Овқат еган косани чайиб ичиш суннатми?

Ассалому алайкум! Овқат еган идишини овқатини еб бўлгандан сўнг чайиб чой сув ёки шунга ўхшаган нарсалар билан ичиб қўйилса савоби қанча шифоси қанча? Мен Сочи шахрида вохалик боллар билан ишладим, Москвада ишладим мен овқатдан кейин идишимни чайиб баъзида ялаб хам қўяман. Бунга билмаган боллар менга паст назар билан қарарди, мен этибор бермасдим. Улар бизда мол ичади ювундини дейишарди. Мен уларга бу суннат 40та савоб 40та дардга даво дердим. Шу тўғрими? Кўпчилик билмайди, буни зора билиб олишса.
«Зикр аҳлидан сўранг» ҳайъати:
– Ва алайкум ассалом! Асл суннат қуйидагича: عَنْ جَابِرٍ رَضِي اللهُ عَنْهُ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: إِنَّ الشَّيْطَانَ يَحْضُرُ أَحَدَكُمْ عِنْدَ كُلِّ شَيْءٍ مِنْ شَأْنِهِ حَتَّى يَحْضُرَهُ عِنْدَ طَعَامِهِ، فَإِذَا سَقَطَتْ مِنْ أَحَدِكُمُ اللُّقْمَةُ فَلْيُمِطْ مَا كَانَ بِهَا مِنْ أَذًى، ثُمَّ لِيَأْكُلْهَا وَلَا يَدَعْهَا لِلشَّيْطَانِ، فَإِذَا فَرَغَ فَلْيَلْعَقْ أَصَابِعَهُ، فَإِنَّهُ لَا يَدْرِي فِي أَيِّ طَعَامِهِ تَكُونُ الْبَرَكَةُ.
وَفِي رِوَايَةٍ: وَأَمَرَنَا أَنْ نَسْلُتَ الْقَصْعَةَ، وَقَالَ: فَإِنَّكُمْ لَا تَدْرُونَ فِي أَيِّ طَعَامِكُمُ الْبَرَكَةُ. رَوَاهُمَا الْخَمْسَةُ إِلَّا الْبُخَارِيَّ
 Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Албатта, шайтон сизларнинг ҳар бирингизнинг ҳар бир ишида ҳозир бўлади – таомига ҳам ҳозир бўлади. Қачон бирортангиздан луқма тушса, ундаги нопокликни кетказиб, кейин есин. Уни шайтонга қолдирмасин. Фориғ бўлгач, бармоқларини яласин. Чунки у таомининг қаерида барака бўлишини билмас», дедилар».
Бошқа бир ривоятда:
«У зот бизни товоқни бармоқларимиз билан сидириб, ялашга амр қилдилар ва:
«Албатта, сизлар таомингизнинг қаерида барака бўлишини билмассиз», дедилар»
, дейилган.
Бешовларидан фақат Бухорий ривоят қилмаган.
Шарҳ: Бу ҳадиси шарифдан динимиз таомга нисбатан қанчалар эътиборли бўлганини ва биздан тежамкор бўлишимизни талаб қилганини билиб оламиз.
Ажойиб бир ҳикмат. Таомнинг баракаси қаерда эканлигини билиб бўлмайди. Унинг асосий тўпидами, энг марказидами ёки ерга тушган бирор луқма, томчи, увоқдами? Ёхуд таомнинг лаганга, идишга ёпишиб қолган қисмидами?
Шунинг учун баракадан умидвор бўлган ҳар бир инсон бирор томчи ёки бирор увоқ таомни исроф қилмасин. Ҳаттоки қўлини ва идишини ҳам ялаб қўйсин. Агар шундай қилмаса, ўз таомининг баракали жойини шайтони лаъинга берган бўлади.
Ушбу ҳадисни ўрганар эканмиз, беихтиёр бугунги кундаги таом борасидаги исрофлар ёдимизга тушади. Орадан файзу бараканинг кўтарилгани эсга тушади. Ўзимиз қилар ишни қилиб қўйиб, нимага барака қолмади экан, деб юришимиз эсга тушади. Аллоҳнинг динига амал қилмаслик шундай бўлади. Ҳар бир нарсада салбий натижаларга олиб келади. ("Ҳадис ва Ҳаёт" китобидан). Валлоҳу аълам!

25 Май 2022, 21:24 | Савол-жавоблар | 169 | Руҳий тарбия
|
Boshqa savol-javoblar