Лимфостаз дардим бор қазоларимни ўқиш

Ассалому алайкум! Алҳамдулиллаҳ ибодатга ўтганимга кўп бўлмади. 14 йиллик қазо номозарим бор. Оёғимга 2-лимфостаз (фил оёқ) ташхиси қўйилган. Битта оёғим шишиб 2 хил бўлиб қолган. Кўп турсам оёғим оғриб чарчаб қиламан. Устоз қазо номозларим 1 кунлиги 20 ракатдан тўғри келар экан. Қазо номозларимни ўтириб ўқисам бўладими. Аллоҳ билгувчи яширмайман уй рўзғор яна 2 та мактабда ишлайман қазо номозига келганда анча чарчаб оғриниб қолябман. Малол келмасдан ўқиш учун ўтириб ўқисам бўладими ёки гунохкор бўлиб қоламанми. 2- саволим: Устоз оёғимни дардини шифоси йўқ деб эшитдим. Борган сари оёқ катталашиб борар экан. Қандай дуолар ёки амаллар қилишимни маслахат берасиз?
«Зикр аҳлидан сўранг» ҳайъати:
– Ва алайкум ассалом! Сиз қазо намозларини бирданига ўқиманг. Ҳар намоздан кейин ўша намознинг қазосини фарзини қўшиб қўйсангиз енгил бўлади. Сиз қуйидаги дуони ўқиб оёғингизга дам ураверинг. عَنْ عَائِشَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهَا قَالَتْ: كَانَ النَّبِيُّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ يُعَوِّذُ بَعْضَ أَهْلِهِ يَمْسَحُ بِيَدِهِ الْيُمْنَى وَيَقُولُ: اللَّهُمَّ رَبَّ النَّاسِ اذْهِبِ الْبأْسَ واشْفِ أَنْتَ الشَّافِي لَا شِفَاءَ إِلَّا شِفَاؤُكَ شِفَاءً لَا يُغَادِرُ سَقَمًا. رَوَاهُ الشَّيْخَانِ  Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз аҳлларидан баъзиларга паноҳ тилаганларида ўнг қўллари ила силаб:
«Аллоҳумма! Роббан-нааси! Изҳибил баъса. Ишфи. Анташ-шаафии. Лаа шифаъа иллаа шифааука. Шифаан лаа юғодиру сақман», дер эдилар».
Икки шайх ривоят қилганлар.
Шарҳ: Ҳар бир дам солувчининг беморни ўнг қўли билан силаб туриб дам солиши шундан олинган. Тўғрироғи, дуони ўқиб, ўнг кафтга дам солиб, сўнг ўша ўнг кафт билан беморни силаш керак.
Дуонинг маъноси қуйидагича:
«Аллоҳим! Одамларнинг Робби! Шиддатни кетказ! Шифо бер. Шифо берувчи Сенсан. Шифоингдан бошқа шифо йўқ. Ҳеч дардни қўймайдиган шифо бер!» (“Ҳадис ва Ҳаёт” китобидан). Валлоҳу аълам!

25 Май 2022, 16:07 | Савол-жавоблар | 131 | Бошқа ибодатлар
|
Boshqa savol-javoblar