Аллоҳ йўлида хизмат

Ассалому алайкум! Бир хамкасбимнинг шундай деяётганини эшитдим «Аллоҳ бизларни намоз ўкишимиз учун эмас, балки Аллоҳ бизлар ўз йўлида хизмат килишимиз, унга қулчилик қилишимиз учун яратган. Бизнинг асосий ва олий максадимиз Аллоҳ йўлида хизмат килиш. Агарда намоз ўқиш билан жаннатга кириб бўлганида сахобаларимиз бошларини саждадан кўтаришмасди, Қанчадан-қанча сахобаларимиз Аллоҳ йўлида хизмат қилаётиб жон беришган. Бир тасаввур қилиб кўринг, сизнинг фермангиз ва қулларингиз бор, қулларингиз бирор иш қилишмайдида лекин эрталабдан кечгача сизга сажда қилиб, сиздан ўз эхтиёжларини сўраб чиқишади, вахоланки молларингиз очликдан ўляпти. Қуллар сизга хизмат қилиши керак эмасми?». Хамкасбимнинг бу гаплари қанчалик тўгри? Ўзбек ахли илмларидан хам, интернет тармокларидан хам «Аллоҳ йўлида хизмат қилиш» мавзусида бирор мақола ёки маруза тополмадим. «Аллоҳ йўлида хизмат қилиш» кандай бўлади?
«Зикр аҳлидан сўранг» ҳайъати:
– Ва алайкум ассалом! Аллоҳ таоло инсониятни унга ибодат қилишлари учун яратган.
Ўша ҳамкасбингиз динни яхшилаб ўрганиб кейин гапирсин. Намоз балоғатга етган ҳар бир мусулмонга фарз (мажбурий)дир. Намознинг фарзлигини инкор қилган киши кофир бўлади. Намоз – Ислом динининг иккинчи рукни, калимаи шаҳодатдан кейинги энг улуғ фарз саналади. Намоздан муҳимроқ, ундан улуғроқ ва аҳамиятлироқ бошқа ибодат йўқ. Қуръони Каримнинг жуда кўп ўринларида инсонлар намоз ўқишга тарғиб қилинган, намоз мусулмонликнинг асосий белгиларидан, Исломнинг муҳим рукнларидан экани зикр этилган. Қуръони Каримнинг олтмиш беш оятида намоз киши иймонининг далили экани зикр этилиб, мўминлар намозни тўкис адо этишга, намозларини муҳофаза қилишга буюрилган.Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай марҳамат қилганлар:"إِنَّ أَوَّلَ مَا يُحَاسَبُ بِهِ الْعَبْدُ يَوْمَ الْقِيَامَةِ مِنْ عَمَلِهِ صَلاَتُهُ فَإِنْ صَلُحَتْ فَقَدْ أَفْلَحَ وَأَنْجَحَ وَإِنْ فَسَدَتْ فَقَدْ خَابَ وَخَسِرَ"...رَوَاهُ الإمامُ الدَّارِمِيُّ وَالإمامُ أَحْمَدُ яъни: “Қиёмат куни банда амаллари ичидан энг биринчи ҳисоб қилинадигани – унинг намозидир. Агар (намози) тўғри (адо этилган)бўлса, аниқ ютуққа эришибди, нажот топибди. Агар (намози) фосид бўлса, шубҳасиз, ноумид бўлибди, ютқазибди ...” (Имом Доримий, Имом Аҳмад ривоятлари). Валлоҳу аълам!

13 Май 2022, 10:32 | Савол-жавоблар | 152 | Ибодатлар
|
Boshqa savol-javoblar