Табут Сакина

Ассалому алайкум! Азиз устозлар Тобут Сакина нима? Жавоб учун олдиндан рахмат.
«Зикр аҳлидан сўранг» ҳайъати:
Ва алайкум ассалом! Аллоҳ таоло “Бақара” сурасида марҳамат қилади : وَقَالَ لَهُمْ نِبِيُّهُمْ إِنَّ آيَةَ مُلْكِهِ أَن يَأْتِيَكُمُ التَّابُوتُ فِيهِ سَكِينَةٌ مِّن رَّبِّكُمْ وَبَقِيَّةٌ مِّمَّا تَرَكَ آلُ مُوسَى وَآلُ هَارُونَ تَحْمِلُهُ الْمَلآئِكَةُ إِنَّ فِي ذَلِكَ لآيَةً لَّكُمْ إِن كُنتُم مُّؤْمِنِينَ۝ 248. Набийлари уларга: «Албатта, унинг подшоҳлигининг ояти (белгиси) – сизларга ичида Роббингиздан сакина ва Оли Мусодан ҳамда Оли Ҳорундан қолдиқ бор сандиқ келишидир. Уни фаришталар кўтариб келур. Агар мўмин бўлсаларингиз, албатта, бу нарсада сизларга оят (белги) бор», – деди. Бану Исроилга Толутнинг ҳақиқатда Аллоҳ томонидан тайин қилинган подшоҳ эканини исбот этиш учун уларни қойил қолдирадиган, одатдан ташқари, Аллоҳдан бошқа ҳеч кимнинг қўлидан келмайдиган бир мўъжиза содир этиляпти. Маълумки, Мусо алайҳиссаломнинг вафотларидан кейин Бану Исроилга Юшаъ алайҳиссалом раҳбар бўлган эдилар. Ўша пайтда уларни муқаддас ерларидан ҳайдаб чиқарган душманлари бир қанча муқаддас нарсаларини ҳам тортиб олган эди. Мазкур тортиб олинган нарсалар ичида жумладан, Бану Исроилга хос бир машҳур тобут – сандиқ ҳам бор эди. Мусо алайҳиссалом қачон урушга кирсалар, ўша тобутни ўз аскарларининг олдида боришини таъминлар эдилар. Шунда Бану Исроилнинг қалбига хотиржамлик тушиб, урушдан қочишмас эди. Кейинчалик у тобутга Мусо ва Ҳорун алайҳиссаломлардан қолган эсдалик – табаррук нарсаларни солиб қўйишган эди. Жумладан, мазкур тобутда Аллоҳ таоло Мусо алайҳиссаломга Тур тоғида берган лавҳлар, у кишининг ҳассалари, кийимлари, кавушлари, Ҳорун алайҳиссаломнинг саллалари каби нарсалар бор эди. Уламоларимиз буни: «Пайғамбарлардан қолган нарсаларни табаррук тутишга далилдир», – деганлар. Пайғамбарлари: «Тобутни фаришталар кўтариб келиши Толутнинг подшоҳлигига белгидир, агар ҳақиқий мўмин бўладиган бўлсангиз, ушбу мўъжизанинг ўзи кифоя қилади», – деди. Кейинги оятлардаги маънога қараганда, бу иш рўй бериб, Бану Исроилда ишонч ҳосил бўлганга ўхшайди: فَلَمَّا فَصَلَ طَالُوتُ بِالْجُنُودِ قَالَ إِنَّ اللّهَ مُبْتَلِيكُم بِنَهَرٍ فَمَن شَرِبَ مِنْهُ فَلَيْسَ مِنِّي وَمَن لَّمْ يَطْعَمْهُ فَإِنَّهُ مِنِّي إِلاَّ مَنِ اغْتَرَفَ غُرْفَةً بِيَدِهِ فَشَرِبُواْ مِنْهُ إِلاَّ قَلِيلاً مِّنْهُمْ فَلَمَّا جَاوَزَهُ هُوَ وَالَّذِينَ آمَنُواْ مَعَهُ قَالُواْ لاَ طَاقَةَ لَنَا الْيَوْمَ بِجَالُوتَ وَجُنودِهِ قَالَ الَّذِينَ يَظُنُّونَ أَنَّهُم مُّلاَقُو اللّهِ كَم مِّن فِئَةٍ قَلِيلَةٍ غَلَبَتْ فِئَةً كَثِيرَةً بِإِذْنِ اللّهِ وَاللّهُ مَعَ الصَّابِرِينَ۝ 249. Толут лашкарлар билан чиққанда: «Албатта, Аллоҳ сизни дарё билан синовчидир, ким ундан ичса, у мендан эмас. Ва ким уни тановул қилмаса, у албатта мендандир. Магар биров қўли билан бир ҳовуч олса, майли», – деди. Озгиналаридан бошқалари ундан ичдилар. У ва у билан бирга иймон келтирганлар у(дарё)дан ўтганларида: «Бугун бизда Жолут ва унинг лашкарлари билан жанг қилишга қудрат йўқ», – дедилар. Ўзларини Аллоҳга рўбарў бўлувчи деб билганлар: «Қанчадан-қанча оз сонли гуруҳлар Аллоҳнинг изни билан кўп сонли гуруҳларга ғолиб келган. Аллоҳ сабрлилар биландир», – дедилар. Ва, ниҳоят, Бану Исроилнинг жиҳоддан қочмай қолган одамлари