Намоздан сўнг қилинган дуо

Ассалому алайкум! Намоздан сўнг дуо қилинганда унинг савобларини ўтган жамики мўмин-мусулмонларга бағишланганда уларнинг барчасига ушбу савоб етиб бориши ҳақида хадис борми?
«Зикр аҳлидан сўранг» ҳайъати:
– Ва алайкум ассалом! Фарз намозларнинг савобини бағишлаш тўғрисида бирор бир далил йўқ. Нафл намозларни бағишлаш жоиз. Одатда намоздан кейин қилинган Қуръон тиловатининг савобини ўтганларга бағишланади. Ҳадисларда отасининг номидан ҳаж қилиш сўралганда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам жоиз деганлар. Ўзгалар томонидан қурбонлик қилишни ҳам ўзлари кўрсатиб берганлар. Садақаи жорийялар қилиб ўзи истаган кишилар номидан садақалар қилишга рухсат берганлар. Шу ва бу каби жуда кўп ривоятларга асосланиб уламоларимиз оят ва ҳадисларни ҳаммасини ўртага жамлаб, умумий бир қоида чиқарганлар. У қоида: инсон савобли амалларни бажариб, Аллоҳдан қабул қилишини сўраб, савобини ўтганларга бағишлаш мумкин деганлар. Қуръон тиловат қилиш ҳам савобли амаллардан. Валлоҳу аълам!

11 Май 2022, 22:13 | Савол-жавоблар | 156 | Намоз
|
Boshqa savol-javoblar