Коммунал соҳа

Ассалому алайкум! Мeн ўтган йили коллeжни тамомлаб туман элeктр таъминоти корхонасига ишга кирдим. Ахоли бўйича назоратчи бўлиб ишлиман. Ишга киришимдан аввал анча оғир босиқ, вазмин бола эдим. Ҳозирда ҳар куни қарздорлик юзасидан бўладиган уруш жанжаллар туфайли ўта асабий бўлиб қолдим. Қарздор истeмолчиларни ўчириш вақтида  сўкиш, қарғиш ва лаънатлар ҳам эшитаман. Ноҳақ хеч кимни ўчирмаганман. Агарда хатоли бўсаям узр сўраб ёқиб бeраман. Аммо ҳозирги вақтда асабларим дош бeромаяпти, лаънатлар қарғишлар жон-жонимдан ўтиб кeтвоти. Ўзимни зўрға босвоман. Рўза яқинлашмоқда, бу ҳолатда қанақиб рўза тутаман ҳайронман. Жанжалсиз куним ўтмиди. Агарда рўза тутганимда жанжал вақтида жахл устида номақбул гап ёки иш қилиб қўйсам нима бўлади? Манга шу муаммолар юзасидан маслаҳат зарур. Аллоҳ барчамизга инсоф бeрсин. Олдиндан раҳмат!

«Зикр аҳлидан сўранг» ҳайъати:
Ва алайкум ассалом!Аллоҳ таъоло касбингизга барака ато қилсин. Сиз жуда ҳам масъулиятли ва шарафли ишни танлабсиз. Агар ҳаққини адо қилиб вазифангизни бажарсангиз, катта ажру мукофотларга эга бўласиз. Аксинча, нафс ва шайтонни гапига киргудек бўлсангиз, оқибати дўзах олови бўлади. Сиз ҳақни рўёбга чиқаришда бардам бўлаверинг. Ўзи электр токи, газ ва сув каби инсоний зарур нарсаларни ишлатиб, пулини тўламаслик шаръан ножоиз ва бошқаларни ҳаққини ейиш ҳисобланади. Сиз асабийликдан ўзингизни эҳтиёт қилиб ишингизни давом эттираверинг. Кишиларнинг ноҳақ қилган дуоибадлари ва қарғишлари сизга зарар бермайди. Лекин битта муҳим нарсага диққат қилинг, яъни зулм қилиб қўйишдан жуда ҳам эҳтиёт бўлинг. Чунки зулм қиёматнинг зулумотидир. Ҳақиқий маънодаги муҳтожларга қўлингиздан келганича ёрдам беринг. Валлоҳу аълам!

26 Май 2022, 07:48 | Савол-жавоблар | 188 | Долзарб саволлар
|
Boshqa savol-javoblar