Икки нарса қолдириб кетаяпман деган ҳадисми

Ассалому алайкум! Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мен сизларга Аллоҳнинг каломи ва ўзимнинг суннатимни қолдирияпман деган ҳадислари борми? Иложи бoлса шу ҳақида малумот берсангиз.
«Зикр аҳлидан сўранг» ҳайъати:
– Ва алайкум ассалом! Шундай ҳадис бор. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Имом Хоким “Мустадрак”ларида ривоят қилиб, саҳиҳ деганлар. Ибн Хазм ҳам саҳиҳ деганлар.
Қуръони Каримда ушбу маънолардаги оятлар ниҳоятда кўп. Уларнинг ҳаммаси ҳам Суннатнинг Ислом шариати учун иккинчи масдар эканлигига далолат қилади. Бу масалани Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари ҳам қайта-қайта таъкидлаганлар. У зоти бобаракот ўз ҳадисларидан бирида:
«Сизларга икки нарсани қолдирдим. Агар уларни маҳкам тутсангиз, ҳеч адашмайсиз. Булар Аллоҳнинг Китоби ва Менинг Суннатимдир», деганлар.
 Худди шу маънодаги жуда кўп ҳадисларда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг аввал Қуръонни, кейин Суннатни таъкидлашларидан Суннат шариат учун Қуръондан кейинги иккинчи масдар эканлиги тушунилади. Бу икки масдарни оятда келганидек мужтаҳид уламолар англаб улардан шариат ҳукмларини баён қилиб берадилар, бу ҳақида Фиқҳ, усулул фиқҳ китобларида батафсил маълумотлар бор. Валлоҳу аълам!

13 Май 2022, 09:48 | Савол-жавоблар | 137 | Ҳадислар
|
Boshqa savol-javoblar