Фақат бамдодни ўзини ўқувчилар

Ассалому алайкум! “Фақат бомдод намозини ўқиб жаннатга кираман менга шу ҳам етади” дейдиган ва “бу ўша одамлар ҳам жаннатга киришади намоз ўқишмасалар ҳам ҳеч кимни кўнглини оғритишмаган ҳамма улардан рози” дейдиганларни ҳукми қандай ва охиратда нима бўлади? Қандай тушунтирса бўлади ким қаерга кетишини бандаси Аллоҳ ҳисоб китоб қилишини.
«Зикр аҳлидан сўранг» ҳайъати:
– Ва алайкум ассалом! Намозни қолдирганларга қуйидаги суранинг оятлари кифоя қилади. Аллоҳ таоло "Мааъуун" сурасида марҳамат қилади:  فَوَيْلٌ لِّلْمُصَلِّينَ۝  الَّذِينَ هُمْ عَن صَلَاتِهِمْ سَاهُونَ۝ 4. Бир «намозхонлар»га вайл бўлсинки…
5. Улар намозларини унутувчилардир.
Яъни намознинг маъноларини, ҳикматларини, инсоннинг виждонини поклашини, қалбда марҳамат-шафқатни қўзғашини унутганларнинг ҳолига вой! Жойи жаҳаннам!
Аллоҳ таоло «Анкабут» сурасининг 45-оятида: «…албатта, намоз фаҳш ва мункардан қайтарур», – деган. Ким намоз ўқиса-ю, ёмон ишлардан қайтмаса, у намозини унутганлар жамоатидан бўлади.
Ушбу оятларнинг маъноси ҳақида муфассирларимиз бир қанча таъвиллар айтганлар.
Абул Олия: «Булар намозни ўз вақтида ўқимайдиганлар, рукуъ ва саждаларини яхшилаб, батамом қилмайдиганлар», – деган.
Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу: «Бу шундай намозхонки, у ўзи ўқиган намозидан савоб умид қилмайди ва уни ўқимаса, иқобидан қўрқмайди», – деганлар.
Ибн Жарир Тобарий келтирган ривоятда Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан ушбу оят ҳақида сўралганда, «Улар намозни ўз вақтидан орқага сурадиганлар», – деганлар.
Муфассирларимиз ушбу жумладаги келишик қўшимчаларига ҳам алоҳида эътибор берганлар. Оятда «Ан солатиҳим сааҳуун» – «намозларини унутувчилар», дейилмоқда, «фии солатиҳим» – «намозларида» дейилмаяпти. Шундан оятда мунофиқлар ҳақида сўз кетаётгани келиб чиқади. Чунки мўмин киши ҳам намоз ичида баъзи нарсаларни унутиши мумкин. Лекин унутиш билан унутишнинг фарқи бор. Мунофиқнинг намозни унутиши ўқимаслик, унга эътиборсизлик қилиши ила бўлади. Мўмин эса намознинг ичида бирор нарсани унутиб, хатога йўл қўйса, саҳв саждаси қилиб, дарҳол тўғрилайди. ("Тафсири Ҳилол" китобидан). Валлоҳу аълам!

25 Май 2022, 20:36 | Савол-жавоблар | 152 | Намоз
|
Boshqa savol-javoblar