Ўлган инсонни молини эхсон қилиш

Ассалому алайкум! Бир танишим Исро сурасида "Ўлганнинг молини учдан бирини эхсон қилинг" мазмунида оят бор яни шу оятдан далил олинган, инсон ўлган куни (Исқот-пули) малум миқдорда одамларга пул тарқатилади (биз томонда қадимдан шунақа) деди. Бу қанчалик тўғри, шу хақида билмоқчи эдик бу хақида яна қанақа диний хукум ахкомлар мавжуд. Қуръондаги бу оятни асли маноси ва тафсири хақида малумот берсангиз.
«Зикр аҳлидан сўранг» ҳайъати:
– Ва алайкум ассалом! Исро сурасида сиз айтаётган мазмунда оят мавжуд эмас.
Маййитдан қолган мероснинг тақсим қилинадиган, сарфланадиган ўз ўринлари мавжуд бўлиб, ундан бошқа жойга берилса, шариат асосида тақсимланган ҳисобланмайди. Уламолар мерос молига тааллуқли бўлган ҳақларни тўртта деб белгилаганлар:
1. Маййитни кафанлаш, тажҳиз(дафнга тайёрлаш) ва то дафн этилгунча бўладиган харажатларга меросдан исроф ёки ўта бахиллик қилмасдан сарфланади. Яъни, бунга маййитни ғусл қилдиришдан то охирги манзилига элтиб қўйилгунча бўлган ҳаражатлар киради. Бу маййитнинг аҳволига, эркак ёки аёллиги ва бой ёки камбағаллигига қараб бир-биридан фарқ қилади.
2. Кафанлаш ва тажҳиз (дафнга тайёрлаш)дан ортиб қолган барча меросдан маййитнинг бандалардан  бўлган қарзлари адо қилинади. «Меросдан бандалардан бўлган қарзларини адо этилади» деган сўз  бизнинг мазҳабимизга кўрадир. Бошқа уч мазҳабга кўра эса, бандалардан бўлган қарзи билан бирга Аллоҳнинг ҳаққи бўлган закот, ушр, назр каби қарзлари ҳам меросдан адо этилади.
Бизнинг (ҳанафийларнинг) ҳужжатимиз қуйидагичадир:
Закот, ушр, каффорат каби амалларни адо этиш ибодатдир. Маълумки, ибодатлар ўлим билан инсондан соқит бўлади. Зеро, ибодатни адо этишга ният ва ихтиёр лозим. Ният ва ихтиёр маййитдан содир бўлмайди. Закот, ушр каби ҳақлар ўлим билан инсондан соқит бўлсада, у буларни тарк этгани учун гуноҳкор ҳисобланиб, охиратда иқобга дучор бўлиши мумкин. Агар маййит тириклик вақтида олдин тарк қилган закот, ушр каби қарзлари меросдан адо этишни васият қилган бўлса, барча мазҳаблар иттифоқи билан бу васиятни ижро этилади.
3. Маййитнинг қарзлари адо этилгандан сўнг, қилган васиятларини мероснинг учдан бир қисми доирасида ижро қилинади. Яъни, кафанлаш ва дафн билан боғлиқ харажатлар ва қарзлардан ортган мероснинг учдан бир миқдорида васият адо қилинади. Агар маййитни васияти учдан бирдан кўпроқ бўлса, бунда ворисларнинг розилиги эътиборга олинади. Агар ворислар учдан бирдан ортиғига рози бўлсалар қолган қисмида ҳам васият амалга оширилади.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Саъд ибн Абу Ваққос молининг барчасини васият қиламан деганида, «Учдан бирга рухсат, лекин бу ҳам кўп. Сен ворисларингни бой ҳолда қолдиришинг, уларни камбағал қилиб, одамлардан сўрайдиган қилиб қолдиришингдан яхшироқдир» дедилар.
Яна бошқа ҳадисда: «Аллоҳ таоло сизларга амалларингизни зиёда қилиб олишларингиз учун вафот этаётган пайтингизда молингизни учдан бирини (эҳсон) садақа қилди» деганлар. Яъни, молингизни учдан бирини васият қилишингиз мумкин.
 4. Олдинги уч ҳақ адо қилингандан кейин қолган меросни маййитнинг ворислари орасида Қуръон, суннат ва ижмоъ кўрсатмаларига мувофиқ тақсим қилинади. Валлоҳу аълам!

14 Май 2022, 09:50 | Савол-жавоблар | 153 | Бошқа ибодатлар
|
Boshqa savol-javoblar