Қабристонда таомланиш

Ассалому алайкум! Ҳурматли ҳайъат аъзолари. Жавобларни излаб қабристонларни зиёрат қилиш мумкин эмаслигини, фақат ўлимни эслаб фикр юритиш, ўтганларни ҳаққига дуо қилишлик учунгина бориш кераклигини билдим. Бизда Бувайда туманида Галдир бува қабристонида йилда бир маротаба ҳалқ тили билан айтганда "Мозор чопти" яъни қабристонларни тозалашда аҳолидан пул йиғилиб қўй сўйилади ва тозаловга келган барча одамлар ўша гўштдан қилинган таомларни истеъмол қилишади. Шу жоизми ? 2. Ҳар йили турли ҳунарманд усталари шу Галдир бува қабристонида йиғилиб анжуман қилишади бунда қўй сўйишларини билмадимку лекин ОШ қилиб таомланишади. Бунга жума кунлари Жума намозида имомларнинг оммага кенг равишда айтишларини тушунмадим. Яъни эълонда 3-сентябрда дурадгорлар, 5-сентябрда темир усталари ва Ушбу жума намозида 16-сентябр куни новвойлар анжумани бўлади деб айтилди. Шу жоизми? Агар шундай ишлар нотўғри бўлса авваламбор имомлар буни бартараф қилиш керакмасми? Келгусида ёш авлодлар ҳам нотўғри ишларни кўриб, буларни давом эттиришмасмикан?
«Зикр аҳлидан сўранг» ҳайъати:
– Ва алайкум ассалом! Сиз айтган шаклда бўлса, гуноҳ ва ширкдан сақланишса, жоиз. Қуйидаги ҳадисда зикр қилинган ишга ўтиб кетишмасалар бўлди. : عَنِ ابْنِ عَبَّاسٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُمَا: صَارَتِ الْأَوْثَانُ الَّتِي كَانَتْ فِي قَوْمِ نُوحٍ فِي الْعَرَبِ بَعْدُ، أَمَّا وَدٌّ كَانَتْ لِكَلْبٍ بِدَوْمَةِ الْجَنْدَلِ، وَأَمَّا سُوَاعٌ كَانَتْ لِهُذَيْلٍ، وَأَمَّا يَغُوثُ فَكَانَتْ لِمُرَادٍ ثُمَّ لِبَنِي غُطَيْفٍ بِالْجَوْفِ عِنْدَ سَبَا، وَأَمَّا يَعُوقُ فَكَانَتْ لِهَمْدَانَ، وَأَمَّا نَسْرٌ فَكَانَتْ لِحِمْيَرَ، لِآلِ ذِي الْكَلَاعِ. أَسْمَاءُ رِجَالٍ صَالِحِينَ مِنْ قَوْمِ نُوحٍ، فَلَمَّا هَلَكُوا أَوْحَى الشَّيْطَانُ إِلَى قَوْمِهِمْ أَنِ انْصِبُوا إِلَى مَجَالِسِهِمُ الَّتِي كَانُوا يَجْلِسُونَ أَنْصَابًا، وَسَمُّوهَا بِأَسْمَائِهِمْ فَفَعَلُوا فَلَمْ تُعْبَدْ حَتَّى إِذَا هَلَكَ أُولَئِكَ وَتَنَسَّخَ الْعِلْمُ عُبِدَتْ  Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:
«Нуҳ қавмидаги бутлар кейинчалик арабларга ўтди. Вудд* Давматул Жандалдаги* Калбга тегишли эди. Сувў Ҳузайлники, Яғус эса Муродники, кейинчалик Сабонинг Жавфидаги Бану Ғутайфники бўлди. Аммо Яъуқ Хамадонники, Наср эса Ҳимярники, Зулкилўники эди. (Булар) Нуҳ қавмидаги солиҳ кишиларнинг исмлари бўлиб, вафот этишгач, шайтон уларнинг қавмларига «Улар ўтирган жойларга тимсоллар тиклаб, ўшаларнинг номлари билан номланглар», деб васваса қилди. Улар шундай қилишди. Аммо уларга ибодат қилинмади. Ниҳоят, анавилар ҳалок бўлиб, илм йўқолгач, уларга ибодат қилинди».

* Вудд – машҳурроғи Вадд. Сувў, Яғус, Яъуқ ва Наср – Нуҳ алайҳиссаломнинг қавми ибодат қилган бутларнинг исмлари. Барчаси Нуҳ сурасида зикр қилинган. Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо мазкур бутларнинг қайси қабилаларга тегишли бўлгани, қайси қабилалар уларни ўзларига илоҳ тутиб олгани ҳақида айтмоқда.
* Давматул Жандал – Дувматул Жандал ҳам дейилади. Ҳозирги Саудия Арабистонининг шимолида жойлашган қадимий шаҳар. Маккаи Мукаррамадан тахминан 1220 км узоқликда. (“Олтин силсила” китобидан Саҳиҳул Бухорий). Валлоҳу аълам!

6 Май 2022, 05:08 | Савол-жавоблар | 138 | Турли саволлар
|
Boshqa savol-javoblar