Қарзни бермаяпти

Ассалому алайкум! Қўшнимга 1миллион сўм қарзга бергандим. Эртага бераман деб ваъда берган эди. Лекин 3 ойдан кўп вақт ўтди ҳамки пулни бермай келмоқда. Кўп марта сўрадим қилиб бераман дейишдан нарига ўтмаяпти. Ўзим пулга қийналган пайтимда бировлардан сўраб юрибман. Илтимос кенгрок тушунтириб беринглар ва буни ҳамма кўрсин ўқисин, афсус бунақа ёлғончи ва лабзсиз инсонлар орамизда кўп учрамоқда. Олдиндан раҳмат, ишларингизга ривож.
«Зикр аҳлидан сўранг» ҳайъати:
Ва алайкум ассалом! ҚАРЗНИ ИНКОР ҚИЛИШНИНГ ЁМОНЛИГИ Ҳожати тушганда ўзини хору зор тутиб, синиқлик кўрсатиб, ялиниб-ёлвориб юрган одамлардан баъзилари иши битиб, ҳожати раво бўлганидан кейин қарзни инкор қилиш даражасигача етиб бормоқдалар. Танишлардан бирининг айтишича, бир одам бошқасидан ялиниб юриб қарз олган. Иши битгач, қарзни қайтармай чўзиб юрган. Қарз берган одамнинг ўзига пул керак бўлиб, қарзни қайтаришини сўраб борган. Аввалига «Кейинроқ келинг», деган жавобни олган. Кейин алдаш давом этган. Охири бориб, «Мен сендан қарз олганим йўқ, яна келсанг, миршабларни чақириб, менга туҳмат қиляпти, деб қаматвораман», дейишга ўтган. Интернет орқали менга бу борада келадиган саволлардан бирини эътиборингизга тақдим этишга рухсатингизни сўрайман: «Ассалому алайкум, ҳурматли шайх Ҳазратлари! Менинг саволим қуйидагича: бундан 4 йил олдин мен бир яқин танишимга катта миқдорда пул берганман. Албатта, қарз сифатида. У менга «10 кунда қайтараман», деб айтган эди. «Тилхат ёз», десам, у менга: «Худо бор-ку, 10 кунда бераман», деганди. Мен ҳам Худони тилга олгани учун ишондим. Мана, 4 йил бўлдики, ҳануз қайтармади. Лекин маълум қисмини, озгинасини қайтарган. Бир неча бор уйига бордим. «Қайтараман», деб алдаб келди. Мен ундан қарзни суд орқали қайтариб олмоқчи бўлдим ва ИИБ ходимларига мурожаат қилдим. Уларнинг олдида: «Мен пул олганим йўқ, олган бўлсам, Худо урсин», деб қасам ичди. Менинг эса Худодан бошқа гувоҳим йўқ. Шунинг учун сизга мурожаат қилмоқдаман. Илтимос, менга маслаҳат беринг. Олдиндан катта раҳмат». Бунга ўхшаш мактублар жуда кўп. Баъзи одамлар бировнинг ҳақини еб кетишдан мутлақо қўрқишмайди. Бир одам ўзининг молидан ўзига ишлатмасдан, муҳтож бўлиб турган кишига бериб, унинг мушкулини осон қилса-ю, муҳтож одамнинг иши битиб, муҳтожлиги кетгач, «Мен сендан қарз олганим йўқ», деб тониб кетса! Бундан ёмон, бундан пасткаш одам  борми дунёда?! Аллоҳ таоло Нисо сурасида марҳамат қилади: يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُواْ لاَ تَأْكُلُواْ أَمْوَالَكُمْ بَيْنَكُمْ بِالْبَاطِلِ «Эй иймон келтирганлар! Бир-бирларингизнинг