Ёлғон қасам ичиш

Ассалому алайкум! Аллоҳ номини тилга олиб Қурьон китобини қўлига олиб ёлғон қасам ичганнинг гуноҳи қандай?
«Зикр аҳлидан сўранг» ҳайъати:
– Ва алайкум ассалом! Бу ўта оғир гуноҳ. عَنْ عَبْدِ اللهِ رَضِي اللهُ عَنْهُ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: مَنْ حَلَفَ عَلَى يَمِينٍ كَاذِبَةٍ ليَقْتَطِعَ بِهَا مَالَ رَجُلٍ مُسْلِمٍ أَوْ قَالَ أَخِيهِ لَقِيَ اللهَ وَهُوَ عَلَيْهِ غَضْبَانُ، فَأَنْزَلَ اللهُ تَصْدِيقَهُ - إِنَّ الَّذِينَ يَشْتَرُونَ بِعَهْدِ اللّهِ وَأَيْمَانِهِمْ ثَمَنًا قَلِيلاً أُوْلَئِكَ لاَ خَلاَقَ لَهُمْ فِي الآخِرَةِ - إِلَى آخِرِ الْآيَةِ. رَوَاهُ الْخَمْسَةُ  Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Ким бир мусулмон одамнинг 
(ёки «ўз биродарининг» дедилар) молини кесиб олиш учун ёлғон қасам ичса, Аллоҳга йўлиққанида У зот ундан ғазабланган ҳолда бўлур. Бас, Аллоҳ ўшанинг тасдиғини «Албатта, Аллоҳнинг аҳдини ва ўз қасамларини озгина баҳога сотадиганлар – ана ўшаларга охиратда яхши насиба йўқдир», деб нозил қилди», дедилар».
Бешовлари ривоят қилганлар.
Шарҳ: Ушбу ҳадисда ровийнинг шакда бўлгани очиқ-ойдин кўриниб турибди. Ровий Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг «мусулмон одамнинг» ёки «биродарининг» деганларини аниқ ажрата олмай қолган. Шунинг учун омонатга хиёнат қилмаслик мақсадида икки лафзни ҳам келтирган.
Бировнинг молини ноҳақдан «Меники», деб даъво қилиб, сўнгра ботил даъвосини тасдиқлаш учун маҳкамада ёлғон қасам ичган одам қиёмат куни Аллоҳ таолога рўбарў бўлганида Аллоҳ азза ва жалла ўша одамдан ғазабланган ҳолда бўлар экан. Бундай ноқулай ҳолдан ҳар бандани Аллоҳ таолонинг Ўзи асрасин!
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ушбу маънони айтиб туриб, ўз сўзларининг тасдиғи учун «Албатта, Аллоҳнинг аҳдини ва ўз қасамларини озгина баҳога сотадиганлар – ана ўшаларга охиратда яхши насиба йўқдир», ояти каримасини тиловат қилдилар.
Бундан эса ноҳақдан бировнинг молини олиш учун ёлғон қасам ичишни Аллоҳ таоло «қасамни озгина баҳога сотиш» деб атаганини билиб оламиз. Ундай одамларнинг охиратда ҳеч қандай насибаси қолмас экан. Бу эса ўз навбатида ғамус қасамнинг ўз эгасини жаҳаннам оловига шўнғитишига яна бир ёрқин далилдир.عَنْ عِمْرَانَ بْنِ حُصَيْنٍ رَضِي اللهُ عَنْهُ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: مَنْ حَلَفَ عَلَى يَمِينٍ مَصْبُورَةٍ كَاذِبًا فَلْيَتَبَوَّأْ بِوَجْهِهِ مَقْعَدَهُ مِنَ النَّارِ. رَوَاهُ أَبُو دَاوُدَ Имрон ибн Ҳусойн розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Ким ёлғондан лозим қилувчи қасам ичса, ўзининг дўзахдаги ўриндиғига ўзи тайёрланаверсин», дедилар».
Абу Довуд ривоят қилган.
Шарҳ: Ҳадиси шарифдаги «лозим қилувчи қасам»дан мурод «бировни бирор ишга ёки маблағ тўлашга мажбур қилувчи» деганидир.
Бундай қасамлар одатда маҳкамада, қозининг ҳузурида ичилиб, ноҳақдан бир одамнинг молини тортиб олиш ёки унинг зиммасига зулм ила мажбурият юклашга сабаб бўлади. Аллоҳ таолодан қўрқмаган баъзи кишилар ўзларига шунга ўхшаш ишни раво кўрадилар. Бундай кимсалар бу дунёда бир оғиз ёлғон қасам ила беш кунлик ҳаётнинг арзимас матоҳига эришишлари мумкин, аммо охиратларини ўйламайдиларми?!
Ҳа, ҳар бир инсон ўз охиратини ўйлаб иш қилмоғи лозим. Агар мазкур ёлғон қасам ичувчилар ўз ишларининг оқибати нима бўлишини билмасалар, билиб қўйсинлар. Ушбу биз ўрганаётган ҳадиси шарифнинг маъносига қараганда, уларнинг оқибатлари жуда ёмон бўлади. Ундай ёлғон қасам ичиб юрган нобакорларга Қиёматда дўзах вожиб бўлади.
Ушбу ҳадисдан ёлғон қасам ичиб эришилган нарсанинг катта-кичиклигига қарамай, гуноҳкорга дўзах азоби бўлаверишини билиб оламиз. Чунки бунга ўхшаш ҳолатларда қатъий чора кўрилмаса бўлмайди.
Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, мусулмон инсон ёлғон қасам – ғамус қасамдан худди дўзахга тушишдан қўрққандек қўрқмоғи, унга умуман яқин йўламаслиги лозим. (“Ҳадис ва Ҳаёт” китобидан). Валлоҳу аълам!

9 Май 2022, 02:12 | Савол-жавоблар | 242 | Қуръони карим
|
Boshqa savol-javoblar