Ота-она айтганига ёки диний қоидалар асосида (диний илми бор қизга) уйланиш

Ассалому алайкум! Ҳурматли устозлар, бу савол мени анча узоқ вақтдан бери қийнаб келади. Мен ўзим Диний илмдан заифроқ оилада катта бўлдим. Бир неча йиллар илгари уйдагилар ҳатто намоз ўқишимни ҳам қатъий тақиқлаганлар. Лекин уйимдан узоқда олийгоҳда ўқиб, ҳозирда олийгоҳни битириб ишда ҳам уйимдан узоқда ишлаётганим сабаб намоз ўқишимдан бехабарликлари сабаб ўткан муаммога дуч келмаяпман. Ахир намоз ҳар бир мусулмон учун фарз қилинган ибодат. Доим уйдагиларни диний илмдан заифлиги сабаб бундай йўл тутишлари юрагимни сиқади. Уларга мен кичик бўлиб туриб ақл ўргатишим ёки тушунтиришга ҳаракат қилишим уларга ёқмаслигини ва менга нисбатан яна ҳар ҳил фикрга боришларини ўйлаб индамай кўз юмаман(дуоларимда Аллоҳдан уларга иймон ато этишлигини сўрашдан бошқа нарса қўлимдан келмайди). Доим ўйлардимки қачондир мени уйлантиришмоқчи бўлса қиз танлаш масаласи жудаям қийин бўлади, уларни ва мени ҳам қаноатлантирадиган танловни қандай қилиб амалга оширсам экан деб кўп ойланар эдим. Мана шу кунлар келди. Уйдагиларни талаби қиз ўқиган олий малумотли ва албатта диндор оиладан бўлмаслиги керак. Лекин менга эса қизни ўқиган ўқимаганини ҳеч ҳам қизиғи йўқ, лекин озроқ бўлсада илми бор қизга уйланишни ҳоҳлардим. Шу сабабли ҳаммамизга маъқул бўлсин деб оиласи яхши бўлган, ҳижобда юрмасада лекин оиласидагилар ва ўзини диний илмдан қанчадур миқдорда хабари бор оила қизидан топиб ота-онамга айтдим. Лекин улар диний заифлиги сабаб мен айтган қиз ҳеч қачон бизга тўғри келмаслиги, унақанги оилалар бизни оилага тўғри келмаслигини айтишди, лекин асли улар бизга эмас биз уларга тўғри келмаслигимиз айни ҳақиқат. Уйдагилар ўзлари топган қизни менга рўкач қилишяпти, лекин у қиз менга ёқмади десам ҳам улар фикридан қайтканларича йўқ. Нима қилишга бошим қотиб қолди. Сизлардан маслаҳат олишни ҳоҳладим. Жавобингларни кутаман. Катта раҳмат.
«Зикр аҳлидан сўранг» ҳайъати:
- Ва алайкум ассалом! Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам “қўлинг тупроққа қорилгур” деганлар. У ҳолатга тушганингизда улар биз билмаган эканмиз дейишдан бошқасига ярашмайди. عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِي اللهُ عَنْهُ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: تُنْكَحُ الْمَرْأَةُ لِأَرْبَعٍ: لِمَالِهَا، وَلِحَسَبِهَا، وَلِجَمَالِهَا، وَلِدِينِهَا فَاظْفَرْ بِذَاتِ الدِّينِ تَرِبَتْ يَدَاكَ. رَوَاهُ الْخَمْسَةُ  Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Аёл тўрт 
(нарсаси) учун никоҳланади: моли учун, ҳасаби учун, жамоли учун ва дини учун. Бас, диндорини танла, қўлинг тупроққа қорилгур», дедилар».
Бешовлари ривоят қилганлар.
Шарҳ: Аёл кишига уйланишдан олдин унинг қизиқтирадиган сифатларига қаралади. Ушбу ҳадиси шарифда ўша никоҳига рағбат қилинадиган аёлда бўлиши лозим бўлган яхши сифатлардан тўртта энг машҳури ва оммавийси ҳақида сўз кетмоқда.
Агар ушбу тўрт сифат – мол ҳам, жамол ҳам, ҳасабу насаб ҳам дину диёнатга қўшилиб, бир қизни музайян қилиб турса, албатта, яхши.
Аммо мазкур тўрт сифат бир-бири билан солиштирилса, улар орасида диндорликка тенг келадигани йўқ. Балки қолганларига яна бошқа бир қанча яхши сифатлар қўшилса ҳам, диндорлик сифатига ета олмайди.
Чунки молдорлик вақтинча. Қолаверса, мол-мулкининг кўплиги келиннинг ҳовлиқишига, куёвни ва унинг яқинларини менсимаслигига сабаб бўлиши ҳам мумкин. Диндорлик бўлмаган жойда молдорлик кўпгина ноқулай ишларга сабаб бўлиши турган гап.
Ҳасаб сўзи обрў-эътибор, шараф, нуфуз деган маъноларни англатади.
Ҳасабу насаби яхши келин албатта, яхши. Лекин фақат ҳасабу насабига ишониш ҳам яхшиликка олиб келмайди. Ота-она, бобо-момолар яхши ўтган бўлсалар, яхши, лекин улар уйларида қоладилар. Куёвникига фақат келин келади. Агар келин диндор бўлмаса, ҳасаби ва насаби билан фахрланиб, куёвни ва унинг яқинларини хижолат қилиши мумкин.
Жамол ҳам ўзича яхши нарса. Лекин бу ҳам ўткинчи. Маълум муддатдан кейин келиннинг жамоли ўзгариши турган гап. Бунинг устига, фақат жамолга суяниб иш қилиш ҳам яхшиликка олиб бормайди.
Шунинг учун ҳам Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам диндор келинни ихтиёр қилишга буюрмоқдалар. Диндорлик ҳақиқий ва бардавом яхши сифатдир. Келин диндор бўлса, куёвни ва унинг яқинларини ҳурмат қилади. Оиланинг ҳақиқий устуни ва порлаб турган чироғи бўлади. Ундан дунёга келадиган фарзандлар ҳам ажойиб инсонлар бўлиб етишадилар.
Диндор келин ўз бурчи ва масъулиятларини шариат кўрсатмаси бўйича тўлиқ адо этиб яшайди.
Диндорлик ҳақиқий бойликдир!
Диндорлик ҳақиқий ҳасаб ва насабдир!
Диндорлик ҳақиқий гўзалликдир!
Шунинг учун ҳам қизларимизни диндор қилиб тарбиялашга уринишимиз керак. Шунинг учун келин танлаганимизда диндор келинни танлашимиз лозим. ("Ҳадис ва Ҳаёт" китобидан).  Валлоҳу аълам!

26 Май 2022, 02:26 | Савол-жавоблар | 173 | Оила ва турмуш
|
Boshqa savol-javoblar