Хасаддан қўрқяпман

Ассалому алайкум! Студентман, бўш вахтимда тортлар пишираман, пишириққа жуда қизиқаман. Яқин бир дугонам хам хар хил таомлар, тортлар пиширишга жуда уста, аммо у пиширган таомлар маникидан чиройлироқ бўлади, расмларини кўрганимда ичимдан ғалати хис ўтади, гўё ман хасад қилгандек бўламан, шунда хасад гунохлигини эслаб ўзимни чалғитаман, ўзим бундан жуда қаттиқ қўрқаман, хасад қилиб қўймай дейман, бунақа холатларда нима қилиш жоиз, хасад қилмаслик учун нима килиш керак.
«Зикр аҳлидан сўранг» ҳайъати:
– Ва алайкум ассалом! «Ва ҳасад қилган ҳасадчининг ёмонлигидан», деб айт». Фалақ сураси 5-оят.
Ҳасад бир шахснинг бировга етган яхшиликнинг йўқ бўлиб, ўзига ўтишини орзу қилишидир. Чунки ҳасад қилувчи бировга ёмонликни орзу қилади. Лекин «Фалончига етган яхшиликка ҳавас қилдим, Аллоҳ менга ҳам шу нарсани берсайди», деса, бу ҳасад эмас.
Аллоҳ таолога осмонда ҳам, ерда ҳам биринчи исён ҳасад туфайли содир бўлган. Иблис Одам Атога ҳасад қилди, унга Аллоҳ берган мартабани кўра олмади. Аллоҳнинг амрига бўйсунмади. Одам Атога сажда қилмади, осий бўлди. Натижада Аллоҳ таоло Иблисни жаннатдан ҳайдади ва қиёматгача унга Ўз лаънатини ёғдиради.
Ердаги исён Қобил Ҳобилга ҳасад қилгани туфайли содир бўлди. Чунки Аллоҳ Ҳобилнинг қурбонлигини қабул қилиб, Қобилникини қабул қилмаган эди.
Ҳасад ниҳоятда катта гуноҳ ва халойиқ бошига тушган улкан мусибатдир. Ҳасад жамиятнинг ва унинг ҳар бир аъзосининг бошига кулфат солади. Одамлар орасидаги душманликлар, келишмовчиликлар ва барча ёмонликлар ҳасад туфайли келиб чиқади. Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло Қуръонда бошқа ёмонликларни жамлаб айтса ҳам, ҳасаддан паноҳ сўрашни алоҳида зикр қиляпти. «Ҳадис ва ҳаёт» китобидан.
Ҳасад биринчи бўлиб ҳасадчига зарар беради, шунинг учун сиз ўзингизга ёққан нарсани кўрсангиз Маашаа Аллоҳ денг ва уни уддалаган инсон ҳақига яхши тилак айтинг, ўзингиз ҳам шундай яхши ишлар қилишга ҳаракат қилиб илм олинг. Валлоҳу аълам!

13 Май 2022, 12:32 | Савол-жавоблар | 166 | Турли саволлар
|
Boshqa savol-javoblar