Номалум

Ассалому алайкум! Аҳли мусулмон манда тақдир ҳақида бир савол бор эди. Мисол учун Ақтубеда бўлган фожиада 52 одам ёниб кул бўлди. Бу ҳам тақдирми? Қанча аёллар бева қолди, қанча фарзандлар етим. Боласини доғида куйган ота оналар ҳақида гапирмасам ҳам бўлади. Бунақа аянчли тақдир кимга керак...... Сценарийни бошқаларни ёзишни иложи йўқмиди. Ортидан қоладиган фарзандларга, аёлларига, ота онасига нима гунох.
«Зикр аҳлидан сўранг» ҳайъати:
- Ва алайкум ассалом! Бу гапингиз куфр ҳисобланади. Ҳадисда ёниб вафот топган шаҳид дейилган. Шаҳидларнинг мақоми тўғрисида “Уларни вафот топган деманг, улар Роббилари ҳузуридан ризқланиб турадилар” деган оят бор. Калтаўйлик қилманг, бева қолганларни ҳам ризқини берувчи Ўзидир. Уларни ажрини берувчи ҳам Ўзидир. Аллоҳ таоло “Анкабут” сурасида марҳамат қилади. أَحَسِبَ النَّاسُ أَن يُتْرَكُوا أَن يَقُولُوا آمَنَّا وَهُمْ لَا يُفْتَنُونَ۝ 2. Одамлар «Иймон келтирдик», дейишлари ила синалмай, тарк этилишларини ўйладиларми?
Яъни «Одамлар иймонни «оғиз билангина айтиб қўйиладиган қуруқ гап» деб ўйлайдиларми? Улар ўзларича, «Иймон келтирдик», деб қўйсак, иш битди, мўмин бўлдик, унинг савоби ҳам бу дунёда, ҳам у дунёда ўз-ўзидан келаверади, деб ўйлайдиларми? «Иймон» сўзидан кейин ҳеч қандай имтиҳон-синов бўлмайди, деб ўйлайдиларми?»
Қадимда ҳам, ҳозирда ҳам кўплар иймон ҳақида худди шундай нотўғри тасаввурда бўлганлар. Уларнинг фикрича, «Аллоҳга иймон келтирдим», деганидан кейин ҳамма нарса ўз-ўзидан бўлавериши керак.
Аслида, ундай эмас. Аллоҳ таоло ҳамма нарсанинг яхшисини ёмонидан, ҳақиқийсини сохтасидан ажратиш учун бу дунёда синов-имтиҳон қоидасини жорий қилиб қўйган. Маъданларнинг асли ҳам ўтга солиниб, тобланганида намоён бўлади. Йўқса, ҳамма маъдан ҳам сиртидан маъдан бўлиб кўриниб тураверади. Ўтда синалганда эса ҳақиқийси бошқаларидан ажраб чиқади.
Иймон калимасини оғизда айтиш осон. «Иймон келтирдим», деб ҳар ким ҳам айтавериши мумкин. Аммо тил билан айтилган калима дилдан чиққанми ёки йўқми, буни аниқлаш учун банда синов-имтиҳондан ўтиши керак. Бу эса қадимдан жорий бўлиб келаётган одат.
“Муъминуун”  أَفَحَسِبْتُمْ أَنَّمَا خَلَقْنَاكُمْ عَبَثًا وَأَنَّكُمْ إِلَيْنَا لَا تُرْجَعُونَ۝ 115. Наҳотки, сизни яратишимиз беҳуда бўлган ва сиз Бизга қайтарилмассиз, деб ҳисобласангиз?!

Инсоннинг миясига турли ғоялар таъсир қилганда шундай тўғри ўйлай олмай қолади. Ҳатто даҳрийларга ўхшаб Аллоҳ таолонинг зотида ҳам фикр юритишни бошлаб қолади. Валлоҳу аълам!

26 Май 2022, 03:08 | Савол-жавоблар | 159 | Турли саволлар
|
Boshqa savol-javoblar