслиги.3. Елнинг овози ёки ҳиди чиқиши билан таҳорат кетиши. Агар овоз ёки ҳиддан бошқа аниқ билиш ҳосил бўлса ҳам кетади.4. Ҳаётда воқеъ бўлиб турадиган масалаларни уламолардан сўраб туриш лозимлиги.5. Шариатга, илмга тегишли нарсаларни сўрашдан уялмаслик.Мана шу қоидани ва фойдаларни яхшилаб анг¬лаб олиб, ҳаётимизга татбиқ қилмоғимиз лозим. Мусулмон кишининг ҳаётида васваса, хаёл, шак-шубҳа ва иккиланишга ўрин бўлмаслиги зарур. Ҳамма нарса очиқ-ойдин, равшан ва ишончли бўлиши керак.

3 Май 2022, 18:02 | Савол-жавоблар | 149 | Долзарб саволлар
|
Boshqa savol-javoblar