Табобаттданми ёки дам солдириш керакми?

Ассалому алайкум! Ҳурматли устозлар, Аллоҳга шукурлар бўлсин Ислом умматига бажонидил билимларингизни аямасдан қилаётган сизлардан билмаганларими билиб боряпман. Динимиз қанчалик муқаддасдир Аллоҳга шукур. Ҳурматли устозлар, мен Марғилон шахридан савол йўлляпман. Уйланганимга 10 йил тўлди. Шу кундан бери аёлим билан ахил иноқликда яшаб келяпман аёлим (судурги) касали билан беморликни бошидан ўтказиб келяпти. Азиз устозлар аёлими табибга хам докторга хам домлага хам олиб бордим, уларни хулосаси ҳар хил. Доктор айтади енгил формаси карбамазепин деган дорисини ичиб юрса тузалиб кетади деди, табиб эса миясига сув тўпланиб қолган, шу сувни Тошкентда мутаххасислари бор олдиринг деди, дам соладиган домлалар билан отин ойилар бу касаллик жин теккан деган хулоса беришяпти. Алҳамдулиллоҳ уч фарзандимиз бор икки ўғил бир қиз. Аёлим Қуръонни тажвид билан ўқийди илми бор. Яқинда Абдулхафиз исмли ёшроқ қори домлага дам солдиришга аёлим борган эди, дам солиниш пайтида аёлим талвасага тушиб бақира бошлабди. Уч кун шундай бўлибди, 4-кундан у холат кузатилмабди, домлани айтишига қараганда сизга жинни тасири бор кириб олган дебди. Эрингиз хам келсин дам солиниши керак деб айттириб юборган, бу вақтда мен Россияга ишлагани кетгандим, хозир хам шу ердаман. Кейин эса домла уймизга бориб чилёсин қилишини айтибди, жин чиқарувчи домла экан бир танишим айтиб қолди Қуръон сура ва оятларидан ўқишини аёлим айтади, хозир хам боряпти. Мен айтдим борманг деб гапирдим домла қилаётган харакати нотўғрилигини айтдим. Ҳурматли устозлар шу домлага аёлим бориши жоизми?
«Зикр аҳлидан сўранг» ҳайъати:
- Ва алайкум ассалом! Ёлғиз бормасин. Шариат кўрсатмаларига мувофиқ ҳолда дам солса, жоиз. عَنْ عَطَاءٍ رَضِي اللهُ عَنْهُ قَالَ: قَالَ لِي ابْنُ عَبَّاسٍ رَضِي اللهُ عَنْهُ: أَلَا أُرِيكَ امْرَأَةً مِنْ أَهْلِ الْجَنَّةِ؟ قُلْتُ: بَلَى، قَالَ: هَذِهِ الْمَرْأَةُ السَّوْدَاءُ أَتَتِ النَّبِيَّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ فَقَالَتْ: إِنِّي أُصْرَعُ، وَإِنِّي أَتَكَشَّفُ، فَادْعُ اللهَ لِي، قَالَ: إِنْ شِئْتِ صَبَرْتِ وَلَكِ الْجَنَّةُ، وَإِنْ شِئْتِ دَعَوْتُ اللهَ أَنْ يُعَافِيَكِ، فَقَالَتْ: أَصْبِرُ، قَالَتْ: إِنِّي أَتَكَشَّفُ فَادْعُ اللهَ لِي أَلَّا أَتَكَشَّفَ، فَدَعَا لَهَا. رَوَاهُ الشَّيْخَانِ  Ато розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Ибн Аббос розияллоҳу анҳу менга:
«Сенга жаннат аҳлидан бўлган бир аёлни кўрсатайми?» деди.
«Ҳа», дедим.
«Мана бу қора хотин. У Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб:
«Мени тутқаноқ тутади. Шунда очилиб қоламан. Аллоҳга менинг ҳақимда дуо қилинг», деди.
«Агар истасанг, сабр қилурсан ва сенга жаннат бўлур. Агар истасанг, Аллоҳга сен учун офият сўраб, дуо қилурман», дедилар у зот.
