Ҳадис таржимаси

Ассалому алайкум! Манашу матнни шархлаб берсангиз. حَدَّثَنَا ابْنُ أَبِي عُمَرَ، قَالَ: حَدَّثَنَا سُفْيَانُ، عَنْ عَبْدِ الْمَلِكِ بْنِ عُمَيْرٍ، عَنْ عَبْدِ الرَّحْمَنِ بْنِ عَبْدِ اللَّهِ بْنِ مَسْعُودٍ يُحَدِّثُ عَنْ أَبِيهِ عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: «نَضَّرَ اللَّهُ امْرَأً سَمِعَ مَقَالَتِي فَوَعَاهَا وَحَفِظَهَا وَبَلَّغَهَا، فَرُبَّ حَامِلِ فِقْهٍ إِلَى مَنْ هُوَ أَفْقَهُ مِنْهُ، ثَلَاثٌ لَا يُغِلُّ عَلَيْهِنَّ قَلْبُ مُسْلِمٍ: إِخْلَاصُ الْعَمَلِ لِلَّهِ، وَمُنَاصَحَةُ أَئِمَّةِ الْمُسْلِمِينَ، وَلُزُومُ جَمَاعَتِهِمْ، فَإِنَّ الدَّعْوَةَ تُحِيطُ مِنْ وَرَائِهِمْ».
«Зикр аҳлидан сўранг» ҳайъати:
– Ва алайкум ассалом! Абдурроҳман ибн Абдуллоҳ ибн Масъуддан, у эса отасидан ривоят қилади: Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Менинг сўзимни эшитиб, уни англаган, ёдлаган ва бошқаларга етказган одамни Аллоҳ неъматлантирсин. Бас, баъзи илмни кўтариб юргувчилар уни ўзларидан кўра англовчироқ кишиларга етказади. Уч (хислат) борки у билан мусулмоннинг қалби хиёнаткор бўлмайди: холис Аллоҳ учун амал қилиш, мусулмонларнинг раҳбарларига насиҳатгўй бўлиш ва уларнинг жамоатини лозим тутиш. Чунки дуо уларни атрофларидан ўраб туради.”

Ушбу ҳадиси шарифда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз умматларини суннати набавияни ҳифз қилишга ва уни инсонларга етказишга қизиқтириш бор. Шунингдек, уламоларнинг фазилати баёни, мўминлар ўзаро насиҳатгўй бўлиши, жамоатни лозим тутишлик ва уларнинг раҳбарларига насиҳатгўй ва итоатли бўлишга чақириқ бор. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам мўмин киши эга бўлиши керак бўлган энг муҳим хислатлардан учтасини баён қилдилар. Ким ўша хислатларни ўзида мужассам қилса, унинг қалби покланади, хиёнат ва разолатдан йироқда бўлади, уни ҳақдан буриб юборувчи бирор нарса унга таъсир этмайди. Ўша хислатларнинг энг биринчиси ихлосдир. Ҳар бир амалидан якка Аллоҳнинг розилигини исташ, бандаларнинг назарини унутишдир. Иккинчиси мусулмонларнинг бошлиқларига, раҳбарларига самимий, насиҳатгўй бўлиш, уларга яхшиликни ирода қилиш, буйруқларига итоат этишдир. Учинчиси эса мусулмонлар жамоасидан ажрамаслик ва уларни лозим тутиш. Чунки улар билан бир тану бир жон бўлган ҳар бир мўмин уларнинг қилган умумий дуоси остига киради. Улардан ажраганлар эса бундан маҳрум бўлиши тайин.وَعَنهُ عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: نَضَّرَ اللهُ امْرَأً سَمِعَ مِنَّا شَيْئًا فَبَلَّغَهُ كَمَا سَمِعَ فَرُبَّ مُبَلَّغٍ أَوْعَى مِنْ سَامِعٍ. رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ وَأَبُو دَاوُدَ.Яна ўша кишидан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Биздан бир нарсани эшитиб, уни худди эшитганидек қилиб етказган одамни Аллоҳ неъматлантирсин. Бас, баъзи етказилган одам эшитувчидан кўра англовчироқдир», дедилар».

