Эркаклар кийим дўкони

Ассаламу алайкум. Бу саволни бир дўстим номидан бермоқдаман: "Мени эркаклар кийим-кечаклари дўконим бор. У ерда қиз бола ишчим бор, кун бўйи бўлмасаям кўп вақтим дўконда ўтади. Алхамдулиллаҳ намоз ўқийман, ҳалол-харомни ажратаман. Оилалиман, тўртта фарзандим бор. Мен у қизни синглимдек кўраман, баъзида хазиллашиб кулишиб гаплашамиз, лекин ўртамизда бошқача нарса йўқ. Хозирда мени иккита савол қийнаяпти. 1) Мен дўконимга қиз бола ишчи олиб Пайғамбаримиз соллАллоҳу алайхи васалламнинг "иккита номахрам ёлғиз қолмасин, учинчилари шайтон бўлади" ҳадисларига зид иш қилаяпманми, чунки мижоз йўқ пайти иккимиз ёлғиз қоламиз? 2) У қиз масалан дўконга келган мижоз эркаклар билан савдо қилади, эркаклар ич кийимини хам сотади. Мен йўқ пайтим ёлғиз ўзи эркаклар билан савдо қилади, унга гап отишлари хам мумкин. Хуллас у қизнинг номахрамлар билан бунақа савдо қилиши, фақат эркаклар кирадиган дўконда ишлаши гунох бўлса бу менга хам гунох бўладими чунки уни бу ишга мен буюрганман? Илтимос жавобингиз менга жуда мухим, телеграм каналингизда кутиб қоламан.
«Зикр аҳлидан сўранг» ҳайъати:
– Ва алайкум ассалом! 1). Ҳадисга зид иш қиляпсиз. Бу ҳолатда ишлашингиз жоиз эмас. Шариатимизда ҳаром ҳам, ҳаромга олиб борадиган ишлар ҳам ҳаром қилинган. Номаҳрам қиз билан ёлғиз қолсангиз, ўша ҳадисга тушиб қоласиз ва ҳаром ишни қилган бўласиз.2). Асосий гуноҳ сизга бўлади. Шунинг учун ўрнига эркак кишини ишга олинг. Фақат эркаклар кирадиган дўконга қиз болани ишга олишингиз мантиққа ҳам тўғри келмайди. Валлоҳу аълам!

12 Май 2022, 18:56 | Савол-жавоблар | 189 | Ҳалол ва ҳаром
|
Boshqa savol-javoblar