молларингизни ботил йўл билан еманг» (29-оят). Бировнинг молини ботил йўл билан ейишга рибо, қимор, порахўрлиқ алдамчилиқ нархни сунъий равишда кўтариш, ўғрилиқ қиморбозлиқ товламачилиқ қарзни инкор қилиш  каби ишлар киради. Бир-бирининг молини ботил йўл билан ейиш одати бор жамиятлар ўзини ўзи ҳалокатга олиб борганини ва бораётганини ҳамма кўриб-билиб турибди. Умуман, Аллоҳнинг айтганидан чиқиш, Унга маъсият қилиш ҳалокатга элтиши аниқ эканига шубҳа йўқ. Жумладан, ботил йўл билан мол ейиш ҳам катта маъсият сифатида ҳалокатга сабаб бўлади. Шунинг учун бундай жамиятларнинг аъзолари ҳам қарз эгаси тарафида бўлишлари, қарзни инкор қилаётган нобакорга қарши туришлари, қарз эгасига ўзининг ҳалол мулкини қайтариб олишида ёрдамчи бўлишлари лозим. Шу билан бирга, қарздан тонаётган тараф билиб қўйсинки, охиратдаги ашаддий азобларнинг устига бошқа нарслар ҳам мавжуд. عَنِ الْقَاسِمِ مَوْلَى مُعَاوِيَةَ، أَنَّهُ بَلَغَهُ أَنَّ رَسُولَ اللهِ صَلَي الله عَلَيْهِ وَسَلَّم قَالَ: «مَنْ تَدَيَّنَ وَهُوَ يُرِيدُ أَنْ يَقْضِيَهُ، حَرِيصٌ عَلَى أَنْ يُؤَدِّيَهُ، مَاتَ وَلَمْ يَقْضِ دَيْنَهُ، فَإِنَّ اللهَ قَادِرٌ عَلَى أَنْ يُرْضِيَ غَرِيمَهُ بِمَا شَاءَ مِنْ عِنْدِهِ، وَيَغْفِرُ لِلْمُتَوَفَّى، وَمَنْ تَدَيَّنَ بِدَيْنٍ وَهُوَ لَا يُرِيدُ أَنْ يَقْضِيَهُ، فَمَاتَ عَلَى ذَلِكَ لَمْ يُقْضَ دِينُهُ، فَإِنَّهُ يُقَالُ لَهُ: ظَنَنْتَ أَنَّا لَا نُوَفِّي فُلَانًا حَقَّهُ مِنْكَ، فَيُؤْخَذُ مِنْ حَسَنَاتِهِ فَتُجْعَلُ زِيَادَةً فِي حَسَنَاتِ رَبِّ الدَّيْنِ، فَإِنْ لَمْ يَكُنْ لَهُ حَسَنَاتٌ أَخَذَ مِنْ سَيِّئَاتِ رَبِّ الدَّيْنِ فَجُعِلَتْ فِي سَيِّئَاتِ الْمَطْلُوبِ». رَوَاهُ الْبَيْهَقِيُّ Муовиянинг мавлоси Қосимдан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: «Ким адо қилиш нияти билан қарз олса, уни адо қилишга қатъиятли бўлиб туриб, қарзни адо қилмасидан олдин ўлса, албатта, Аллоҳ таоло унинг талабгорини Ўз ҳузуридаги истаган нарса билан рози қилишга қодирдир. Вафот этганни ҳам мағфират қилади. Ким адо қилмаслик нияти билан қарз олса ва ўша ҳолида, қарзини адо қилмай ўлиб қолса, унга «Сен фалончининг ҳақини сендан тўлиқ олиб бермаслигимизни гумон қилганмидинг?» дейилади. Унинг яхшиликларидан олиниб, қарз эгасининг яхшиликларига зиёда ўлароқ қўшилади. Агар унинг яхшиликлари бўлмаса, қарз эгасининг ёмонликларидан олинади ва қарздорнинг ёмонликларига қўшилади». Байҳақий ривоят қилган. Нияти бузуқнинг ҳоли шу бўлса, қарздан тониб ўтиб кетганнинг ҳоли қандай бўлишини ҳар ким ўзи билиб олаверсин. Аввало қарз олишгача бориб қолмаслик чорасини кўриш керак. Мабодо қарз олишга эҳтиёж тушганда ҳам, яхши ният билан «Аллоҳ таолонинг ёрдамида албатта қарзимни узаман», деган ниятни қилиб, уни амалга ошириш учун ғайрат қилиш лозим. Ана ўшанда Аллоҳ таоло Ўзи ёрдамчи бўлади, ишлар яхшиликка бурилади. Яхши ният ёр бўлади. Аммо киши ишни ёмон ният билан бошласа, ёмон нияти ўзининг бошига етади. Қарзини узмай ўтиб кетганидан кейин ҳам қутула олмайди. У дунёда Аллоҳ таолонинг Ўзи унинг жазосини беради. ҚАРЗИНИ УЗМАЙ ВАФОТ ЭТГАН ОДАМ Ҳар бир қарздор тезроқ қарзини узиш пайида бўлиши керак. Қарзни узмай туриб вафот этиб қолиш жуда ҳам оғир вазиятни юзага келтиради. Ўлган бандадан Аллоҳ таоло Ўз ҳақини кечиб юбориши мумкин, аммо қарз банданинг ҳақидир. Бу ҳақни қарз эгасининг ўзи кечмагунча, Аллоҳ таоло кечмайди. Шунинг учун ҳам қай бир мусулмон вафот этса, аввало унинг қарзи суриштирилади ва ўша қарзни узиш чоралари кўрилади. Вафот этган кишидан қолган тарикага, яъни «тарк қилинган нарса»га  бир неча ҳақлар боғлиқ бўлади ва улар қуйидаги тартиб ила адо этилади: 1. Бир мусулмон одам вафот этганидан сўнг унинг тарикаси ҳисоб қилиниб, биринчи галда уни кафанлаб, кўмиш учун кетадиган харажатлар ажратилади. Бунда уни кафанлашга, ювишга, гўрини қазишга, олиб бориб, кўмишга кетадиган харажатлар ўртача ҳисоб билан чиқарилади. Бу харажатлар учун кетадиган молда меросхўрларнинг ҳаққи бўлмайди. 2. Ундан кейин одамлардан қарзи бўлса, ўша қарз учун бериладиган маблағ ажратилади. Бу ҳақ ҳам меросхўрларнинг ҳаққидан устун ҳақ ҳисобланади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Имом Аҳмад ривоят қилган ҳадисда: «Мўминнинг руҳи то адо этилмагунча, қарзига боғлиқ бўлиб туради», деганлар. Бошқа ҳадисларда айтилишича, маййит ҳатто шаҳид бўлса ҳам, қарзи туфайли ўз даражасига эриша олмай туради. Фақат яқинлари унинг қарзини адо этганларидан кейингина шаҳидларга ваъда қилинган мартабаларга эришади. Шунинг учун ҳам қарз меросхўрлар ҳаққидан устун қўйилади. Фараз қилайлиқ қарзи бор, аммо уни узишга ортида бирор нарсаси йўқ одамнинг ҳоли нима бўлади? Бундай ҳолда вафот этган одам Аллоҳ таолонинг ҳузуридаги энг катта гуноҳ бўлмиш ширкдан кейинги ўринда турадиган гуноҳни қилиб ўлган бўлади. عَنْ أَبِي مُوسَى رَضِي اللهُ عَنْهُ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَي الله عَلَيْهِ وَسَلَّم قَالَ: «إِنَّ أَعْظَمَ الذُّنُوبِ عِنْدَ اللهِ أَنْ يَلْقَاهُ بِهَا عَبْدٌ بَعْدَ الْكَبَائِرِ الَّتِي نَهَى اللهُ عَنْهَا أَنْ يَمُوتَ رَجُلٌ وَعَلَيْهِ دَيْنٌ لَا يَدَعُ لَهُ قَضَاءً». رَوَاهُ أَبُو دَاوُدَ Абу Мусо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳнинг наздида Аллоҳ наҳйи қилган кабира гуноҳлардан кейинги энг оғир гуноҳ бир кишининг зиммасидаги қарзини узишга нарса қолдирмай ўлиб, у Зотга рўбарў бўлишидир», дедилар». Абу Довуд ривоят қилган. Бировдан олган қарзини узмасдан ёки уни узишга имкон қолдирмасдан ўлиб кетишдан оғир нарса йўқлигини баён қилиш учун бу сўзлардан ортиқ ифода топилмаса керак. عَنْ جَابِرٍ  رَضِي اللهُ عَنْهُ قَالَ: كَانَ رَسُولُ اللهِ صَلَي الله عَلَيْهِ وَسَلَّم لَا يُصَلِّي عَلَى رَجُلٍ مَاتَ وَعَلَيْهِ دَيْنٌ، فَأُتِيَ بِمَيِّتٍ، فَقَالَ: «أَعَلَيْهِ دَيْنٌ؟» قَالُوا: نَعَمْ دِينَارَانِ، قَالَ: «صَلُّوا عَلَى صَاحِبِكُمْ»، قَالَ أَبُو قَتَادَةَ: هُمَا عَلَيَّ يَا رَسُولَ اللهِ، فَصَلَّى عَلَيْهِ رَسُولُ اللهِ صَلَي الله عَلَيْهِ وَسَلَّم، فَلَمَّا فَتَحَ اللهُ عَلَى رَسُولِهِ قَالَ: «أَنَا أَوْلَى بِكُلِّ مُؤْمِنٍ مِنْ نَفْسِهِ، فَمَنْ تَرَكَ دَيْنًا فَعَلَيَّ قَضَاؤُهُ، وَمَنْ تَرَكَ مَالًا فَلِوَرَثَتِهِ». رَوَاهُ الْخَمْسَةُ Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам зиммасида қарзи бўла туриб ўлган одамга жаноза намози ўқимас эдилар. Бир маййит олиб келинди. Бас, у зот: «Унинг зиммасида қарз борми?» дедилар. «Ҳа, икки динор», дейишди. «Соҳибингизга ўзингиз жаноза ўқинг», дедилар. «Ўша икки динор менинг зиммамга, эй Аллоҳнинг Расули», деди Абу Қатода. Шунда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам у(маййит)га жаноза ўқидилар. Аллоҳ Ўз Расулига фатҳ ато қилганидан кейин: «Мен ҳар бир мўмин учун унинг ўзидан ҳам яқинман. Ким қарз қолдирса, уни адо этиш менинг зиммамда. Ким мол тарк қилса, меросхўрларига», дедилар». Бешовлари ривоят қилишган. Бу ҳадиси шариф зиммасида қарзи бўлатуриб ўлиш ўзига яраша муомала талаб қилишини кўрсатади. Ушбу ҳадисга амал қилган ҳолда, ҳозирда ҳам ҳар бир маййитга жаноза намози ўқишдан олдин унинг қарзи бор-йўқлиги сўралади. Унинг қарзларини яқин кишилардан бири ўз зиммасига олганидан кейингина жаноза намози ўқилади. Шариат ҳукми бўйича бирор маййитнинг қарзини ўз зиммасига оладиган киши топилмаса, унинг қарзи хазинадан узилади. Хазина бўлмаган жойларда мазкур қарз шу ерлик мусулмонларнинг закотидан адо этилиши мумкин. Аммо бугунги кунимизда бу шаръий ҳукмни ҳам ўз фойдасига ўзича талқин қиладиганлар топилди. Баъзи одамлар оқибатини ўйламай, катта миқдорда қарз олишни ўзларига эп кўрмоқдалар. Биладиган кишилар уларга қарзни узишни ҳам ўйлаш кераклигини эслатсалар, «Жанозамизда қарзимизни бирорта одам ўз зиммасига олса, қутулиб кетамиз», деган гапни айтмоқдалар. Лекин асл ҳақиқат уларнинг хом хаёлларидаги каби эмас. Маййитнинг қарзини биров зиммасига олса, жаноза ўқилади. Аммо бу ўша маййит қарздан тамоман қутулди, дегани эмас. Келинг, ушбу