Термизий ва Абу Довуд ривоят ривоят қилганлар.
Шарҳ: Бу ҳадисни ҳам Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу ривоят қилмоқдалар.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларидан эшитилган илмни бошқаларга қандай эшитган бўлса, шундай етказишга тарғиб қилмоқдалар ва ортидан ана шу етказиш туфайли келадиган фойдалардан бирини эслатиб қўймоқдалар. Эшитганлар қандай эшитса, шундай қилиб етказиб қўйсалар, ўша етказилган одамлар ичидан ўша нарсани бевосита эшитган одамдан ҳам кўра чуқурроқ англаб етадиган кишилар етишиб чиқишини башорат қилмоқдалар.
Шунинг учун ҳам саҳобаи киромлар Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан қандай эшитсалар, шундай ривоят қилганлар. Ривоятда бирор нарсани ўзгартирмаганлар. Агар баъзи бир изоҳ учун айтилган қўшимча сўз ёки ҳаракатлар бўлса, уларни алоҳида айтиб, қўшимча эканлигини билдириб қўйганлар. Баъзи бир сўзларни аниқ эшита олмаган бўлсалар, ривоят давомида уни ҳам таъкидлаб кетганлар. Бу руҳ саҳобалардан кейинги авлод – тобеъинлар авлодига ҳам ўтган. Шундай қилиб, бу нарса авлоддан-авлодга ўтиб, китобларга битилиб, бизгача етиб келган.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларидан бир нарсани эшитиб, худди эшитгандек қилиб бошқаларга етказган одамни «Аллоҳ ёрлақасин!» деб дуо қилмоқдалар. Яъни, Аллоҳ унинг юзини ёруғ, кўринишини гўзал қилсин, демоқдалар. Бу сўзлари икки дунёимизга ҳам тегишлидир. Мусулмонлар Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларини оғизларидан чиққан ҳолида авлоддан-авлодга етказиб келаётганлари шу сабабдандир.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан эшитган нарсани бошқаларга худди эшитгандек қилиб етказиш ўта аҳамиятлидир. Чунки у зотдан эшитиладиган нарса Қуръон оятлари ёки ҳадис бўлади.
Қуръоннинг бир ҳарфини, ҳатто нуқтасини ўзгартириш улкан гуноҳ эканлиги ҳаммага маълум. Чунки у илоҳий дастур, унинг лафзи ҳам мўъжизадир. Агар Қуръонни бир нуқтаси бузилса, илоҳий дастур бузилади, ундан чиқариладиган ҳукм ўзгаради, унинг мўъжизалигига путур етади.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан эшитиладиган иккинчи нарса эса ҳадисдир. Ҳадис – Ислом шариатининг Қуръондан кейинги иккинчи масдари. Қуръон Аллоҳнинг каломи бўлса, ҳадис маъноси Аллоҳники, лафзи Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васалламники бўлган каломдир. Худди Қуръони Карим сингари, ҳадиси шарифдан ҳам шаръий ҳукмлар чиқарилади. Агар ҳадиснинг бирор ҳарфи ўзгариб қолса, мазкур нарсаларга путур етиши турган гап.
Иккинчидан, ҳадислардан жуда кенг маънолар, баъзи ҳолларда эса кейинчалик тўла кашф этиладиган маънолар ҳам чиқади. Агар ҳадис эшитилгандек ривоят қилинмаса ва эшитувчи шахс ўзи тушунган маънони ривоят қилса, унда ҳам путур етади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Баъзи етказиладиган одам эшитувчидан кўра англовчироқдир» деганларининг ҳикмати ҳам шунда!
Бир ҳадисни эшитган саҳобий уни ўз замони ва шароитига биноан тушунса, кейин етказилган одам ўз замони ва шароити, юз берган ўзгаришлар, илмий кашфиётлар асосида бошқача, кенгроқ тушуниши мумкин.
Айниқса ҳозирги кунимизга келиб, бу нарса жуда ҳам равшан кўзга кўринмоқда. Шу боис, ҳадиси шарифлардаги сир-асрорларни, мўъжизаларни ўрганиш бўйича алоҳида илмий текшириш ва тадқиқот ташкилотлари ҳам тузилган.
Шу билан бирга, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларида ўша вақт, ўша шароитда, ўша жамиятда бўлмаган нарсалар билан бир қаторда келажакда бўладиган нарсалар ҳам келган. Бу нарса ҳам ҳадисларни қандай эшитилган бўлса, шундайлигича ривоят қилишни тақозо этади. (Ҳадис ва ҳаёт китобидан). Валлоҳу аълам!

14 Май 2022, 02:03 | Савол-жавоблар | 165 | Ҳадислар
|
Boshqa savol-javoblar