Мевали дарахтга ишлов бериш

Ассалому алайкум! Баъзи бир боғбонларимиз мевали дарахтларни пайванд қилишади. Албатта дарахтни парвариш қилиш бу яхши лекин битта дарахтга икки уч хил мевали дарахт новдасини пайванд қилиш тўғрими?
«Зикр аҳлидан сўранг» ҳайъати:
Ва алайкум ассалом! Бу шаръан жоиз. Барча нарса инсон манфаати учун яратилган. Ундан қулай ва тўғри мақсадда фойдаланишга ҳеч қандай қаршилик йўқ. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам замоналарида от билан эшакни урчитиб ҳачир олинар эди. Бу эшак хизмат қиладиган ўринда кўпроқ фойда берарди, чунки у оддий эшакдан бир неча бор кучли бўларди. Шаҳар каби жойларда биргина дарахтдан бир неча хил мева олиш албатта фойдали бўлади. Қолаверса манзараси ҳам чиройли бўлади. Аммо бу каби ишларни инсонлар устида олиб бориш жоиз эмас. Аллоҳ таоло инсонни мукаррам қилиб яратиб, инсон наслини ҳимоя қилиш учун зинони ҳаром қилди ва бир аёл бир вақтнинг ўзида бир неча эркакка никоҳланишини ҳаром қилди. Ҳатто иддаси чиқмасидан туриб эридан бошқасига никоҳланишини ҳам ҳаром қилди. Инсон аслий ҳолатида қолиши учун ҳатто қошини теришни ҳам ман қилди. Валлоҳу аълам!

26 Май 2022, 05:29 | Савол-жавоблар | 157 | Ҳалол ва ҳаром
|
Boshqa savol-javoblar