Оёқ кийимга туширилган крест белгиси

Ассалому алайкум! Биз оёқ кийим цеҳида ишлаймиз. Оёқ кийим тошларига хрестиян белгиси туширилган. Қўйиб чиқарсак бўладими? Бу ишлар Ўзбекистонда сотилади. Эхпортмас. Бу нарсани оёқ кийимга қўйяпмиз. Пастда деган мулоҳазалар бўлди. Сизлар шунга нима дейсизлар?
«Зикр аҳлидан сўранг» ҳайъати:
- Ва алайкум ассалом! Аввало бу ишни қилманглар. Қолаверса, бошқа диндагилар ҳам бизни динимизга нисбатан худди шундай қилса, бизга номаъқул бўлгани каби уларни ҳам ҳиссиётига тегмаслик керак.
Аллоҳ таоло “Анъом” сурасида марҳамат қилади:  وَلاَ تَسُبُّواْ الَّذِينَ يَدْعُونَ مِن دُونِ اللّهِ فَيَسُبُّواْ اللّهَ عَدْوًا بِغَيْرِ عِلْمٍ كَذَلِكَ زَيَّنَّا لِكُلِّ أُمَّةٍ عَمَلَهُمْ ثُمَّ إِلَى رَبِّهِم مَّرْجِعُهُمْ فَيُنَبِّئُهُم بِمَا كَانُواْ يَعْمَلُونَ۝ 108. Уларнинг Аллоҳдан ўзга ибодат қиладиганларини сўк¬мангизки, билмасдан, тажовуз ила Аллоҳни сўкиб юрмасинлар. Ҳар бир умматга ўз амалини ана шундай чиройли қилиб кўрсатиб қўйдик. Сўнгра эса қайтишлари фақат Роббларигадир. Бас, У қилиб юрган амалларининг хабарини берур.
Мушриклар Аллоҳни қўйиб, санам ва бутларга ибодат қиладилар. Ушбу ояти каримада мушрикларнинг ўша бутларини ҳақорат қилмаслик буюрилмоқда.
«Уларнинг Аллоҳдан ўзга ибодат қиладиганларини сўкмангизки...»
Уларнинг бутларини сўкишдан қайтаришнинг асосий сабаби оятнинг ўзидан англашиляпти:
«...билмасдан тажовуз ила Аллоҳни сўкиб юрмасинлар».
Яъни мусулмон киши мушрикнинг санамини сўкса, бундан ғазабланган мушрик ҳам унга жавобан Аллоҳ субҳанаҳу ва таолони таҳқирлаши мумкин. Бу турган гап. Чунки:
«Ҳар бир умматга ўз амалини ана шундай чиройли қилиб кўрсатиб қўйдик».
Инсоннинг табиати шундай. Қилаётган амаллари унинг ўзига гўзал ва зийнатли кўринаверади. Ҳатто бутун инсоният қабоҳат деб иттифоқ қилган ишни мақташга сўз топади. Шунингдек, мушрикларга ҳам ўз ширклари жуда ҳам зийнатли бўлиб туюлади. Ана шу эътибордан уларнинг бутлари ҳақоратланган чоғда ғазабланишлари мумкин. Мусулмон одам одобли бўлгани учун ҳам бу ишни қилмаслиги керак. Аллоҳга ҳавола қилиб қўяверса, у ёғини Аллоҳнинг Ўзи билади.
«Сўнгра эса қайтишлари фақат Роббларигадир. Бас, У қилиб юрган амалларининг хабарини берур». ("Тафсири Ҳилол" китобидан).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қаерда шундай белги бўлса йўқотишга буюрар эдилар. Валлоҳу аълам!

25 Май 2022, 23:04 | Савол-жавоблар | 144 | Турли саволлар
|
Boshqa savol-javoblar