Намозга отанинг қаршилиги

Ассалому алайкум! Мен хозирда 14 ёшдаман. Намоз ўқишни 1 йилдан буён жудаям хохлайман, лекин ота-онам рухсат бермаябди. Яқинда онамни кўндирдим, лекин отам барибир фикридан қайтмади. Мен отамдан яшириб намоз ўқишни бошласам, гунохкор бўламанми? 
«Зикр аҳлидан сўранг» ҳайъати:
– Ва алайкум ассалом! Намоз ўқишни бошласангиз ота-онангизни азобдан қутқарган бўласиз. Чунки улар ўзи ўқимагани учун бир вайл, сизни ўқитмагани учун иккинчи вайлга сазовор бўлишмоқда. Кўрсатиб ўқишингиз шарт эмас. Намозни қолдирганлар жазоси учун айтилган оят бор.  Охиратнинг бир куни бу дунёнинг минг йилига тенг бўлиши ҳақида ҳам. فَوَيْلٌ لِّلْمُصَلِّينَ۝الَّذِينَ هُمْ عَن صَلَاتِهِمْ سَاهُونَ۝4. Бир «намозхонлар»га вайл бўлсинки…5. Улар намозларини унутувчилардир. Яъни намознинг маъноларини, ҳикматларини, инсоннинг виждонини поклашини, қалбда марҳамат-шафқатни қўзғашини унутганларнинг ҳолига вой! Жойи жаҳаннам!
Аллоҳ таоло «Анкабут» сурасининг 45-оятида: «…албатта, намоз фаҳш ва мункардан қайтарур», – деган. Ким намоз ўқиса-ю, ёмон ишлардан қайтмаса, у намозини унутганлар жамоатидан бўлади.
Ушбу оятларнинг маъноси ҳақида муфассирларимиз бир қанча таъвиллар айтганлар.
Абул Олия: «Булар намозни ўз вақтида ўқимайдиганлар, рукуъ ва саждаларини яхшилаб, батамом қилмайдиганлар», – деган.
Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу: «Бу шундай намозхонки, у ўзи ўқиган намозидан савоб умид қилмайди ва уни ўқимаса, иқобидан қўрқмайди», – деганлар.
Ибн Жарир Тобарий келтирган ривоятда Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан ушбу оят ҳақида сўралганда, «Улар намозни ўз вақтидан орқага сурадиганлар», – деганлар.
Муфассирларимиз ушбу жумладаги келишик қўшимчаларига ҳам алоҳида эътибор берганлар. Оятда «Ан солатиҳим сааҳуун» – «намозларини унутувчилар», дейилмоқда, «фии солатиҳим» – «намозларида» дейилмаяпти. Шундан оятда мунофиқлар ҳақида сўз кетаётгани келиб чиқади. Чунки мўмин киши ҳам намоз ичида баъзи нарсаларни унутиши мумкин. Лекин унутиш билан унутишнинг фарқи бор. Мунофиқнинг намозни унутиши ўқимаслик, унга эътиборсизлик қилиши ила бўлади. Мўмин эса намознинг ичида бирор нарсани унутиб, хатога йўл қўйса, саҳв саждаси қилиб, дарҳол тўғрилайди.
Аллоҳ таоло “Ҳаж” сурасида марҳамат қилади:وَيَسْتَعْجِلُونَكَ بِالْعَذَابِ وَلَن يُخْلِفَ اللَّهُ وَعْدَهُ وَإِنَّ يَوْمًا عِندَ رَبِّكَ كَأَلْفِ سَنَةٍ مِّمَّا تَعُدُّونَ۝47. Сендан азобнинг тезроқ келишини сўрарлар. Ҳолбуки, Аллоҳ ваъдасига зинҳор хилоф қилмас. Дарҳақиқат, Роббинг ҳузуридаги бир кун сиз санайдиган минг йилдекдир.  Валлоҳу аълам!

9 Май 2022, 03:40 | Савол-жавоблар | 145 | Намоз
|
Boshqa savol-javoblar