Маклерлик рибодан ҳам ҳаромроқ эмасми

Ассалому алайкум! Рибони нимага ҳаромлигини қидириб кўрсам, чунки бу ишламасдан пул топиш бўлиб қолар экан. Ислом эса инсонларни меҳнат қилиб топишга ундайди деган гапни ўқидим, лекин маклерлик яъни шунчаки olx.uz  ёки бирон бошқа сайтдан уйда ўтирволиб уй эгаларига ёзиб 300$ лик уйни уйда ўтирволиб 50% хизмат учун деб ҳаводан ҳеч қандай иш қимасдан 150$ ишлаш гарчи рибо билан бир ҳил бўсаям нимага ҳалол ҳисобланади? Буни устига ҳеч ким ўша 50% хизмат ҳақини рози бўлиб бермиди ва 50% ҳизмат ҳақи ноинсофлик очкўзлик ҳам ҳисобланади. Рибода эса 50% дан кам бўлади, ҳамма рози бўлади ва энг асосийси 2 томонга ҳам фойда. Маклерликда эса буларни биттаси ҳам йўқ. Шундай бўлса ҳам нимага интернет ривожланиб кетганлиги учун ҳеч иш қимасдан ҳаводан пул қиладиган маклерлик ҳалол?
«Зикр аҳлидан сўранг» ҳайъати:
– Ва алайкум ассалом! Агар маклерни ҳеч қандай хизмати бўлмаса уй олувчилар ўзлари қидириб уй олишсин. Албатта ҳар бир нарсада инсоф қилиш керак. Уларни қилаётган ишлари макруҳлигида гап йўқ. Қуйидаги ҳадисдан ҳам уларни инсофли иш қилмасликлари намоён бўлади عَنِ ابْنِ عَبَّاسٍ رَضِي اللهُ عَنْهُ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: لَا تَلَقَّوُا الرُّكْبَانَ، وَلَا يَبِعْ حَاضِرٌ لِبَادٍ. رَوَاهُ الْخَمْسَةُ. وَفِي رِوَايَةٍ: فَإِنْ تَلَقَّاهُ إِنْسَانٌ فَابْتَاعَهُ فَصَاحِبُ السِّلْعَةِ فِيهَا بِالْخِيَارِ إِذَا وَرَدَ السُّوقَ. وَلِمُسْلِمٍ وَالتِّرْمِذِيِّ: لَا يَبِعْ حَاضِرٌ لِبَادٍ، دَعُوا النَّاسَ يَرْزُقِ اللهُ بَعْضَهُمْ مِنْ بَعْضٍ Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Улов минганларнинг олдини тўсиб чиқманглар. Ерлик одам саҳроликка сотиб бермасин», дедилар».
Бешовлари ривоят қилганлар.
Бошқа ривоятда:
«Агар бир инсон унинг олдини тўсиб чиқиб, сотиб олса, савдо молининг эгаси бозорга келганда ихтиёри ўзида бўлади», дейилган.
Муслим ва Термизийнинг ривоятида:
«Ерлик одам саҳроликка сотиб бермасин. Одамларни тек қўйинглар. Аллоҳ баъзиларини баъзиларидан ризқлантираверсин», дейилган.
Шарҳ: Ушбу ҳадиси шарифдан бозор қоидаларидан яна бирини билиб оламиз. Унда бозор атрофида айланиб юриб, осон йўл билан бойлик орттириш мақсадида нарх-навонинг ўсишига сабаб бўладиган кишиларнинг иши нотўғри эканлиги баён қилинмоқда.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг:
«Улов минганларнинг олдини тўсиб чиқманглар» деганлари, ўз маҳсулотларини ташқаридан бозорга сотиш учун олиб келаётганларнинг олдини тўсиб чиқиб, бозордаги нархни билмасларидан олдин арзон-гаров сотиб олманглар, деганларидир.
Жоҳилият даврида шундай қиладиганлар бор эди. Ҳазрати Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳунинг ўзлари «Биз улов минганларнинг олдини тўсиб чиқиб, бозорга келмасларидан олдин таомларини сотиб олар эдик», деганлар.
«Ерлик одам саҳроликка сотиб бермасин».
Саҳрода, қишлоқда яшайдиган кишилар одатда бозордаги нархдан яхши хабардор бўлишмайди, савдо-сотиқ ишларида шаҳар аҳолиси каби устомон ҳам бўлмайдилар. Шунинг учун улар молларини йўлини тўсиб чиқиб, молини сотиб олмоқчи бўлган одамга арзонга сотиб қўйиши мумкин. Натижада у ҳам, бозорга келадиган оддий кишилар ҳам зарар кўрадилар. Аммо бозорга келиб, вазиятни ўз кўзи билан кўриб, мулоҳаза қилиб сотгани яхши бўлади.
Баъзи ривоятларда «даллоллик қилиб» деган жумла ҳам зикр қилинган. Шунинг учун ҳам уламоларимиз «Ерликнинг саҳроликнинг молини сотиб бериши даллоллик қилмаслик билан бўлса, жоиз», деганлар.
Чунки ерлик одам даллоллик қилганда ўз фойдасини кўзлаб, молни қимматроқ сотишга ҳаракат қилади ва кўпчилик ўша молни саҳроликнинг ўзи сотган пайтдаги арзон нархига ололмайди. Шунинг учун ҳам бозорнинг нархини сунъий равишда кўтармай, табиий ҳолига қўйиб бериш керак.
«Агар бир инсон унинг олдини тўсиб чиқиб, сотиб олса, савдо молининг эгаси бозорга келганда ихтиёри ўзида бўлади».
Агар бир киши ўз молини олдини тўсиб чиққан чайқовчига сотса-ю, кейин бозорга келиб, нарх-навони кўриб, айниб қолса, молини қайтариб олишга ҳаққи бор.
Шариат доирасида ҳаром-хариш аралашмай, ўзаро рози бўлган ҳолда тижорат юравериши керак. Бу қоидани Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларининг:
«Одамларни тек қўйинглар! Аллоҳ баъзиларини баъзиларидан ризқлантираверсин», деган гаплари билан ифода этганлар. Бошқача қилиб айтганда, бу эркин савдо бўлсин, деганидир.
Ушбу қоидадан Ислом шариатида кўпчиликнинг фойдасини кўзлаб иш тутиш очиқ-ойдин кўриниб турибди. Улов минганнинг олдини тўсиб чиқиш ман қилинганда иш бир киши билан битар эди. Шунинг учун устомон одам содда одамни алдамасин, деган асосда иш кўрилди. Яъни, бир устомон киши содда деҳқонни алдаб, унинг молини арзон нархга сотиб олмасин, дейилди. Шу билан бирга, бу ерда ўша устомон одам молни арзонга сотиб олиб, кейин бозорда ўзи сотганда содда деҳқондан кўра қимматга сотиши, орага воситачи кириб қолиши, бу эса бозорда нархнинг ўсишига сабаб бўлиши ҳам назарда тутилган.
Ҳозир ҳам шундай ишларнинг тез-тез содир қилиниши нарх-навонинг ўсишига сабаб бўлмоқда. Маҳсулот етиштирувчи билан харидор ўртасида воситачи қанча кўпайса, нарх шунча ўсади. Баъзи жойларда ишлаб чиқарувчи ўз маҳсулотини бевосита сотиши ман қилиб қўйилган. Натижада нарх-навони режали равишда кўтариш юз беради. Бундан эса оддий фуқаро зарар кўради. Унинг пешона тери билан топган пулини ҳеч бир меҳнат қилмай оладиганлар кўпаяди.
Бошқа томондан қаралса, «Ерлик одам саҳроликка сотиб бермасин» дейилганда иш саҳроликнинг зарарига кетаётганга ўхшайди. Чунки агар ерлик одам унга сотиб берса, саҳролик киши ўзи сотгандан кўра кўп фойда олиши мумкин эди. Бироқ бу ерда кўпчиликнинг, яъни саҳроликдан мол сотиб оладиган халқнинг манфаати эътиборга олинган. Яъни, Исломда воситачиларнинг меҳнат қилмай, нарх-навони сунъий равишда юқори ушлаб туришларига йўл қўймаслик кўзда тутилган. Ҳар бир бозорда шунга ўхшаш тамагирлар бўлади. Улар ўз фойдаларини кўпчилик ҳисобидан топадилар. Ислом шариатида эса бу нарсага рухсат берилмаган. (“Ҳадис ва Ҳаёт” китобидан). Валлоҳу аълам!

25 Май 2022, 18:57 | Савол-жавоблар | 199 | Ҳалол ва ҳаром
|
Boshqa savol-javoblar