Савдода уриб қолиш

Ассалому алайкум! Ҳурматли устозлар масжидимиз имоми тижорат мавзусида, “Тарозидан уриб қолиш, литр, метр, килодан уриб қолиш гуноҳ” дедилар. Қиёмат куни ҳар бир грамм, см, метр учун жавоб беради дедилар. Энди биз тадбиркорлик билан шуғулланамиз. Бизнинг таварларни ишлаб чиқарувчилар бор. Улар бизга чопон ишлаб чиқариб беришади. Ўша чопоннинг ёққасига ўлчамлари ёзилган бўлади. Яъни, 1метр 45 см. 1.40 см хар ҳил ўлчамда. Бизга масалан мана шу 1метр 45 смлик чопон деб беришади. Чопонни ёққасига ҳам 145 ёзилган бўлади, бизлар уни оладиган ҳаридорга кийдирамиз. У кичиклик қилади. Олиб ўзимиз метр билан ўлчаганимизда 145 см эмас, балки 140-138 чиқади. Ёзилгандан анча калта ёки кичкина бўлади. Қолган ўлчамлари ҳам шунақа чиқади. 125смлик 120 см чиқади ўлчаганда. Эътироз билдириб айтганимизда, тикканлик учун кетади дейди. Лекин тикканда унчамас 2-3см кетади. Авваллари чиқарётган нарасалари тўғри ўлчами билан чиқарди, ҳозир эса ундаймас. Бизнинг ҳаққимизга олаётган хиёнат қилаётган бўладими? Агар шундай бўлса, бизлар унда ўша одамга нима дейишимиз керак? Иложи бўлса шу мавзуда ҳадислар бўлса келтирсангизлар
«Зикр аҳлидан сўранг» ҳайъати:
– Ва алайкум ассалом! Ундайларни оқибати аянчли бўлади. Аллоҳ таоло "Мутоффифиин" сурасида марҳамат қилади:  وَيْلٌ لِّلْمُطَفِّفِينَ۝ 1. Вайл бўлсин ўлчовдан уриб қолувчиларга.
«Вайл» сўзининг икки хил маъноси бор, бири «Вой бўлсин», иккинчиси эса дўзахнинг номларидан бири «Вайл», яъни «Ўлчовдан уриб қолувчиларга Вайл дўзахи бўлсин» деганидир.
Бизнингча, икки маъно бир-бирини тўлдириб келади: «Вайл»га тушган одамнинг ҳолига вой бўлади, ҳолига вой бўлган одам «Вайл»га тушади.
Демак, Ислом ўзининг дастлабки кунларидан бошлабоқ, бировнинг ҳаққини ҳаромдан ейишга қарши қаттиқ уруш очган. У ўлчовдан оз-оз уриб қолувчиларнинг ҳам дўзахга тушиб, ҳоли вой бўлишини эълон қилган. Қуръони Карим бу масалани ушбу сураи каримадан бошқа сураларда ҳам кўтарган. Хусусан, Шуаъйб алайҳиссалом қиссасида у зотнинг қавмларининг энг катта айби ўлчовда бировнинг ҳақидан уриб қолиш экани такрор-такрор таъкидланган. Ҳар сафар шу ҳақда сўз кетганда, Аллоҳ таоло ўша қавмни мазкур айби учун ҳалок қилгани ҳам такрорланган.
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам эса ўз ҳадиси шарифларида ояти карималарнинг маъноларини таъкидлаганлар. Жумладан, имом Ҳоким ва Тобароний Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ўлчовдан уриб қолмаслар. Набототдан ман қилинурлар ва қаҳатчилик ила тутилурлар», – деганлар. Бу «Ўлчовда бировнинг ҳақидан уриб қолиш билан машғул бўлган қавмнинг юртидан барака кўтарилиб, очарчиликка дучор бўлурлар» деганидир.
Биринчи оятда ўлчовдан уриб қолувчиларга бериладиган жазо эълон қилиб бўлинганидан сўнг, энди келадиган оятларда улар мазкур қабиҳ ишни қандай шаклда олиб боришлари васф қилинади. الَّذِينَ إِذَا اكْتَالُواْ عَلَى النَّاسِ يَسْتَوْفُونَ۝  وَإِذَا كَالُوهُمْ أَو وَّزَنُوهُمْ يُخْسِرُونَ۝ 2. Улар одамлардан нарса ўлчаб олсалар, тўлиқ оларлар.
3. Ва агар одамларга ўлчаб ёки тортиб берсалар, камайтирарлар.
Ҳа, ўлчовда уриб қолувчилар асосан олибсотар савдогарлар бўладилар. Улар савдогарликларини ҳалоллик, поклик билан қилсалар, энг баракали касбни қилган бўлар эдилар, кўп фойда топар эдилар. Аммо улар очкўз, ебтўймас шахсларга айланиб қолганлар. Шунинг учун савдодан тушган фойдани еб, тўймасдан, ўлчовдан ҳам уриб қолиб – ялаб тўймоқчи бўладилар.
Улар кишилардан нарса ўлчаб олаётганларида заррача ҳам камайтирмасдан, иложи бўлса, бир оз ортиғи билан ўлчаб олишга уринадилар. Ўзлари бировга ўлчаб ёки тортиб берганларида эса камайтириб берадилар. Ана ўшалар шу йўл билан фойда кўрмоқчи бўладилар. Кишиларга сездирмай, осон йўл билан молу мулк касб қилмоқчи бўладилар. Эҳтимол, улар бу беш кунлик дунёда қўлга тушмай, қилган жиноятларининг жазосини тортмай, қутулиб кетарлар. Аммо... أَلَا يَظُنُّ أُولَئِكَ أَنَّهُم مَّبْعُوثُونَ۝ 4. Ана шулар албатта қайта тирилтирилишларини ўйламайдиларми?
Қайта тирилтирилганларида ҳам... لِيَوْمٍ عَظِيمٍ۝ 5. Буюк бир Кунда.
Қайта тирилтирилурлар. يَوْمَ يَقُومُ النَّاسُ لِرَبِّ الْعَالَمِينَ۝ 6. У Кунда одамлар оламлар Робби ҳузурида тик турарлар. ("Тафсири Ҳилол" китобидан).  Валлоҳу аълам!

7 Май 2022, 02:04 | Савол-жавоблар | 166 | Молия ва тижорат
|
Boshqa savol-javoblar