Қурилган сохта "Каъба"ларнинг ҳукми қандай?

Ассалому алайкум! Аввалроқ Эронда кейин эса Қозоғистонда Каъбага ўхшаш хона ясаб, уни тавоф қилишётганларнинг видеоси ижтимоий тармоқларда тарқалди. Бунинг ҳукми қандай? Ширк эмасми?
«Зикр аҳлидан сўранг» ҳайъати:
– Ва алайкум ассалом! Ширк дейиш қийин, аммо нотўғри эканлиги аниқ. Имкони бўлган кишилар буни бузиб ташлагани мақсадга мувофиқ. Бу каби ишлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг замоналарида ҳам содир бўлган. Мунофиқлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг масжидларини қўйиб алоҳида масжид қурганлар. Аллоҳ таоло “Тавба” сурасида марҳамат қилади.  وَالَّذِينَ اتَّخَذُواْ مَسْجِدًا ضِرَارًا وَكُفْرًا وَتَفْرِيقًا بَيْنَ الْمُؤْمِنِينَ وَإِرْصَادًا لِّمَنْ حَارَبَ اللّهَ وَرَسُولَهُ مِن قَبْلُ وَلَيَحْلِفَنَّ إِنْ أَرَدْنَا إِلاَّ الْحُسْنَى وَاللّهُ يَشْهَدُ إِنَّهُمْ لَكَاذِبُونَ۝ 107. Зарар етказиш, куфр, мўминлар орасига тафриқа солиш ва илгари Аллоҳга ва Унинг Расулига уруш очган кимсани кутиб олиш учун масжид қурганлар ҳам бор. Улар: «Биз, албатта, яхшиликдан бошқани ирода қилганимиз йўқ», – деб қасам ичарлар. Аллоҳ гувоҳлик берадики, улар, албатта, ёлғончилардир.
Мазкур мунофиқлар қурган масжиддан ҳеч қандай фойда йўқ эди. Чунки улар ўз масжидларини Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам биринчи бўлиб тиклаган Қубо масжиди ёнида қурган эдилар. Шунинг учун бу масжид Масжидул Зирор – зиён масжиди деб номланди.
Бу масжиднинг куфр учун қурилди дейилишига сабаб шуки, мунофиқлар уни ўзларига марказ қилиб, куфр ишларини ривож топтириш мақсадида эдилар.
«…мўминлар орасига тафриқа солиш…» эса Қубо масжиди туриб, бу масжиднинг бино қилиниши оқибатида бир масжидда намоз ўқиб турган кишилар иккига бўлиниб, ораларига тафриқа тушиши кўзланганлигини билдиради.
«...илгари Аллоҳга ва Унинг Расулига уруш очган кимсани кутиб олиш учун»дан мурод Абу Омир Роҳиб ва унга ўхшаган Ислом душманларидир. Мунофиқлар масжидни юқоридаги мақсадлар билан қурганлар, лекин ўзлари:
«Биз, албатта, яхшиликдан бошқани ирода қилганимиз йўқ», – деб қасам ичарлар».
Мунофиқларнинг машҳур белгиси ана шу. Ўз ёлғонларини ва ёмон ниятларини хаспўшлаш учун ҳеч тап тортмай, қасам ичаверадилар. Бу сафар Аллоҳ таолонинг Ўзи оят индириб, гувоҳлик бериб, уларни шарманда қилди.
«Аллоҳ гувоҳлик берадики, улар, албатта, ёлғончилардир».
Ояти карима маълум шахслар, маълум масжид сабабли нозил қилинган бўлса ҳам, унинг маъноси умумийдир. Мунофиқ ва кофирлар барча жойларда ва барча замонларда Исломга зиён етказиш учун, куфрни ривожлантириш учун, мўмин-мусулмонлар орасига тафриқа солиш учун, Аллоҳ ва Унинг Расулига уруш очганларга кузатиш жойи бўлиши учун кўплаб Масжидул Зирорлар қурганлар.
Кейинги оят Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга ва у киши орқали у зотга эргашган мўминларга хитобдир.  لاَ تَقُمْ فِيهِ أَبَدًا لَّمَسْجِدٌ أُسِّسَ عَلَى التَّقْوَى مِنْ أَوَّلِ يَوْمٍ أَحَقُّ أَن تَقُومَ فِيهِ فِيهِ رِجَالٌ يُحِبُّونَ أَن يَتَطَهَّرُواْ وَاللّهُ يُحِبُّ الْمُطَّهِّرِينَ۝ 108. У(масжид)да ҳеч қачон турма! Албатта, биринчи кундан тақво асосида қурилган масжид унда туришинг учун ҳақлидир. Унда покланишни севадиган кишилар бор. Аллоҳ эса покланувчиларни севадир. ("Тафсири Ҳилол" китобидан). Валлоҳу аълам!

26 Май 2022, 01:18 | Савол-жавоблар | 185 | Ақийда
|
Boshqa savol-javoblar