Намоз ичида ўзбекча дуо қилиш

Ассалому алайкум! Намозда ҳаёлим бошқа жойда кетиб саждадан қиёмга турганимда билмасдан намозда киришга ўзбекча дуони бошлаб юборибман(ўзимга эшитиладиган даражада). Эсимга тушгандан тўхтаб Фотиҳани айтиб давом эттириб кетдим. Намозим бузилдими?
«Зикр аҳлидан сўранг» ҳайъати:
– Ва алайкум ассалом! Намозингизни қазосини қайта ўқиб олинг. “Кифоя” китобидан қуйидагича келади: НАМОЗНИ БУЗУВЧИ НАРСАЛАР Намозни қуйидаги нарсалар бузади:
1. Мутлақ калом.

Намозда қасдданми, унутибми, билмасданми, хато тариқасидами ёки мажбуранми, гапирилса, у ботил бўлади. Бу нарса икки ҳарфни ёки фаҳмласа бўладиган бир ҳарфни нутқ қилиш билан бўлади.
Бу ҳукмнинг далили:عَنْ زَيْدِ بْنِ أَرْقَمَ رَضِي اللهُ عَنْهُ قَالَ كُنَّا نَتَكَلَّمُ فِي الصَّلَاةِ، يُكَلِّمُ الرَّجُلُ صَاحِبَهُ وَهُوَ إِلَى جَنْبِهِ فِي الصَّلَاةِ، حَتَّى نَزَلَتْ وَقُومُواْ لِلّهِ قَانِتِينَ بِالسُّكُوتِ، وَنُهِينَا عَنِ الْكَلَامِ رَوَاهُ الْخَمْسَةُ  Зайд ибн Арқам розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Намозда сўзлашаверар эдик. Киши намозда ёнидаги шеригига гапираверар эди. Ниҳоят «Аллоҳ учун тоат ила жим туринглар» ояти нозил бўлганда сукут сақлашга амр қилиндик, гапдан наҳий қилиндик».
Бешовлари ривоят қилишган.
2. Қасддан берилган салом ва унга алик олиш.
Қасддан салом бериш намозни бузишига далил:عَنْ عَبْدِ اللهِ رَضِي اللهُ عَنْهُ قَالَ كُنَّا نُسَلِّمُ عَلَى النَّبِيّ  صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ  وَهُوَ فِي الصَّلَاةِ فَيَرُدُّ عَلَيْنَا، فَلَمَّا رَجَعْنَا مِنْ عِنْدِ النَّجَاشِيِّ سَلَّمْنَا عَلَيْهِ فَلَمْ يَرُدَّ عَلَيْنَا، فَقُلْنَا يَا رَسُولَ اللهِ، كُنَّا نُسَلِّمُ عَلَيْكَ فَتَرُدُّ عَلَيْنَا فَقَالَ «إِنَّ فِي الصَّلَاةِ شُغْلًا» رَوَاهُ الشَّيْخَانِ وَلِمُسْلِمٍ وَأَبِي دَاوُدَ وَأَحْمَدَ «إِنَّ هَذِهِ الصَّلَاةَ لَا يَحِلُّ فِيهَا شَيْءٌ مِنْ كَلَامِ النَّاسِ، إِنَّمَا هُوَ التَّسْبِيحُ وَالتَّكْبِيرُ وَقِرَاءَةُ الْقُرْآنِ  Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам намоздалик чоғларида у зотга салом берар эдик, у зот алик олар эдилар. Нажошийнинг ҳузуридан қайтгач, у зотга салом берсак, алик олмадилар. Шунда биз:
«Эй Аллоҳнинг Расули, сизга салом берсак, алик олардингиз?» дедик. У зот:
«Албатта, намозда машғуллик бор», дедилар».
Икки шайх ривоят қилишган.
Муслим, Абу Довуд ва Аҳмад келтирган ривоятда:
«Албатта, бу намозда одамларнинг каломидан ҳеч нарса мумкин эмас. У фақат тасбеҳ, такбир ва Қуръон қироатидан иборатдир», дейилган.
Ноқасддан бировга салом бериш намозни бузмайди, чунки салом хитобни ўз ичига олган зикрдир. Бас, у қасддан бўлганда одамларга хитоблиги эътиборга олинади ва намоз бузилади. Ноқасддан бўлган ҳолатда эса зикрлиги эътиборга олинади ва намоз бузилмайди. Саломнинг зикрлиги ташаҳҳудда ўқилишидир.
Аммо алик олганда қасддан бўлса ҳам, ноқасддан бўлса ҳам, намоз бузилади. Чунки аликнинг лафзи намознинг зикрида йўқ.
3. Инграш ва шунга ўхшаш овозли нарсалар.
Оҳ уриш ва уф тортишга ўхшаш нарсалар ҳам икки ҳарфдан иборат бўлса, намозни бузади. Бу нарсалар беморлик, дунё иши учун бўлса, намоз бузилади. Аммо охират учун бўлса, бузилмайди. Бемор ўзини тутиб тура олмаса ҳам бузилмайди.  Валлоҳу аълам!

25 Май 2022, 15:52 | Савол-жавоблар | 156 | Намоз
|
Boshqa savol-javoblar