Икки ҳадис тўғрисида, қон ичиб қўйган саҳоба, жаннатга ҳисобсиз кирадиган 70000 киши

Ассалому алайкум! Устозлар Аллоҳ қилаётган солиҳ амалларизнгизни қабул қилсин, излаш ҳизматидан фойдаланиб топа олмадим агар қайта савол берилган болса узур ва эски савол иловасини ташасангиз ҳам оқиб оламан илтимос, Маъно жиҳатдан эсимда борини ёзаман, Росулуллоҳ бир идишда қонини бир саҳобага олиб бориб чеккага токиб ташла деганида у саҳоба оша идишдаги Пайғанбаримизни қонини ичиб қойган эканлар, кийин пайғанбаримиз сорасалар ичиб қойдим ё росулуллоҳ сизга дўзах ўти харом қилинган энди менга ҳам дўзах оти етмайдими деганида энди сенга Албатта етмайди деган маънода ҳадислари борми, бир кишига шундай ҳадис бор деганимда қон харомку ичиш мумкинмас деди, шу ҳадисга изоҳ берсангиз, агар иложи болса ўша ҳадисни матнини ҳам ташласангиз Аллоҳ рози болсин сизлардан мен учун матни ҳам қизиқ росулуллоҳни лабзларидан нима деганларини оқишни ёқтираман, 2. Жаннатга бе ҳисоб кирадиган 70000 мусулмон ичида бўлиш учун қанақа амал қилиш керак шуни ҳам айтиб юборинглар илтимос узтозлар,шу ҳадисни матнини ҳам ташласайиз устоз Росулуллоҳни лабзлари билан нима деганини оқишни яхши кораман, ўзларидан эшитгандай бўламан илтимос,
«Зикр аҳлидан сўранг» ҳайъати:
– Ва алайкум ассалом! 1. Бу ҳодиса Абдуллоҳ ибн Зубайр розияллоҳу анҳудан қилиган ривоятда, Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мавлолари Сафинадан ҳам ва бошқа ровийлардан ҳам ривоят қилинган бўлиб, уламолар қон нажосат бўлишига қарамай, бу ҳолат Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам хос бўлган ҳолатлардан бўлиб у зотнинг қонлари нажас ҳисобланмайди деганлар.2. Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:
«Бир куни Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам олдимизга чиқдилар-да:
«Менга умматлар кўрсатилди. Бир набий бир одам билан, яна бир набий икки одам билан, яна бир набий бир гуруҳ билан, яна бир набий у билан ҳеч ким йўқ ҳолда ўта бошладилар. Уфқни тўсган катта тўп одамларни кўрдим. Умматим шу бўлишини умид қилдим. «Бу Мусо ва унинг қавмидир», дейилди. Сўнгра менга «Назар сол», дейилди. Қарасам, уфқни тўсган катта тўп одамлар. Менга «Ундай қара, бундай қара», дейилди. Шу пайт катта тўп одамларни кўрдим. Шунда менга «Ана ўшалар сенинг умматингдир. Улар билан бирга етмиш минг жаннатга ҳисобсиз кирурлар», дейилди. Бас, одамлар тарқалиб кетдилар. У зот уларга баён қилиб бермадилар. Ке­йин Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобалари ўшани биргаликда ёдга олишди:

«Биз ширкда туғилдик. Лекин Аллоҳга ва Унинг Расулига иймон келтирдик. Аммо анавилар авлодларимиз бўлса керак», дейишди. Бу гап Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга етиб борди. Шунда у зот:
«Улар шумланмайдиганлар, дам солишни талаб қилмайдиганлар, тамға қиздириб босмайдиганлар ва Роббиларига таваккал қиладиганлар», дедилар.
Бас, Уккоша ибн Меҳсон ўрнидан туриб:
«Эй Аллоҳнинг Расули, мен ўшаларданми?» деди.
«Ҳа», дедилар. Шунда бошқа бир одам туриб:
«Мен ҳам ўшаларданми?» деди.
«Уккоша уни сендан илгари олволди», дедилар».
Икки шайх ва Термизий ривоят қилган.
Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Менинг умматимдан етмиш минги жаннатга ҳисобсиз кирурлар. Улар: дам солишни талаб қилмайдиганлар, шумланмайдиганлар, нарса қиздириб босмайдиганлар ва Роббиларига таваккал қиладиганлар», дедилар». 

Икки шайх ва Термизий ривоят қилганлар. Валлоҳу аълам!

11 Май 2022, 05:34 | Савол-жавоблар | 215 | Ҳадислар
|
Boshqa savol-javoblar