Мен севган инсон!

Ассалому алайкум! Мен ҳозирда институтда корейс тили филологиясида ўқийман. Маълумингизки, бу тил ғайри динлар тили, дарслар мобайнида бизга бу халқнинг тили, маданият ва яна бошқа жихатлари ўргатилади. Алҳамдулиллаҳ, бизнинг динимизга, эътиқодимизга тўғри келмайдиган нарсаларни ажрата оламан. Яқинда имтиҳон топширадиган вақтларимиз келмоқда! Бизга, " Мен севган инсон" мавзусида иншо ёзиш топширилди, ўша пайт бу вазифа берилганда ҳаёлимга келган инсон Муҳаммад Мустафо соллалоҳу алайҳи вассалам бўлдилар. Албатта, иншони корейс тилида ёзаман, шу иншода Пайғамбаримиз алайҳиссалом ҳақларида ёзсам бўладими? Ўзи умуман корейс тилини ёки бошқа ғайри динлар тилини ўрганишим жоизми ва шу ҳақида хадислар борми? Ҳамда шу илмни ўрганишимда хадисда келганидек " ..илм талаба қилиш ҳар бир мўмин мусулмонга фарз.." шу хадисга амал қилган бўламанми?
«Зикр аҳлидан сўранг» ҳайъати:
– Ва алайкум ассалом! Макҳул Али розияллоҳу анҳудан ривоят қилишича, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Илм талаб қилиш ҳар бир муслим ва муслимага фарз», деганлар. Бу ҳадисдан мурод дин ишларида мухтож бўлган илмлар назарда тутилган.
Фақиҳ Абу Лайс Самарқандий (раҳимаҳуллоҳ) айтадилар: «Билгилки, ҳар бир муслим ва муслимага дин ишларида муҳтож бўладиган таҳорат, намоз ва шариатнинг бошқа ҳукмлари ҳамда ҳаётий ишларида зарур бўлган нарсаларни биладиган миқдорда илм ўрганиш фарздир. Бундан ошиқчаси фарзи айн (ҳар бир киши ўрганиши шарт) эмас, балки фазилатдир, уни тарк қилса ҳам, зиёни йўқ. хуллас, киши ўз муҳтож бўладиган нарсаларнинг илмини таҳсил қилиши фарз.
 "Жомеъ ат-Термизий"да келишича, Зайд ибн Собит розияллоҳу анҳудан ривоят қилади: "Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам менга сурёний тилини ўрганишни буюрдилар. Бир ривоятда: "Менга яҳудийлар китобини ўрганишимни буюрдилар", дейилган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Мен яҳудийларнинг котиблик қилишларига ишонмаяпман", дедилар. Шундан сўнг мен ярим ой ичида уларнинг тилини ўрганиб олдим. Яҳудийларга мактуб йўлланадиган бўлса, мен ёзардим. Улардан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга мактуб келса, уларнинг мактубини мен ўқиб берардим". Валлоҳу аълам!

13 Май 2022, 15:45 | Савол-жавоблар | 180 | Таълим ва мутаъаллим
|
Boshqa savol-javoblar