Тезликни ошириш

Ассалому алайкум! Мутасадди органлар томонидан кўп аҳоли истиқомат қиладиган жойларда пиёдалар ва ҳайдовчиларнинг хавфсизлиги учун маълум тезлик меъёрлари ўрнатилади. Шаҳар ичида автоуловларни бошқариш тезлиги баъзи жойларда 50км/с — 70 км/с ва ҳоказони ташкил этади. Айтингчи, машинани бошқаришда шу белгиланган тезликдан ошириш гуноҳ эмасми?
«Зикр аҳлидан сўранг» ҳайъати:
Ва алайкум ассалом! Фуқаҳоларимиз “Тартиб интизом учун йўлга қўйилган қоидаларга амал қилиш керак” дейишади. Ҳатто тезликни оширмаслик керак бўлган ўринда тезликни ошириб ҳалокатга учраса, Аллоҳ таоло қуйидаги ояти остига киришини ҳам таъкидлаганлар. وَأَنفِقُواْ فِي سَبِيلِ اللّهِ وَلاَ تُلْقُواْ بِأَيْدِيكُمْ إِلَى التَّهْلُكَةِ وَأَحْسِنُوَاْ إِنَّ اللّهَ يُحِبُّ الْمُحْسِنِينَ۝ 195. Ва Аллоҳнинг йўлида нафақа қилинг. Ўзингизни ҳалокатга ташламанг. Яхшилик қилинг, албатта, Аллоҳ яхшилик қилувчиларни севадир. “Бақара” сураси 195-оят. Ушбу оятининг тафасирида Устозимиз қуйидагиларни ёзганлар : Бу ояти каримада Аллоҳ таоло мусулмонларни Ўзининг йўлида пул-мол нафақа қилишга амр қилмоқда. «Ва Аллоҳнинг йўлида нафақа қилинг». Бунга савоб ва хайрли ишлар учун нафақа қилиш киради. «Ўзингизни ҳалокатга ташламанг» жумласида бир неча хил маъно бор. Бири: «Аллоҳнинг йўлида нафақа қилмай, ўзингизни ҳалокатга дучор қилманг», яъни «Бахиллигингиз ҳалокатга сабаб бўлмасин», дегани. Яна бир маъноси: «Ўзингизни ўзингиз ўлдирманг. Бир киши ўзининг ўлимига ўзи сабаб бўлса, «ўзини ўзи ўлдирди», – дейилади. Шунга ўхшаган бўлмасин», дегани. Имом Олусий: «Ушбу оятдан ўлимга сабаб бўладиган нарсага бормаслик чиқади», – деганлар. (“Тафсири Ҳилол” китобидан). Валлоҳу аълам!

26 Май 2022, 12:07 | Савол-жавоблар | 144 | Ҳалол ва ҳаром
|
Boshqa savol-javoblar