Товуни сўйиб қайноқ сувга солиш

Ассалому алайкум!  Товуқни сўйиб патини юлмасдан туриб шундагича иссиқ сувга солиб кейин ичидаги аъзоларини олиб тозаласа, ўша гўшт харом бўладими? 
«Зикр аҳлидан сўранг» ҳайъати:
– Ва алайкум ассалом! Сўйилган ҳайвонни қайноқ сувга солишОдатда ҳаммамиз товуқни сўйганимиздан кейин унинг патлари осон юлиниши учун қайнаган сувга солишга ўрганганмиз. Хусусан, товуқ гўшти етиштирувчи фабрикаларда ҳам товуқлар сўйилганидан кейин патлари юлиниши учун қайнаган сувга солинади. Шу масала борасида баъзи бир уламоларимиз товуқни ичидаги ичак ва бошқа аъзолари олинмасидан олдин уни қайнаган сувга солинадиган бўлса, ичидаги нажосатлар гўштига тарқаб кетади – деганлар. قال في الفتح: إنها لا تطهر أبدا، لكن على قول أبي يوسف تطهر، والعلة- والله أعلم- تشربها النجاسة بواسطة الغليان “Дуррул Мухтор” китобида : Шунингдек ҳеч қачон пок бўлмайдиган нарсалар сирасига қорнини ёриб, ичидаги нажосатларини чиқариб олмасдан патларини юлиш учун қайнаб турган сувга солинган товуқдир. Аллома ибни Обидин “Фатҳ” китобида  шундай деганлар : бундай қилинган товуқ абадий пок бўлмайди. Лекин Абу Юсуф(р.а)нинг қавлларига биноан (ўша товуқни сувга солиб уч бора токи суви қайнаб тугагунча каби амалиёт ила) пок бўлади – деганлар. Абадий покланмаслигига сабаб, ВаллоҳуАълам гўшт қайноқ сувда нажосатни шимиб олишидир.
Баъзи бир фиқҳий китобларда осмонда учиб кетаётган қушни камон билан уриб туширилганида қайнаб турган шўрвага тушса, шўрва пок қоладими, қушнинг гўштичи? – дейилган саволга, қушнинг баданидаги нажосатлар эвазига шўрва нопок бўлади. Қушнинг гўштига келсак, шўрва агар қайнаб турган ҳолатида бўлса қушнинг ичидаги нажосат гўштига тарқаб кетганлиги туфайли қушнинг гўшти ҳам ҳаром бўлади – дейилган. Шунинг учун, товуқ гўштини ҳам қайноқ сувга солишда икки нарсага эътибор бериш керак.
1-сув қайнаш даражасига етмаслиги керак. Соҳа мутахассислари сувни 100˚С иссиқликда қайнайди дейишган. Шунинг учун, сув ўша даражага етмаслиги керак. Баъзи маълумотларга кўра сув денгиз сатҳидан ўртача бўлган баландликда 100˚С-да, тоғли худудларда эса 70˚С-да қайнар экан.
2-гўштни қайноқ сувда ичидаги нажосат тарқамайдиган вақтгача туришлиги. Яъни, нажосат гўштга тарқайдиган вақтгача қайноқ сувда турмаса, гўшт ҳаром бўлмайди. Аллома ибни Обидин “Роддул Мухтор” китобида Мисрдаги “Самит(устидан қайноқ сув қуйилиб туки юлинган ҳайвон, парандалар) гўшти” ҳақида гапириб, وعليه اشتهر أن اللحم السميط بمصر نجس، لكن العلة المذكورة لا تثبت ما لم يمكث اللحم بعد الغليان زمانا يقع في مثله التشرب والدخول في باطن اللحم، وكل منهما غير متحقق في السميط حيث لا يصل إلى حد الغليان، ولا يترك فيه إلا مقدار ما تصل الحرارة إلى ظاهر الجلد لتنحل مسام الصوف، بل لو ترك يمنع انقلاع الشعر"  У гўшт Мисрда нажосат деб машҳур бўлиб кетган. Лекин, юқоридаги сабабга кўра, гўшт қайноқ сувда нажосат ичига сингиб кетадиган вақтгача турмаса гўшт нажосат бўлмайди. Нажосат гўштга тарқаб кетиши самит гўштида топилмайди. Чунки, у солинаётган сув қайнаш даражасига етмайди ва у юнгни осон юлиниши учун терининг юза қисмигагина таъсир қиладиган даражада сувда туради холос. Агар у сувга солинмаса юнги юлинмайди – деганлар.
Шунинг учун агар товуқ узоқ муддат сувда турадиган бўлса, қайноқ сувга солинмасин. Агар қайнашга яқин сувга солинадиган бўлса ичидаги нажосат гўштига тарқаб кетадиган вақтгача узоқ турмасин. Агар иккисини ҳам иложи бўлмаса, товуқни орқа томонидан ичидаги нажосат, ичак ва қоринларини олиб ташласин.
Баъзи бир жойларда қўйнинг терисини ҳаммасини озроқ ёғи билан шилиб, сўнг уни иссиқ сувга солинади ва уни жунини қириб ташлаб ичига гўшт ўраб пиширилади. Бунда ҳам агар сув қайнаш даражасида бўлса, ҳамда юнглари орасидаги нажосатлар теридаги ёғ ва гўштга шимиб кетиш миқдорича турса гўшт нажосат бўлади ва истеъмолга ярамайди. Шунинг учун аввало сув қайнаш даражасига етказмаслиги керак. Агар қайноқ сув қуйилса, нажосат ёғ ва гўштга тарқайдиган вақтгача турмаслиги керак. Шунингдек қўй, молларнинг қорин ва ичакларини тозаловчилар қоринни ичидаги нажосатларини тўкиб ювишади. Сўнгра қозонда қайнаб турган сувга солиб ивитиб, иссиқ-иссиқ ҳолида олиб ичидагиларни қиради. Агар қорин совуб қолса, яна қозонга солиб ивитиб олиб яна қиради. Бу ҳолатда ҳам қориннинг ичи ва ташидаги нажосат қолмаганлигига эътибор бериш керак. Акс ҳолда қайноқ сувга солинганлиги, нажосат бўлса уни шимиб олиш даражасида турадиган бўлса у ичак ва қоринлар ҳам нажосатга айланади. Валлоҳу аълам!

7 Май 2022, 11:11 | Савол-жавоблар | 146 | Турли саволлар
|
Boshqa savol-javoblar