Қабрни ён атрофини ўраб қўйиш

Ассалому алайкум! Биз укамни қабрини ён атрофини чиройли қилиб темир решотка билан ўраб қўймочимиз. Бу хукми қандай? Устидаги тупроқларинии яйратиб гуллар экмоқчимиз жоизми?
«Зикр аҳлидан сўранг» ҳайъати:
– Ва алайкум ассалом! Қабрга ортиқча сарф-харажат қилиш дуруст эмас. Бу исроф бўлади. Шунингдек қабристонни боғ, чаманзорга ўхшатмай ёки шахсий ҳовлига ўхшатиб ўраб қўймаслик керак. Қабристонга кирган одам охиратни эслаши керак. Мақсад ҳам шу. عَنْ سُلَيْمَانَ بْنِ بُرَيْدَةَ، عَنْ أَبِيهِ رَضِي اللهُ عَنْهُ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: قَدْ كُنْتُ نَهَيْتُكُمْ عَنْ زِيَارَةِ الْقُبُورِ فَقَدْ أُذِنَ لِمُحَمَّدٍ فِي زِيَارَةِ قَبْرِ أُمِّهِ فَزُورُوهَا، فَإِنَّهَا تُذَكِّرُ الْآخِرَةَ. رَوَاهُ الْخَمْسَةُ إِلَّا الْبُخَارِيَّ وَاللَّفْظُ لِلتِّرْمِذِيِّ.Сулаймон ибн Бурайда отасидан ривоят қилади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Сизни қабрларни зиёрат қилишдан қайтарган эдим. Батаҳқиқ, Муҳаммадга онасини зиёрат қилишга изн бўлди. Бас, у 
(қабр)ларни зиёрат қилинг. Чунки улар охиратни эслатади», дедилар».
Бешовларидан фақат Бухорий ривоят қилмаган. Лафз Термизийники.
Шарҳ: Жоҳилият даврида қабрларни улуғлаш, уларга сиғиниш авж олган эди. Аллоҳга ширк келтиришнинг кенг тарқалишига сабаб бўлган энг асосий омиллардан бири ҳам айнан қабрларга сиғиниш бўлган. Шунинг учун ҳам Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Исломнинг дастлабки даврида мусулмонларни қабрларни зиёрат қилишдан қайтарган эдилар.
Тавҳид ақийдаси кишилар онги ва қалбида мус­таҳкам жойлашиб бўлганидан кейин Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам қабрларни зиёрат қилишга изн бердилар. Нафақат изн бердилар, балки бу ишга амр қилдилар, тарғиб этдилар.
Ушбу ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам қабрларни зиёрат қилишнинг ҳикматларидан асосийсини эслатиб ўтмоқдалар. У ҳам бўлса, охиратни эслашдир. Охиратни эслаган одам эса дунёни қўйиб, кўпроқ охират ҳаракатини қилади.
Шунингдек, зиёратчининг дуосидан қабрда ётганлар ҳам фойда топадилар. (“Ҳадис ва Ҳаёт” китобидан). Валлоҳу аълам!

12 Май 2022, 21:16 | Савол-жавоблар | 150 | Турли саволлар
|
Boshqa savol-javoblar