«Сабр қилурман. Аммо очилиб кетишим бор. Аллоҳга менинг очилиб кетмаслигимни сўраб, дуо қилинг», деди аёл. Бас, у зот унинг учун дуо қилдилар».
Икки шайх ривоят қилганлар.
Шарҳ: Бу ҳадисда саҳобаи киромларнинг жаннат йўлида ҳар қандай қийинчиликларга сабр қилишга тайёр эканликларининг бир намунаси баён қилинмоқда. Суъайра ал-Асадия исмли оддий бир қора танли, жуссали саҳобия аёл бўлган эканлар. У киши тутқаноқ касалига, тутқаноқ бўлганда ҳам, энг шиддатлисига мубтало бўлибдилар. Хасталик келиб, думалаб қолганда баданларининг маълум қисмлари очилиб ҳам кетар экан. Афтидан, аёлни асосан ташвишга солган нарса ҳам очилиб кетишлари бўлса керак. Шунинг учун ҳам у киши Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга мурожаат қилганларида:
«Мени тутқаноқ тутади. Шунда очилиб қоламан. Аллоҳга менинг ҳақимда дуо қилинг», деди».
Агар у аёлни фақат тутқаноқ хасталиги ташвишлантирганда, ўшанинг ўзини айтиб қўя қолар эди. Чунки тутқаноқ бўлмаса, очилиш ҳам бўлмайди. Унинг асосий ташвиши баданининг ўз ихтиёридан ташқарида очилиши эди. Шунинг учун Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан дуо умидида келган эди.
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам у кишига ихтиёрни кенг қўйдилар.
«Агар истасанг, сабр қилурсан ва сенга жаннат бўлур. Агар истасанг, Аллоҳга сен учун офият сўраб, дуо қилурман», дедилар у зот».
Бу ерда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам сабр орқали эришиш мумкин бўлган нарсани эслатиб қўйдилар. Ихтиёрни аёлнинг ўзига ташладилар. Олдин дуони қилиб қўйиб, кейин тушунтирганларида, аёл афсус қилиши эҳтимоли бор эди. Шунинг учун ҳам баъзи кишилар ёрдам сўраб келганда уларга ўша ишнинг ҳамма томонини баён қилиб бериш, ўзига танлаш имконини яратиш керак экан.
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бу гапларидан кейин аёл, ҳозирги кунда чексиз қаҳрамонлик саналса ҳам, ўша вақт учун оддий ҳисобланган йўлни танлади.
«Сабр қилурман. Аммо очилиб кетишим бор. Аллоҳга менинг очилиб кетмаслигимни сўраб, дуо қилинг», деди аёл».
Яъни «Жаннатга кириш умидида тутқаноқ хасталиги шиддатларига, қийноқларига сабр қиламан. Тутқаноғимнинг тузалиши ҳақида Аллоҳга дуо қилмасангиз ҳам майли. Аммо тутқаноқ тутган пайтда очилиб кетишим мен учун катта мусибат, шуни йўқ қилишини сўраб, Аллоҳ таолога дуо қилишингизни сўрайман».
«Бас, у зот унинг учун дуо қилдилар».
Аёлнинг тутқаноғи тутганда бадани очилмайдиган бўлди. Ўзи эса дардга сабр қилгани учун жаннатга кириш ваъдасини олди. Бу ваъда ҳақ ваъдадир. Шунинг учун ҳам Ибн Аббос розияллоҳу анҳу Ато ибн Абу Рабоҳ розияллоҳу анҳуга юксак даражадаги ҳавас ва эҳтиром ила:
«Сенга аҳли жаннатдан бўлган бир аёлни кўрсатайми?» демоқдалар.
Ҳа, мўмин-мусулмон банданинг беморликка сабр қилиши унинг жаннатга эришишига сабаб бўлар экан. ("Ҳадис ва Ҳаёт" китобидан).  Валлоҳу аълам!

26 Май 2022, 02:32 | Савол-жавоблар | 165 | Табобат
|
Boshqa savol-javoblar