Умрага оид саволлар

Ассалому алайкум! Қилаётган ишларингизга Роббимиз ёрдам берсин! Умра ибодатига оид саволларим бор эди: Умранинг тавофини бетахорат қилса, нима бўлади?
2. Эхромдаги киши гриппдан сақланиш мақсадида тиббиёт ниқоби билан бурни ва оғзини ёпиб юрса бўладими?
3. Эхромдаги киши тишларини тиш пастаси билан ювса бўладими? Жавоблар учун раҳмат.
«Зикр аҳлидан сўранг» ҳайъати:
Ва алайкум ассалом! Умра узоқ борса икки соатда адо бўладиган амал. Жоиз эмас дейилган ишлардан сақланишга бемалол имкон бор. Таҳоратсиз ҳолда умранинг тавофини адо этиш бетаҳорат умранинг тавофини адо этса, таҳоратсизлиги ҳайз  ёки нифос, ёки жунублик ёки оддий ҳолдаги таҳоратсизлик билан бўлсин умранинг тавофини қилса, тавофи адо топаверади. Қасддан қилгани учун гуноҳкор бўлиб, зиммасига қўй ёки эчки сўйиш вожиб бўлади. Агар буларнинг барчасидан пок бўлганидан кейин, таҳоратлик ҳолида тавофни қайтадан қилса, жарима қурбонлиги соқит бўлади. ولو طاف للعمرة كله او اكثره او اقله ولو شوطا جنبا او حائضا او نفساء او محدثا فعليه شاة لا فرق فيه بين الكثير والقليل والجنب والمحدث لانه لا مدخل في طواف العمرة البدنة ولا للصدقة بخلاف طواف  الزيارة وكذا لو ترك الاول منه ولو شوطا لزمه دم ولو اعاده سقط عنه الدم Умранинг тавофини барчасини, кўпини ёки озини, гарчи бир айлана бўлса ҳам жунуб, ҳоиза, нуфасо ёки таҳоратсиз ҳолда бажарса зиммасига қўй сўйиши вожиб бўлади. Бунда кўп, оз, жунуб ёки таҳоратсизликнинг фарқи йўқ. Чунки шариатда юқоридаги суратда умранинг тавофида туя ёки молни қурбонлик қилиш, садақа қилиш белгиланмаган. Тавофи зиёратнинг акси ўлароқ. Чунки унда ҳоиза, жунуб бир тавофни бўлса ҳам тарк қилса, унга қон лозим бўлади. Агар уни пок бўлгач қайтариб адо этса, бўйнидан қон соқит бўлади. 2). Эҳромдаги киши бир кун эҳромдан чиқмаган ҳолатда юзни тўртдан бирини беркитиб юриши қонни вожиб қилади – дейилган. Бундан озида садақа қилиш вожиб дейилган. Умрада эҳромнинг ўзи ярим кунга чўзилмайди. 3). Тиш пастасига аралаштирилган хушбўйлик миқдори кўп бўлмаса ва уни таом каби пиширилмаган бўлса эҳром ҳолатида истеъмол қилиш макруҳ бўлади, лекин садақа ҳам қурбонлик ҳам вожиб бўлмайди.  Одатда тиш пасталарида шундай бўлади. Уламолар буни фиқҳий китобларда зикр қилинган қуйидаги масалаларга қиёс қилганлар. “Ғунятунносик” китобида бир эҳромдаги киши кўпгина хушбўй нарсаларни истеъмол қилса, у оғзининг кўп қисмига теккан бўлади. Бу билан қон вожиб бўлади. Бу ҳеч нарсага аралаштирилмаган ва пиширилмаган ҳолатдагини еганнинг ҳукмидир. Агар у(жамбил, райхон, занжабил) кабиларни таомга солиб пиширса хушбўйлик ҳукмидан чиқиб таомга айлангани учун ҳеч нарса вожиб бўлмайди – деган қавлга қиёс қилишган. Одатда тиш пасталарга аралаштирилган хушбўйлик оз бўлади. (Фатавои раҳимийя). Валлоҳу аълам!

26 Май 2022, 05:43 | Савол-жавоблар | 182 | Ибодатлар
|
Boshqa savol-javoblar