Кўз нури

Ассалому алайкум! 2020-йилнинг рўза ойида сахарлик вақтларида Шайх хазратларининг пайғамбарлар тарихидан маърузалари телевизор орқали эшиттирилди. Битта пайғамбарнинг кўзлари кўрмасдан қолиб кейин тузалганликлари хақида гапириб бергандилар. Шу пайғамбар хақида маълумот берсангиз илтимос.
«Зикр аҳлидан сўранг» ҳайъати:
– Ва алайкум ассалом! Аллоҳ таоло "Юсуф" сурасида марҳамат қилади:  فَلَمَّا أَن جَاء الْبَشِيرُ أَلْقَاهُ عَلَى وَجْهِهِ فَارْتَدَّ بَصِيرًا قَالَ أَلَمْ أَقُل لَّكُمْ إِنِّي أَعْلَمُ مِنَ اللّهِ مَا لاَ تَعْلَمُونَ۝ 96. Хушхабарчи келган чоғида, у(кўйлак)ни унинг юзига ташлаганида, яна кўрадиган бўлди. У: «Сизларга мен Аллоҳдан сизлар билмайдиган нарсани биламан, демаганмидим?!» – деди.
Ушбу ояти кариманинг сиёқидан Яъқуб алайҳиссаломнинг олдиларига карвондаги ўғиллардан олдин уларнинг хушхабарчиси етиб келган. Бирор кишини юбориб, «Сен олдинроқ бориб, отамизга хушхабарни етказ, бу кўйлакни бер, кўзлари очилса, ажаб эмас», – деган бўлсалар керак.
«Хушхабарчи келган чоғида, у(кўйлак)ни унинг юзига ташлаганида, яна кўрадиган бўлди».
Ўғиллар юборган хушхабарчи келиб, Яъқуб алайҳиссаломнинг юзларига кўйлакни ташлаган эди, Юсуф алайҳиссаломнинг ҳидлари урган кўйлак баҳона, Аллоҳнинг иродаси ила Яъқуб алайҳиссаломнинг кўзлари очилиб, қайтадан кўрадиган бўлдилар. Шунда олдиларида турганларга:
«У: «Сизларга мен Аллоҳдан сизлар билмайдиган нарсани биламан, демаганмидим?!» – деди».
«Сиз бўлсангиз, мени масхара қилиб, кулдингиз. «Сен эски адашувингдасан», дедингиз». ("Тафсири Ҳилол" китобидан). Валлоҳу аълам!

9 Май 2022, 09:08 | Савол-жавоблар | 136 | Табобат
|
Boshqa savol-javoblar