маънони ҳадиси шарифлар орқали ўрганайлик. وَلِلنَّسَائِيِّ: «وَالَّذِي نَفْسِي بِيَدِهِ لَوْ أَنَّ رَجُلًا قُتِلَ فِي سَبِيلِ اللهِ ثُمَّ أُحْيِيَ، ثُمَّ قُتِلَ ثُمَّ أُحْيِيَ، ثُمَّ قُتِلَ وَعَلَيْهِ دَيْنٌ مَا دَخَلَ الْجَنَّةَ حَتَّى يُقْضَى عَنْهُ دَيْنُهُ Насоий қилган ривоятда: «Менинг жоним қўлида бўлган Зот ила қасамки, агар бир киши Аллоҳнинг йўлида қатл қилинса, сўнг тирилтирилса, яна қатл қилинса ва тирилтирилса, сўнг яна қатл қилинса-ю, унинг зиммасида қарзи бўлса, қарзи адо этилмагунча жаннатга кирмас», дейилган. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қасам ичиб туриб айтишлари ҳам бу ишнинг қанчалик аҳамиятли эканини кўрсатади. Аллоҳ таолонинг йўлида шаҳид бўлиш қанчалик улуғ мақом! Шаҳид учун жаннат эшиклари доимо катта очиқ. Лекин қарз иши ниҳоятда оғир. Агар инсон Аллоҳнинг йўлида бир эмас, уч марта шаҳид бўлса ҳам, қарзини адо қилмаган бўлса, жаннатга кира олмайди. Ундай одамнинг жаннатга кириши олган қарзининг узилишига боғлиқ бўлиб қолади. Қарзи узилса, жаннатга киради, бўлмаса йўқ. Чунки қарз, қайта-қайта таъкидланганидеқ банданинг ҳақи, бу ҳақни фақат ўз эгаси кечади. Аллоҳ таоло кечмайди. Қарз олиб, уни узмай юрганлар бу ҳақиқатни яхшилаб англаб олмоқлари лозим. عَنْ سَمُرَةَ: أَنَّ النَّبِيَّ صَلَي الله عَلَيْهِ وَسَلَّم صَلَّى الْفَجْرَ فَقَالَ: «هَاهُنَا مِنْ بَنِي فُلَانٍ أَحَدٌ؟» ثَلَاثًا، فَقَالَ رَجُلٌ: أَنَا، قَالَ: فَقَالَ: «إِنَّ صَاحِبَكُمْ مَحْبُوسٌ عَنِ الْجَنَّةِ بِدَيْنِهِ». رَوَاهُ أَحْمَدُ Самура розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Бомдодни ўқиб бўлиб, уч марта: «Бу ерда Бану Фулондан ким бор?» дедилар. Бир киши: «Мен», деди. Соҳибингиз қарзи туфайли жаннатдан тўсилиб турибди», дедилар». Аҳмад ривоят қилган. Бомдод намозидан кейин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам намозхон қавмга қараб ушбу ҳадиси шарифдаги мурожаатни қилганлар. Номи айтилган уруғнинг вафот этган кишиси жаннатга кира олмай тургани у зот алайҳиссаломга Аллоҳ таоло томонидан билдирилган. Тасаввур қилинг-а, бир одам вафот этиб, сўроқ-саволи битса-ю, фақат биргина нарса сабабидан жаннатга кира олмай турса! Бу одамнинг ҳамма иши яхши экан: иймон-эътиқоди жойида, тақво-ибодати жойида, одамлар билан муомаласи жойида. Жаннатга киришга ҳақли. Аммо бечора банда жаннатга кира олмай турибди. Чунки бир одамдан қарзи бор экан, ўшани узмай туриб вафот этиб қолибди. Қариндошлари ҳам бепарво қолибди. Энди эса Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ўлган одамнинг қариндошларини унга ёрдам беришга чақирмоқдалар. Меросхўрлар, қариндошлар ўлганнинг қарзини