Хасад кўз тегиши

Ассалому алайкум! 2018 йил сентябрь ойида отамни электричка уриб кетди ва оламдан ўтдилар. Мен чет элда ишлайман. Отамни маъракаларини ўтказиб, ишга қайтиб кетдим. Ишга бориб ишладим ёмонмас, лекин бирин-кетин билмадим нотўғри изоҳлаган бўлсам, баломи, мусибатми, касофатми бошланди. Укамларни оғилхонаси, битта сигири билан ёниб кетди. Укам ўзи қишлоқда разнорабочийлик қилади. Оддий оила. Бизлар, отам шундай бўлганларидан кейин мен ҳам энди ўз юртимда ишлайман деб бор-йўқ йиққанимни тўплаб чет элдан юк машинасини олиб келдим. Олиб келган машинам эҳтиёт қисмлари бизда йўқ экан, машина яхши чиқмади. 3минг доллар зарарига сотдим, унинг ҳам ярми қарзга кетди. Кейин аёлим билан маслаҳатлашиб келмасликка қарор қилиб, шу ерда кун кўрмоқчи бўлдим. Шу йилнинг 2-октябрида эрталаб 5:00ларда намозга туриб душга кирди. Мен бу вақтда уни чиқишини кутиб кўзим илишибди. Турсам соат 6 лар бўлган, у ҳали ҳам чиқмаган. Эшикни очсам у ерда жонсиз ҳолатда ётибди. Қисқаси аёлим ҳам раҳматли бўлди. Аёлим билан бирор марта “сен-менга” бормаганмиз. 3та фарзандим бор, кичкинаси 2 ёшда. Ҳаётимиздан мамнун эдик. Фарз амалларни, суннат амалларни бажаришга мен ҳам, хотиним ҳам ҳаракат қилардик ва мен давом эттираяпман. Мен албатта яхши-ёмон ҳаммаси Аллоҳдан эканлигига имон келтирганман, лекин кўз, ҳасад, сеҳр деган нарсалар ҳам йўқ эмас. Яна ҳаммаси бир йил ичида кетма-кет бўлаяпти. 
«Зикр аҳлидан сўранг» ҳайъати:
– Ва алайкум ассалом! Сиз бир оддий инсонсиз. Аллоҳнинг энг суюкли бир пайғамбари Айюб алайҳиссаломни эсланг. Мол дунё, бола-чақа, жуфти ҳалоллари бор эди. Битта аёлидан бошқа ҳаммасидан айрилдилар. Бу Аллоҳнинг синови эканлигини қабул қилдилар. Бу узоқ муддат давом этди, Аллоҳ нажот калимасини таълим берди. Аллоҳ таоло "Анбиё" сурасида марҳамат қилади:  وَأَيُّوبَ إِذْ نَادَى رَبَّهُ أَنِّي مَسَّنِيَ الضُّرُّ وَأَنتَ أَرْحَمُ الرَّاحِمِينَ۝ 83. Ва Айюбнинг Ўз Роббига нидо қилиб: «Албатта, мени зарар тутди. Сен раҳмлиларнинг раҳмлисисан!» – деганини эсла.
Аллоҳнинг пайғамбари Айюб алайҳиссаломга жуда катта зарар етгани маълум. Лекин ўша зарарнинг айнан номини Қуръони Карим аниқ айтмайди. Ушбу оятда ҳам Айюб алайҳиссаломнинг Аллоҳга ёлвориб, нидо қилаётганлари келяпти, холос. Айюб алайҳиссалом ўша нидо-илтижода ҳам одобга риоя қилиб, ўзларига етган зарар нималигини айтмайдилар. Фақат зарар етганини ва Аллоҳ раҳмлиларнинг раҳмлиси эканини эслайдилар, холос.
«Албатта, мени зарар тутди. Сен раҳмлиларнинг раҳмлисисан!»
Яъни «Менга зарар етганини, унинг нималигини Ўзинг яхши биласан, сен энг раҳмли зотсан, менга қандай раҳм қилишни ҳам ўзинг биласан», – деб нидо этганлар. فَاسْتَجَبْنَا لَهُ فَكَشَفْنَا مَا بِهِ مِن ضُرٍّ وَآتَيْنَاهُ أَهْلَهُ وَمِثْلَهُم مَّعَهُمْ رَحْمَةً مِّنْ عِندِنَا وَذِكْرَى لِلْعَابِدِينَ۝ 84. Бас, унга ижобат қилдик. Ундаги зарарни кетказдик. Унга аҳлини, улар билан бирга яна шунчани ҳам бердик. Ўз ҳузуримиздан раҳмат ва обидларга эслатма ўлароқ.
Аллоҳ таоло Айюб алайҳиссаломнинг одоб ила қилган дуоларини қабул этди.
«Бас, унга ижобат қилдик. Ундаги зарарни кетказдик».
Ривоятларда келишича, у киши касал бўлган эканлар. Қандай касаллигини Аллоҳнинг Ўзи билади. Уламоларимиз: «Айюб алайҳиссаломга етган жирканч касалликлар ҳақида баъзи ривоятларда келган гапларда муболаға бор, пайғамбарлик мақомига ҳам тўғри келмайди», – дейишади.
«Унга аҳлини, улар билан бирга яна шунчани ҳам бердик».
Бундан кўриниб турибдики, Айюб алайҳиссаломга етган зарар ичида аҳлларини, яъни барча яқин кишилари – фарзандлари, қариндошлари, дўстлари ва хизматчиларини олиш ҳам бўлган экан. Фақат ёлғиз хотинларигина у зот алайҳиссалом билан қолганлар. Лекин Айюб алайҳиссалом сабр қилиб, Аллоҳга ёлворганларидан кейин, Аллоҳ у кишига аҳлларини қайтариб берди. Яна шунчага кўпайтириб берди. Аллоҳ таоло бу ишларни беҳикмат қилгани йўқ.
«Ўз ҳузуримиздан раҳмат ва обидларга эслатма ўлароқ».
Яъни «Сабрли бандаларимиз доимо раҳматимизга ноил бўлишларини билдириш ва обидларга ибрат учун шундай қилдик». Обид – ибодат қилувчи шахс. Айюб алайҳиссалом обидларнинг энг мухлис ва машҳурларидан эдилар. Демак, обидлар ҳам синов маъносида ҳар хил балоларга учраб турадилар. Обидлик – улуғ мартаба, унга осонлик билан эришиб бўлмайди. Ҳақиқий обидлик мақомига эришиш учун банда анчагина синовлардан ўтиши керак. ("Тафсири Ҳалол" китобидан).
Сиз ҳам «Албатта, мени зарар тутди. Сен раҳмлиларнинг раҳмлисисан!» деган дуони кўп ўқиб юринг. Бу ишларни сеҳр ёки кўз тегишига боғламанг. Валлоҳу аълам!

25 Май 2022, 20:01 | Савол-жавоблар | 175 | Долзарб саволлар
|
Boshqa savol-javoblar