Дўстимнинг топаётган пулларида, оиласида барака йўқ

Ассалому алайкум! Мана неча йиллардирки, яқин дўстим ўзини уёққа буёққа уриб ҳалол меҳнат қилиб пул топишга ҳаракат қилса ҳам, бири икки бўлмайди. Намозларини ўқийди, қўлдан келганча бошқаларга яхшилик қилади. Фарзандларини бир амаллаб оилали қилди, қизларини узатди. Фарзандларига яхши тарбия берган, улар яхши яшашади. Лекин аёли билан кунора, балки ҳар куни жанжал қилади. Бақир чақирлари шундоққина эшитилиб турганлиги учун билиб олиш мумкин. Менимча аёлига нисбатан меҳри йўқ бўлса керак. Қўни қўшнилар, маҳалла кўй, ҳатто бизнинг олдимизда ҳам аёлини арзимаган нарсага сўкиб хатто уришга ҳам боради. Аёли шу вақтгача бирор марта уйига аразлаб кетиб қолганини эшитмаганмиз. Қайнота қайноналарини ҳурматини жойига қўйиб, доимо хизматларида. Қариндош уруғлари, қўни қўшнилари у аёлни ҳурмат қилишади, сабрли аёл дейишади. Дўстим нима иш қиламан деса орқага кетаверади. Анча бўлиб қолди каттароқ ташкилотга ишга кирган. Биздан анча кўп маош олади, лекин ҳеч нимага етқиза олмаётганини кўп бор такрорлайди. Маслаҳат беринглар унга қандай насиҳат қилишимиз мумкин? Аёлингни сўкаверма, аёлинга ҳам қулоқ сол деб айтсак ҳам ҳеч фойдаси бўлмаяпти. Айтингларчи, арзимаган сабаблар билан хотинини уриб сўкадиган эрнинг охиратдаги бу дунёдаги ҳолати қандай бўлади? Дўстимнинг баракасизлиги аёлига қилаётган муносабатидан ҳам бўлиши мумкинми? Балки у ҳам бу нарсаларни ўқиб хулоса чиқарар.
«Зикр аҳлидан сўранг» ҳайъати:
– Ва алайкум ассалом! Ҳадис китобларида ривоят қилинишича, Муовия ибн Ҳайра ал-Қушайрий розияллоҳу анҳу:
«Ё Расулаллоҳ, хотинларимизнинг биздаги ҳақлари нима?» деб сўраганида, Набий алайҳиссалом:
«Агар таом есанг, унга ҳам едирасан, кийим кийсанг, унга ҳам кийдирасан, юзига урма, ёмон сўкма, ташқарида ҳижрон қилма», – деганлар.
Бошқа бир ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Аллоҳнинг чўриларини урманглар!» – деганлар. عَنْ عَبْدِ اللهِ بْنِ زَمْعَةَ رَضِي اللهُ عَنْهُ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ لَا يَجْلِدُ أَحَدُكُمْ امْرَأَتَهُ جَلْدَ الْعَبْدِ ثُمَّ يُجَامِعُهَا فِي آخِرِ الْيَوْمِ رَوَاهُ الْبُخَارِيُّ وَالتِّرْمِذِيُّ Абдуллоҳ ибн Замъа розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Бирортангиз ўз аёлини қулни калтаклагандек калтакламасин. Кейин 
(ўша) куннинг охирида яқинлик қил(гиси келиб қол)иши ҳам бор», дедилар».
Бухорий ва Термизий ривоят қилганлар.
Ушбу ҳадиси шариф юқорида ўрганган оятимиздаги «уриш»дан мурод, қаттиқ уриш эмаслигига улкан далилдир. Агар оятда қаттиқ уриш қасд қилинганида, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай демас эдилар. Бу ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам эр ўз хотинини калтакламаслиги кераклигини уқтирмоқдалар. Хотинга ўзига яраша муомала қилиш лозим. Уни уриб-калтаклашдан олдин, кейинги бўладиган алоқа ва муомалаларни ҳам бир ўйлаб қўйиш керак. Хотин қул эмаски, уни хоҳлаган вақтда калтаклаб, хоҳлаган вақтда ишлатаверилса. Ҳатто қулни ҳам калтаклаш яхши эмас. Хотинни калтаклашдан олдин уни қўйнида олиб ётишини ҳам, кўзи-кўзига тушишини ҳам бир ўйлаб қўйиш лозим бўлади. Уламоларимиз «Хотинни қаттиқ калтаклаш ҳаромдир» деган ҳукмни мана шу ҳадисдан олганлар. Валлоҳу аълам!

25 Май 2022, 20:54 | Савол-жавоблар | 159 | Оила ва турмуш
|
Boshqa savol-javoblar