Заргарликдаги хийла

Ассалому алайкум! Бир танишим заргарлик қилади. Оптом тарқатади, тилла сотиб олаётганда тиллани ўзини грамга ўлчаб пулини беради. Уни эритиб бошқа ясаб сотаётганда эса кўзи билан тарозига қўйиб сотади. Лекин бир томони бор, битта тиллани 260дан олса, ясаб яна 260дан сотади, лекин узукдаги қўйилган кўз тиллани грами билан бир нархда сотилади Шу ҳалолга кирадими? Мисол битта комплект узугини ҳисоблаб кўрсатаман, у ясаган узукни грами 9.35 грамм. Уни 260дан ҳисобласак 2.430 минг. Агар кўзларини олиб нархини чақарсак 1.830 минг бўлади. Яъни кўзини қўйиб ясаса унга 600 минг фойда. Бир кунда 2 комплект ясайди. Илтимос шу ҳалол ёки ҳаромлигини билишда ёрдам берсангизлар?
«Зикр аҳлидан сўранг» ҳайъати:
– Ва алайкум ассалом! Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам “Ким макр қилса биздан эмас” деганлар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу дунёнинг ўзидаёқ ундай инсондан юз ўгирсалар, қиёмат бўлганида ҳамма у зотнинг шафоатига муҳтож бўлиб турганида юз ўгиришларини тасаввур қилаверинг. Ёлғон гапирмасдан ростини айтиб сотсин. Аллоҳ таоло "Мутоффифун" сурасида марҳамат қилади:  وَيْلٌ لِّلْمُطَفِّفِينَ۝ 1. Вайл бўлсин ўлчовдан уриб қолувчиларга.
«Вайл» сўзининг икки хил маъноси бор, бири «Вой бўлсин», иккинчиси эса дўзахнинг номларидан бири «Вайл», яъни «Ўлчовдан уриб қолувчиларга Вайл дўзахи бўлсин» деганидир.
Бизнингча, икки маъно бир-бирини тўлдириб келади: «Вайл»га тушган одамнинг ҳолига вой бўлади, ҳолига вой бўлган одам «Вайл»га тушади.
Демак, Ислом ўзининг дастлабки кунларидан бошлабоқ, бировнинг ҳаққини ҳаромдан ейишга қарши қаттиқ уруш очган. У ўлчовдан оз-оз уриб қолувчиларнинг ҳам дўзахга тушиб, ҳоли вой бўлишини эълон қилган. Қуръони Карим бу масалани ушбу сураи каримадан бошқа сураларда ҳам кўтарган. Хусусан, Шуаъйб алайҳиссалом қиссасида у зотнинг қавмларининг энг катта айби ўлчовда бировнинг ҳақидан уриб қолиш экани такрор-такрор таъкидланган. Ҳар сафар шу ҳақда сўз кетганда, Аллоҳ таоло ўша қавмни мазкур айби учун ҳалок қилгани ҳам такрорланган.
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам эса ўз ҳадиси шарифларида ояти карималарнинг маъноларини таъкидлаганлар. Жумладан, имом Ҳоким ва Тобароний Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ўлчовдан уриб қолмаслар. Набототдан ман қилинурлар ва қаҳатчилик ила тутилурлар», – деганлар. Бу «Ўлчовда бировнинг ҳақидан уриб қолиш билан машғул бўлган қавмнинг юртидан барака кўтарилиб, очарчиликка дучор бўлурлар» деганидир.
Биринчи оятда ўлчовдан уриб қолувчиларга бериладиган жазо эълон қилиб бўлинганидан сўнг, энди келадиган оятларда улар мазкур қабиҳ ишни қандай шаклда олиб боришлари васф қилинади.  الَّذِينَ إِذَا اكْتَالُواْ عَلَى النَّاسِ يَسْتَوْفُونَ۝ وَإِذَا كَالُوهُمْ أَو وَّزَنُوهُمْ يُخْسِرُونَ۝ 2. Улар одамлардан нарса ўлчаб олсалар, тўлиқ оларлар.
3. Ва агар одамларга ўлчаб ёки тортиб берсалар, камайтирарлар.
Ҳа, ўлчовда уриб қолувчилар асосан олибсотар савдогарлар бўладилар. Улар савдогарликларини ҳалоллик, поклик билан қилсалар, энг баракали касбни қилган бўлар эдилар, кўп фойда топар эдилар. Аммо улар очкўз, ебтўймас шахсларга айланиб қолганлар. Шунинг учун савдодан тушган фойдани еб, тўймасдан, ўлчовдан ҳам уриб қолиб – ялаб тўймоқчи бўладилар.
Улар кишилардан нарса ўлчаб олаётганларида заррача ҳам камайтирмасдан, иложи бўлса, бир оз ортиғи билан ўлчаб олишга уринадилар. Ўзлари бировга ўлчаб ёки тортиб берганларида эса камайтириб берадилар. Ана ўшалар шу йўл билан фойда кўрмоқчи бўладилар. Кишиларга сездирмай, осон йўл билан молу мулк касб қилмоқчи бўладилар. Эҳтимол, улар бу беш кунлик дунёда қўлга тушмай, қилган жиноятларининг жазосини тортмай, қутулиб кетарлар. Аммо...  أَلَا يَظُنُّ أُولَئِكَ أَنَّهُم مَّبْعُوثُونَ۝ 4. Ана шулар албатта қайта тирилтирилишларини ўйламайдиларми? ("Тафсири Ҳилол" китобидан). Валлоҳу аълам!

7 Май 2022, 09:33 | Савол-жавоблар | 147 | Ҳалол ва ҳаром
|
Boshqa savol-javoblar