Қорамолдан закот

Ассалому алайкум! Менинг 35 бош соғин сигирларим бор. Улардан чиққан фойдага ўзимни ва қарамоғимдаги инсонларни эхтиёжи учун ишлатаман. Мен шу ҳайвонлардан закот беришим керакми? 
«Зикр аҳлидан сўранг» ҳайъати:
– Ва алайкум ассалом!    Қорамол закоти Қорамолда: ўттизтада бир ёшли эркак ёки урғочи бузоқ. Қирқтада икки ёшли эркак ёки урғочи бузоқ. Қирқдан зиёда бўлганда то олтмиштагача ҳисобланади. Сўнгра ҳар ўттизтада бир ёшли эркак бузоқ. Ҳар қирқтада икки ёшли урғочи бузоқ.Ушбу жумлалардан фақат биттаси шарҳга муҳтож. У ҳам бўлса, «Қирқдан зиёда бўлганда то олтмиштагача ҳисобланади» жумласидир.Бунда қирқтадан то олтмиштагача зиёда бўлган қорамолнинг зиёдасидан ҳисоблаб, закот берилиши ҳақида сўз бормоқда. Битта зиёда бўлса, икки ёшли урғочи бузоқ қийматининг ўндан бирининг тўртдан бири, яъни қирқдан бири берилади. Иккита зиёда бўлса, икки ёшли урғочи бузоқ қийматининг ўндан бирининг ярми, яъни йигирмадан бири берилади ва ҳоказо. Уламоларимиз бу ҳукмларни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларидан олганлар. Ана шундай ҳадислардан иккитасини мисол тариқасида келтирамиз.عَنْ مُعَاذٍ رَضِي اللهُ عَنْهُ قَالَ: بَعَثَنِي النَّبِيُّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ  إِلَى الْيَمَنِ، فَأَمَرَنِي أَنْ آخُذَ مِنْ كُلِّ ثَلَاثِينَ بَقَرَةً تَبِيعًا أَوْ تَبِيعَةً، وَمِنْ كُلِّ أَرْبَعِينَ مُسِنَّةً. رَوَاهُ أَصْحَابُ السُّنَنِ وَالْحَاكِمُ وَصَحَّحَهُ Муъоз розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам мени Яманга юбордилар ва ҳар ўттизта қорамолдан битта эркак ёки урғочи бир ёшли бузоқ олишимни ва ҳар қирқтадан бир дона икки ёшли урғочи бузоқ олишимни амр қилдилар».«Сунан» эгалари ривоят қилишган, Ҳоким саҳиҳ деган.  وَعَنْهُ قَالَ: أَمَرَنِي صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ  أَنْ لَا آخُذَ مِنَ الْبَقَرِ شَيْئًا حَتَّى تَبْلُغَ ثَلَاثِينَ، فَإِذَا بَلَغَتْ ثَلَاثِينَ فَفِيهَا عِجْلٌ تَابِعٌ جَذَعٌ أَوْ جَذَعَةٌ حَتَّى تَبْلُغَ أَرْبَعِينَ، فَإِذَا بَلَغَتْ أَرْبَعِينَ فَفِيهَا بَقَرَةٌ مُسِنَّةٌ. رَوَاهُ النَّسَائِيُّ  Яна ўша кишидан ривоят қилинади:«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам менга қорамол ўттизтага етмагунча ҳеч нарса олмаслигимни амр қилдилар. Қачон ўттизтага етса, ундан бир дона онасига эргашиб юрган бир ёшли эркак ёки урғочи бузоқ. Бу то қирқтага етгунча. Агар унга етса, икки ёшли ғунажин».Насоий ривоят қилган.Муъоз ибн Жабал розияллоҳу анҳудан қилинаётган ушбу икки ривоятдан уламоларимиз қорамол закотига тегишли кўпгина ҳукмларни олишган. «Қорамол» деганда мол ва қўтос эътиборга олинишини унутиб қўймаслигимиз керак.Демак, қорамол ўттизтага етмагунча закот йўқ, чунки қорамолнинг нисоби ўттизта экан.Қорамол Закоти жадвали 
Қорамолнинг сони
Чиқариладиган закот
1 тадан 29 тагача
Закот йўқ.
30 тадан 39 тагача
Бир ёшли эркак ёки урғочи бузоқ.
40 тадан 59 тагача
Икки ёшли урғочи бузоқ.
60 тадан 69 тагача
2 та эркак ёки урғочи бир ёшли бузоқ.
70 тадан 79 тагача
1 та икки ёшли урғочи ва 1 та бир ёшли эркак бузоқ.
80 тадан 89 тагача
2 та икки ёшли урғочи бузоқ.
90 тадан 99 тагача
3 та бир ёшли бузоқ.
100 тадан
2 та бир ёшли, 1 та икки ёшли бузоқ ва ҳоказо.

8 Май 2022, 11:57 | Савол-жавоблар | 169 | Закот
|
Boshqa savol-javoblar