Муфтийдан масаланинг далилини сураш

Ассалому алайкум мухтарам устоз! Сизга савол билан мурожаат килишга изн берсангиз:1. Якинда интернет сайтларидан олинган «Фатво берувчидан далил талаб қилиш» деган маколани укиб колдим. Уни укиш асносида савол пайдо булди.Иктибос: Ҳар бир мусулмон киши ўз динини далиллари билан ўрганишга интилмоғи лозим. Толиби илм имкон қадар кўр-кўрона тақлид қилишдан сақланмоғи ва ҳар бир шаръий масалани ўз далиллари билан билишга ҳаракат қилмоғи лозим. Бугунги кунда ўзини илм аҳлидан санаган баъзи «муфтий»лардан фатво сўралса, сўнгра масаланинг ҳукмини ўз далиллари билан айтишини талаб қилинса, «муфтий» толиби илмнинг бу ишини «одобсизлик» деб номламоқда. Аслида, шак-шубҳа йўқки, бу иш ўз амалларида китобу суннатга тобеъ бўлишни истаган ҳар бир мусулмон интилиши керак бўлган, шариати исломийяда матлуб саналган амаллардандир. Чунончи бу борада Шавконий раҳимаҳуллоҳ бундай дейдилар:«Ҳамонки, оми одам олимдан, амали суст эса комилдан фатво сўраши лозимлиги ҳал бўлган масала экан, шуни ҳам билмоқ керакки, бирор масалада фатво сўровчи киши фатвони дину диёнати, адолати ва ўзининг камоли тақвоси билан танилган ҳамда китобу суннат олими бўлиш билан бир қаторда улардаги нусусларни тўлақонли равишда тушунишга кўмак берувчи бошқа билимларни ҳам пухта эгаллаган аҳли илмлардан сўрамоғи керак. Токи, шундай кишилар у ёки бу масалада уни ҳаққа далолат қилиб, тўғри йўлга йўллаб қўйсинлар... Шунингдек, киши фатво сўрар экан, Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг китобидаги ёхуд Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳадисларидаги ўз муаммосига тааллуқли бўлган далилни ҳам сўраши мақсадга мувофиқдир. Шундай қилса, ҳақни ўз манбаъсидан, ҳукмни ҳам ўз ўрнидан олган бўлади ҳамда китобу суннатдан далилга асосланмаган – қайсики, унга муккасидан кетган киши шариатга мухолиф, ҳаққа қарама-қарши бўлган хатоларга тушиб қолиш хавфидан омонда бўлмайдиган – раъйдан беҳожат бўлади» («Иршодул фуҳул» (Буюкларга иршод): 450-451). САВОЛ: Мухтарам устоз айтингчи, бир масала буйича «муфтий»дан фатво сураган толиби илм (илмсиз факат таклид килувчи киши бундан мустасно) масаланинг шариатдаги далилини сураши жоизми? Ёки бу «одобсизлик» саналадими? Бу масалада жумхур уламоларнинг фатволари кандай? Жавоб учун ташаккур!Умиджон Турсинов
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф роҳимаҳуллоҳ:
- Саволингиздаги “ўзини илм аҳлидан санаган баъзи «муфтий»лардан фатво сўралса, сўнгра масаланинг ҳукмини ўз далиллари билан айтишини талаб қилинса, «муфтий» толиби илмнинг бу ишини «одобсизлик» деб номламоқда” деган гап менга қаратилган бўлиши керак. Бу бемазҳабларнинг гапи бўлса, ажаб эмас. Аслида, бу масала бўйича Шавконийдан бошқа уламолар ҳам ўз гапларини айтишган. Шофеъий мазҳаби уламолари, Ҳанбалийлардан баъзилари, Ҳанафийлардан ҳам ва бошқалардан ҳам фатво сўровчига далил талаб қилиш дуруст эмаслигини айтганлар. Бу ҳақда фатво сўраш одоби ҳақида боби бор барча китобларда маълумот бор. Сиз ўша сайтдан, Шавконий қайси мазҳабнинг фақиҳи, деб сўраб кўринг.Далилни унга аҳл бўлган одам билиш учун сўраса, яхши. Аммо фитна учун, синаш учун, ўйин қилиш учун, вақтни беҳуда ўтказиш учун сўраса, одобсизлик бўлади. Агар илми борлигини билса ва ҳурмат қилса, унинг гапини қабул қилиши далилсиз ҳам бўлаверади. Аммо унга ишонмаса, бошқасидан сўраш керак. Савол бериш одобларини аввал кўп айтилган. Ўқиб олганлар тушуниб етишган. Аммо фитна қиламан деганлар, ихтилофли масалаларни кўратиб турмасалар, ичлари чиқмайди.

4 Май 2022, 03:19 | Савол-жавоблар | 174 | Таълим ва мутаъаллим
|
Boshqa savol-javoblar