Заргар тилласидан закот

Ассалому алайкум! Заргар  сотишга  ясаб қўйган тилла тақинчоқларидан (583проба) ва абаротидаги ҳали ишлов бeрилмаган (лом 583проба) тиллаларидан қандай закот бeради?
«Зикр аҳлидан сўранг» ҳайъати:
Ва алайкум ассалом! Заргарларнинг тиллолари тижорат моли бўлгани учун тайёр тақинчоқларнинг қийматини қирқдан биридан алоҳида, лом ҳолидагиларининг қийматини қирқдан биридан алоҳида беради. Масала: Тилло тақинчоғимнинг вазни 85 грамдан кам, лекин унинг ясалиш эътиборидан бозордаги нархи 85 грам тилло нархидан қиммат. Айтингчи, менга закот вожиб бўладими? Жавоб: Тилло, кумушдан закот вожиб бўлишда, уларнинг бозордаги қиймати эмас, балки вазни эътиборга олинади. لَوْ كَانَ لَهُ إبْرِيقُ ذَهَبٍ أَوْ فِضَّةٍ وَزْنُهُ عَشَرَةُ مَثَاقِيلَ أَوْ مِائَةُ دِرْهَمٍ وَقِيمَتُهُ لِصِيَاغَتِهِ عِشْرُونَ أَوْ مِائَتَانِ لَمْ يَجِبْ فِيهِ شَيْءٌ إجْمَاعًا “Бир кишининг тилло ёки кумуш кўзаси бўлиб, унинг вазни ўн мисқол (42.5 гм.) тилло ёки юз дирҳам кумуш бўлса ва унинг ясалиш эътибори билан қиймати йигирма мисқол тилло (85 гм.) ёки икки юз дирҳам кумуш (595 гм.) бўлса, ижмоан унда закот вожиб бўлмайди” (Раддул муҳтор). Кўзанинг қиймати нисобга етсада, тилло ёки кумушнинг вазни нисобга етмаганлиги сабабли бундай ҳолатда закот вожиб бўлмайди. Масала: Тилло ва кумуш тақинчоқлардан закот чиқарилаётган пайтда вазн эътиборга олинадими ёки қийматими? Жавоб: Тилло ва кумуш тақинчоқлардан закот чиқаришда жинс эътиборга олинади, яъни агар тилло тақинчоқлардан тилло, кумуш тақинчоқлардан кумуш закот чиқармоқчи бўлса, тақинчоқларнинг вазнига қараб закот чиқаради. Агар тилло ва кумуш тақинчоқларнинг закотини уларнинг жинсига хилоф бўлган нарсалар, яъни қоғоз пуллар билан закот чиқармоқчи бўлса, тақинчоқларнинг бозордаги қиймати эътиборга олинади. وَأَجْمَعُوا أَنَّهُ لَوْ أَدَّى مِنْ خِلَافِ جِنْسِهِ اُعْتُبِرَتْ الْقِيمَةُ “Тилло ва кумушнинг закотини уларнинг жинсини хилофи бўлган нарса билан адо қилса, уларнинг қиймати эътиборга олинади деб, ижмо қилганлар” (Раддул муҳтор). Тилло ва кумуш тақинчоқлар борасидаги асл масала шудир. Лекин, диёримиздаги урфда заргарлар тақинчоқ сотиб олаётган пайтда тақинчоқларнинг ясалишига эътибор бермай, вазнига эътибор берадилар, яъни тақинчоқлардаги тиллонинг вазни қанча бўлса, ўша вазн учун пул тўлайдилар. Ясалган ҳолатдаги қийматини эътиборга олмайдилар. Агар заргарлар одамларга тақинчоқ сотсалар, тиллонинг вазнига қараб эмас, ясалган ҳолатига қараб сотадилар. Шунинг учун заргарлар қўлларидаги бор тақинчоқларнинг тиллосининг вазнидан эмас, балки тақинчоқларнинг қийматидан закот чиқарадилар. Тилло тақинчоқ тижорати билан шуғулланмайдиган истеъмолчилар эса, тақинчоқларнинг вазнидан закот чиқарадилар (Имдодул фатаво). Агар тақинчоқларни истеъмол қилувчилар ҳам тақинчоқларини сотишда уларнинг вазнига қараб эмас, ясалган ҳолатига қараб сотадиган бўлсалар тақинчоқлардан закот бераётган пайтда уларнинг қийматидан закот чиқарадилар. وَلَوْ كَانَ لَهُ إبْرِيقُ فِضَّةٍ وَزْنُهُ مِائَتَانِ وَقِيمَتُهُ لِصِيَاغَتِهِ ثَلَثَمِائَةٍ إنْ أَدَّى مِنْ الْعَيْنِ يُؤَدِّي رُبُعَ عُشْرِهِ ، وَهُوَ خَمْسَةٌ قِيمَتُهَا سَبْعَةٌ وَنِصْفٌ وَإِنْ أَدَّى خَمْسَةً قِيمَتُهَا خَمْسَةٌ جَازَ ، وَلَوْ أَدَّى مِنْ خِلَافِ جِنْسِهِ يُعْتَبَرُ الْقِيمَةُ بِالْإِجْمَاعِ كَذَا فِي التَّبْيِينِ “Бир кишининг вазни икки юз кумуш дирҳам(595 гм. кумуш)га тенг кумушдан ясалган кўзаси бўлса ва унинг қиймати уч юз кумуш танга бўлса, агар закотини кумушда бермоқчи бўлса, қирқдан бири, яъни қиймати етти ярим бўлган беш дирҳам (кумуш кўзанинг вазни икки юз дирҳамга тенг қиймати эса, уч юз дирҳамга тенг. Икки юз дирҳамнинг қирқдан бири беш дирҳамдир. Кўзанинг қиймати бўлган уч юз дирҳамнинг қирқдан бири етти яримдир) беради. Агар қиймати беш дирҳам бўлган беш дирҳам берса ҳам жоиз. Агар (кумуш кўзанинг закотини кумушдан) бошқа жинсда бермоқчи бўлса ижмоан (бозордаги кўзанинг уч юз дирҳамлик) қиймат эътиборга олинади (ва уч юзнинг қирқдан бири закот сифатида берилади). “Табйинда” шундай дейилган” (Раддул муҳтор). Аёллларнинг тақинчоқлари 85 грам тиллога етса, тақинчоқларнинг бозордаги сотилиш нархи қанча бўлса, ўша нархнинг қирқдан бирини закотга ажратилади. الْمَالُ الَّذِي تَجِبُ فِيهِ الزَّكَاةُ أَدَّى زَكَاتَهُ مِنْ خِلَافِ جِنْسِهِ أَدَّى قَدْرَ قِيمَةِ الْوَاجِبِ إجْمَاعًا “Закот вожиб бўлган молнинг жинсининг хилофидан закот берса, вожиб бўлган миқдорнинг қийматини адо қилади” (Фатвои Ҳиндия). Бу худди мол қўйларнинг закотига ўхшайди. Далада юрган қўйлардан қирқдан бири берилса, тижорат қўйларидан уларнинг қийматларининг қирқдан бири берилади. Закотга ўртачасини олинганда, олинган қўйнинг қиймати ва қўйларнинг қийматининг қирқдан биридан оз бўлиши мумкин. Чунки, қиймати белгиланганда катта ва ўртанча қўйларнинг қиймати ҳам қўшилади. Валлоҳу аълам!

26 Май 2022, 07:20 | Савол-жавоблар | 152 | Молия ва тижорат
|
Boshqa savol-javoblar