Қўшнилар қўйининг хидидан зарар етса

Ассалому алайкум! Қўшнимиз қўй боқади, қўй хиди уйимизга кириб ўтириб қолади, хатто намоз ўқиганимизда ҳам бир нохуш вазият бўпқовотти. Қўшничилик хурмати бир неча индами келяпмиз. Энди бир шуни қўшнимга этсам бўладими? Ёки бошқача ечими борми?
«Зикр аҳлидан сўранг» ҳайъати:
– Ва алайкум ассалом! Айтсангиз бўлади.  عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ قَالَ: لَا يُؤْمِنُ عَبْدٌ حَتَّى يَأْمَنَ جَارُهُ بَوَائِقَهُ  Абу Ҳурайрадан ривоят қилинади:
«Қўшниси унинг ёмонликларидан эмин бўлмаган киши (ҳақиқий) мўмин бўла олмайди».
Шарҳ: 
Демак, киши ҳақиқий мўмин бўлиши учун қўшнилари унинг ёмонликларидан эмин бўлишлари, ундан ёмонлик кўрмасликларига ишончлари комил бўлиши керак. Қўшнилари: «Қўшнимдан қўрқаман, хиёнат қилиб қўярмикан ёки бошқа бир ёмонлик қилармикан», деб юрадиган киши комил мўмин бўлиши қийин.  عَنِ الْحَسَنِ قَالَ: قَالَ نَبِيُّ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: الْمُؤْمِنُ مَنْ أَمِنَهُ النَّاسُ، أَلَا وَإِنَّ الْمُهَاجِرَ مَنْ هَجَرَ السُّوءَ، أَلَا إِنَّ الْمُسْلِمَ مَنْ سَلِمَ مِنْهُ جَارُهُ، وَالَّذِي نَفْسِي بِيَدِهِ، لَا يَدْخُلُ الْجَنَّةَ رَجُلٌ لَا يَأْمَنُ جَارُهُ بَوَائِقَهُ Ҳасандан ривоят қилинади:
«Аллоҳнинг Набийси соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Мўмин – одамлар ундан омонда бўлган кишидир. Билиб қўйингларки, муҳожир – ёмонликдан ҳижрат қилган кишидир. Билиб қўйингларки, мусулмон – қўшниси ундан саломат бўлган кишидир. Нафсим қўлида бўлган Зотга қасамки, ҳеч бир киши, агар қўшниси унинг ёмонлигидан омонда бўлмас экан, жаннатга кирмайди», дедилар».
Шарҳ: 
«Ислом», «мусулмон» сўзлари «саломатлик», «тинчлик» маъноларини ифода этади. Шунинг учун «мусулмон – ўзга одамлар, хусусан, қўшниси унинг ёмонликларидан тинч ва саломат бўлган шахсдир», дейилмоқда.
«Нафсим қўлида бўлган Зотга қасамки, ҳеч бир киши, агар қўшниси унинг ёмонлигидан омонда бўлмас экан, жаннатга кирмайди».
Ҳадисдан қўшнининг ҳақлари, қўшнига ёмонлик етказмаслик, балки унга яхшилик қилишнинг нақадар улуғ амаллар эканини билиб оламиз. Одамларга ёмонлик қилмаслик, зарар етказмаслик, уриб-сўкмаслик, жонига, молига, обрўсига футур етказмаслик – буларнинг барчаси иймон, Ислом, ҳижрат, яхшилик аломатлари экан.
Қўшниларига ёмонлик қилиб юрадиган, қўшнилари унинг ёмонлигидан қўрқиб турадиган одам жаннатга кирмас экан. Ушбу ҳадисдан қўни-қўшнилар билан муомалани яхшилаш, уларга озор бермаслик вожиблигини ўрганиб олар эканмиз.  عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِي اللهُ عَنْهُ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: مَنْ كَانَ يُؤْمِنُ بِاللهِ وَالْيَوْمِ الْآخِرِ فَلَا يُؤْذِ جَارَهُ، وَمَنْ كَانَ يُؤْمِنُ بِاللهِ وَالْيَوْمِ الْآخِرِ فَلْيَقُلْ خَيْرًا أَوْ لِيَسْكُتْ Абу Ҳурайрадан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Ким Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирган бўлса, қўшнисига озор бермасин.
Ким Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирган бўлса, яхшиликни гапирсин ёки жим турсин», дедилар».
Шарҳ: 
Қўшнига озор бермаслик Аллоҳ таолога ва қиёмат кунига иймон келтирган кишининг сифати, белгиси, аломатидир. Ким Аллоҳ таолога иймон келтирган бўлса, Қиёмат кунидан умидвор бўлса, қўшнисига озор бермасин.
Бу ва бунга ўхшаш жойларда Аллоҳ таолога ва қиёмат кунига иймонни зикр қилиш таъкидлаб айтилаётган ишларга тарғиб муболағали бўлиши учундир. Аллоҳга бўлган иймон доимо У Зотга муҳаббат ила итоат қилишга чорлайди. Охиратга бўлган иймон эса савоб ва азобни эслаб туришнинг асосидир. Кимнинг охиратга иймони бўлса, яхшилик қилади ва ёмонликдан қайтади.
Қўшнига яхшилик қилиш унинг ҳожати тушган ишларда ёрдам бериш ва ундан ёмонликларни даф қилиш ила бўлади. Унга озор бермайди ва эҳсон қилади. (“Яхшилик ва силаи раҳм” китобидан). Валлоҳу аълам!

10 Май 2022, 10:07 | Савол-жавоблар | 141 | Турли саволлар
|
Boshqa savol-javoblar