Толутнинг Аллоҳ тайин қилган подшоҳ эканига ишонтирилгач, Толут улардан аскар тайёрлади. Сўнгра, уруш қилиш вақти етиб келди. Улар жўнадилар. Шунда Толутнинг ҳақиқий аскарбоши экани намоён бўлди. У аскарларининг ҳолатини яхши биларди. Улар авваллари мағлубиятга учраб юрган, хорликка кўникиб қолган эдилар. Душман эса кучли, ғалабага одатланиб қолган. Ундай душманга ғолиб келиш учун мустаҳкам иродага эга бўлиш керак. Шунинг учун Толут ўз аскарларининг иродасини синаб кўрмоқчи бўлди. Шаҳардан чиққанларида синов шартини эълон қилди. «Толут лашкарлар билан чиққанда: «Албатта, Аллоҳ сизни дарё билан синовчидир, ким ундан ичса, у мендан эмас. Ва ким уни тановул қилмаса, у албатта мендандир. Магар биров қўли билан бир ҳовуч олса, майли», – деди». Йўлда бир имтиҳон учрайди, ким иродаси кучли бўлиб, чанқоқликка чидаб, унинг сувидан ичмаса, синовдан ўтган бўлади – Толутнинг ҳақиқий аскарига айланади. Ким иродасизлик қилиб, дарёнинг сувидан ичиб олса, аскарликка қабул қилинмайди. Бир оз сувсизликка чидай олмаган одам жиҳоднинг машаққатларига чидай олмаслиги турган гап. Шу билан бирга, Толут томоқни ҳўллаб олиш учун сувдан бир ҳўплам ичишга рухсат берди. Юриб бориб, дарёга ҳам етишди: «Озгиналаридан бошқалари ундан ичдилар». Синовдан ўтиша олмади. Оғир ишга киришишдан олдин одамларни фақат оғзаки синов эмас, балки амалий синовдан ҳам ўтказиш зарурлиги шундан билинади. Биринчи амалий синовдаёқ Толутнинг аскари сараси сарага, пучаги пучакка ажради. Синовдан ўтмаганлар ажраб қолдилар. Имом Бухорий Баро ибн Озиб розияллоҳу анҳудан қилган ривоятда у киши: «Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Бадр уруши куни қатнашган саҳобаларининг сони уч юз ўн неча киши – Толут билан дарёдан ўтган шерикларининг сонига тенг келганини гаплашар эдик; у билан фақат мўминларгина ўтган», – деган эканлар. «У ва у билан бирга иймон келтирганлар у(дарё)дан ўтганларида: «Бугун бизда Жолут ва унинг лашкарлари билан жанг қилишга қудрат йўқ», – дедилар». Лекин иймонлилар ичида ҳам заифлар пайдо бўлди. Душманга рўбарў келганда ўзларининг озлиги, душманнинг қувватли эканини сезиб, урушда қатнаша олмасликларини, тоқатлари йўқлигини баён қилишди. Улар вазиятни ўз тарозиларига солиб кўриб, ғолиб келишларига кўзлари етмади. Шунда ҳақиқий мўминлар, ҳамма нарсани илоҳий ўлчов билан ўлчайдиганлар юзага чиқдилар. «Ўзларини Аллоҳга рўбарў бўлувчи деб билганлар: «Қанчадан-қанча оз сонли гуруҳлар Аллоҳнинг изни билан кўп сонли гуруҳларга ғолиб келган. Аллоҳ сабрлилар биландир», – дедилар». Ўзи асл нарса оз бўлади. Ҳақиқий мўминлар ҳам оз бўладилар. Чунки улар хатарли сўқмоқлардан қийинчиликларни енгиб ўтиб, мақсадга етадилар, Аллоҳ танлаган муқарраб бандалар қаторига кирадилар. Бу ҳаммага ҳам насиб қилавермайди. Ундайлар Парвардигори Оламга рўбарў бўлишларига қатъий ишонадилар. Шунинг учун ҳамма машаққатларни енгишга тайёр бўладилар. Ҳамма нарса «Аллоҳнинг изни билан» бўлишига ишонадилар. Шунинг учун сонлари оз бўлса ҳам қўрқмайдилар. Улар Аллоҳ сабр қилувчилар билан бирга эканини яхши биладилар. Аллоҳнинг Ўзидан сабр тилаб, қўрқмай, кўп сонли ва қувватли душманнинг кўзига тик боқиб бораверадилар. (“Тафсири Ҳилол” китобидан). Валлоҳу аълам!

26 Май 2022, 11:48 | Савол-жавоблар | 142 | Ислам
|
Boshqa savol-javoblar