Аёлларнинг уйда ҳижоб ўрамаслиги

Ассалому алайкум! Аёлим намоз ўқийди, шариатга амал қилади. Ҳамма вақт ўраниб шариатга мувофиқ юради, лекин уйдалигимизда ўрамайди. Мен хеч бўлмаса укам ишдан келганда унинг олдида ўра сен учун номаҳрам десам мендан кичкиналаку дейди. Исломда ёшнинг фарқи йўқ балоғатга етган бўлса бўлди десам Аллоҳ кечирсин, ислом секин асталик билан, ўрайман уйдамизку дейди. Тоғаларимнинг хотинлари ҳам ака укаларининг олдида ўранишмайди, чунки олдиндан шунақа фақат бизнинг оилада эмас қариндошларда хам ака укаларнинг олдида рўмол билан юришмайди. Улар Аллоҳнинг олдида гуноҳкор бўлишадими?
«Зикр аҳлидан сўранг» ҳайъати:
– Ва алайкум ассалом! Албатта гуноҳкор бўлишади. Улар кўчадаги бегоналар билан бир хил, балки уларданда хавфлироқ бўлишади. عَنْ عُقْبَةَ بْنِ عَامِرٍ رَضِي اللهُ عَنْهُ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: إِيَّاكُمْ وَالدُّخُولَ عَلَى النِّسَاءِ. فَقَالَ رَجُلٌ: يَا رَسُولَ اللهِ، أَفَرَأَيْتَ الْحَمْوَ؟ قَالَ: الْحَمْوُ الْمَوْتُ. رَوَاهُ الشَّيْخَانِ وَالتِّرْمِذِيُّ  Уқба ибн Омир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Аёлларнинг олдига киришдан эҳтиёт бўлинг!» дедилар.
Шунда бир одам:
«Эй Аллоҳнинг Расули, эрнинг қариндошига нима дейсиз?» деди.
«Эрнинг қариндоши ўлимдир!» дедилар у зот».
Икки шайх ва Термизий ривоят қилганлар.
Шарҳ: Бу ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам номаҳрам эркакларни аёллар олдига киришдан ман қилмоқдалар. Чунки бу жуда ҳам хатарли ишдир. Ҳеч ким йўқ жойда бир аёл билан бир эркакнинг холи қолишига олиб келади.
Бу эса ўз навбатида ношаръий, ҳаром ишга, ҳеч бўлмаганда шубҳага, ёмон фикр туғилишига сабаб бўлади. Фараз қилайлик, бир аёл ўз уйида ёлғиз ўтирибди. Эшикдан бир номаҳрам эркак чақириб келди. Ичкарига кирди. Уйда мазкур аёлдан бошқа ҳеч ким йўқлигини билди. Шу пайт иккисини ҳам шайтон васваса қилиши, зинога бошлаши ҳеч гап эмас. Бундай ҳолатлар тез-тез бўлиб туришини ҳамма яхши билади. Зинонинг кўпчилик ҳолатлари айни бегона эркак ва аёлнинг бир жойда холи қолишларидан бошланиши ҳеч кимга сир эмас.
Баъзи бирлар даъво қилганларидек, холи қолган эркак ва аёл очиқ кўнгиллик билан, «дўстона» гаплашиб ўтиришди ҳам дейлик. Нимани гаплашишади? Шу пайт хотиннинг эри ёхуд эркакнинг хотини келиб қолса, улар дўстона гаплашиб ўтиришибди, деб ўйлайдими? Умуман, бошқа бир одам, қўни-қўшни кўриб қолса-чи?
Баъзи бир кишилар «Уйга эрнинг қариндошлари келиб-кетиб туришади. Зарурат юзасидан ҳеч ким йўғида хотиннинг олдига кирса нима бўлди?» дейишади.
Саҳобаи киромлар ҳам худди шу саволни Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан сўрашган экан. У зот бу иш ўлим билан баробар эканлиги ҳақида хабар берибдилар. Яъни, бу иҳоятда хатарли иш, дебдилар. Чунки бу нарса бепарволикка сабаб бўлади. Мазкур эътиборсизлик оқибатида эса ҳаром иш содир бўлиши ҳеч гап эмас.
Акасининг хотини билан зинода қўлга тушган укалар оз эмас. Шунга ўхшаш, бошқа номаҳрам қариндошлар ҳам. Шунинг учун зинҳор ва зинҳор ушбу ҳадиси шарифга хилоф қилмаслик керак. Бунинг учун кимдир бу шаръий амрни тарк этгани туфайли зино қилиб қўйган ёки шубҳага қолиб, бир оила бузилган бўлиши шарт эмас. Шариатда бир ҳукм жорий бўлганми, мўмин-мусулмон киши унга қатъий амал қилавериши лозим.  ("Ҳадис ва Ҳаёт" китобидан). Валлоҳу аълам!

25 Май 2022, 21:18 | Савол-жавоблар | 157 | Долзарб саволлар
|
Boshqa savol-javoblar