узмагунларича, у банда охират диёрида хижолат чекиб турар экан. Ушбу ҳадиси шариф ва ундаги маъно ҳаммамизни бу масалада жуда ҳам эҳтиёткор ва аҳамиятли бўлишга чорлайди. Ўзимиз ва қариндошларимизда ўзганинг бирор чақа ҳақи қолмаслиги учун алоҳида эътибор билан ҳаракат қилишимиз зарурлигини кўрсатади. عَنْ سَعْدِ بْنِ الْأَطْوَلِ: أَنَّ أَخَاهُ مَاتَ وَتَرْكَ ثَلَاثَ مِائَةِ دِرْهَمٍ، وَتَرَكَ عِيَالًا، فَأَرَدْتُ أَنْ أُنْفِقَهَا عَلَى عِيَالِهِ، فَقَالَ النَّبِيُّ صَلَي الله عَلَيْهِ وَسَلَّم «إِنَّ أَخَاكَ مَحْبُوسٌ بِدَيْنِهِ، فَاقْضِ عَنْهُ»، فَقَالَ: يَا رَسُولَ اللهِ، فَقَدْ أَدَّيْتُ عَنْهُ إِلَّا دِينَارَيْنِ ادَّعَتْهُمَا امْرَأَةٌ وَلَيْسَ لَهَا بَيِّنَةٌ، قَالَ: «فَأَعْطِهَا، فَإِنَّهَا مُحِقَّةٌ». رَوَاهُ أَحْمَدُ Саъд ибн Атвалдан ривоят қилинади: «Акам ўлиб, ортидан уч юз дирҳам пул ва аҳли аёли қолди. Мен пулларни аҳли аёлига сарфламоқчи бўлдим. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аканг қарзи туфайли тўсилиб турибди. Унинг қарзини уз», дедилар. Мен: «Эй Аллоҳнинг Расули! Унинг қарзларини адо қилдим. Фақатгина бир аёл ҳужжатсиз даъво қилган икки динор қолди», дедим. «Ўшанга бер, у ҳақлидир», дедилар». Аҳмад ривоят қилган. Бу ҳадиси шарифда аввалги ҳадисдаги мавзу яна ҳам нозикроқ тарзда давом этмоқда. Вафот этган одамнинг укаси акасининг қолдирган пулидан қарзларини узиб бўлиб, қолганини унинг аҳли аёлига сарфламоқчи бўлиб турганида, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга ҳали ўлгандан қолган маблағни унинг аҳли аёлига сарфлаш вақти келмагани, ўлган шахс қарзи туфайли жаннатдан тўсилиб тургани ҳақида хабар бермоқдалар. Ука акасининг қарзларини узиб бўлган экан. Фақтгина ҳужжат ва далили, гувоҳи йўқ бир аёл даъво қилган икки диноргина қолган экан. Ана ўша икки динор сабабидан унинг акаси жаннатга киролмай турган экан. Қаранг-а, банданинг ҳақи қандай ҳам нозик ва аҳамиятли! Бир банда ўзидаги Аллоҳ таолонинг ҳақини ва бандаларнинг ҳақини тўлалигича адо этибди. Фақатгина бир аёлнинг икки динор ҳақи қолибди. Шунинг учун у одам охиратда жаннатга киролмай турибди. Бас, шундай экан, у ҳодда «Ўлсам, жанозамда биров «Қарзини мен тўлайман», деса, қутулиб кетаман», дея бўлган-бўлмаганга одамлардан қарз олиб юрганларнинг ҳоли нима кечади? Албатта, уларнинг ҳоли ўта аянчли бўлади. Шунинг учун билиб-билмай, шариат кўрсатмалари бўйича ўзича қарор чиқариш ўта даҳшатли ишдир. Бу борада тўлиқ ва тўғри маълумотга эга бўлмай туриб маҳмадоналик қилмаслик керак. (“Қарз” китобидан). Валлоҳу аълам!

26 Май 2022, 09:42 | Савол-жавоблар | 174 | Долзарб саволлар
|
Boshqa savol-javoblar