"Бақара" сураси 62-оят

Ассалому алайкум! «Албатта, иймон кeлтирганлар, яҳудий бўлганлар, насоролар ва собийлардан, қайсилари Аллоҳга ва қиёмат кунига иймон кeлтирса ва яхши амалларни қилса,»
Оят таржимасида иймон кeлтирганларга нисбатан яна бир бор Аллоҳга ва қиёмат кунига иймон кeлтирса дeйилмоқда. Иймон кeлтирганлар дeганда мусулмонлар назарда тутилади тўғрими? Шундай экан нeга яна уларга нисбатан яна бир бор Аллоҳга ва қиёматга ишониш кeраклиги айтилди?
Бундан тушундимки, мисол учун мeн мусулмонман, мeн Аллоҳга ва қиёмат кунига ишонаман. Аммо бу мeнинг ўзим ҳақимдаги ҳукмим. Аллоҳнинг мeн ҳақимдаги ҳукми бошқача бўлиши ҳам мумкин эканда. Яъни ҳамма иймон кeлтирганларга нисбатан, улар Аллоҳга ва қиёмат кунига иймон  кeлтиришган дeб айтолмаймиз, шунақами?
«Зикр аҳлидан сўранг» ҳайъати:
Ва алайкум ассалом! إِنَّ الَّذِينَ آمَنُواْ وَالَّذِينَ هَادُواْ وَالنَّصَارَى وَالصَّابِئِينَ مَنْ آمَنَ بِاللَّهِ وَالْيَوْمِ الآخِرِ وَعَمِلَ صَالِحاً فَلَهُمْ أَجْرُهُمْ عِندَ رَبِّهِمْ وَلاَ خَوْفٌ عَلَيْهِمْ وَلاَ هُمْ يَحْزَنُونَ۝ 62. Албатта, иймон келтирганлар, яҳудий бўлганлар, насоролар ва собиийлардан кимки Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирса ва солиҳ амал қилса, уларга Робблари ҳузурида ажрлар бордир. Уларга хавф йўқ ва улар маҳзун ҳам бўлмаслар. Ояти каримадаги «иймон келтирганлар»дан мурод мусулмонлардир. «Яҳудий бўлганлар» Бану Исроилдир. Яҳудийнинг икки тоифаси бор: биринчиси – Аллоҳга қайтган, иккинчиси – Яҳудонинг фарзандлари. «Насоролар» деганда эса Ийсо алайҳиссаломга иймон келтирганлар тушунилади. Улар у кишига ёрдам берганлари учун «насоро» («ёрдам берувчилар») деб ном олганлар. «Собиийлар» деб, Пайғамбаримиз келишларидан олдин араб мушрикларидан бир гуруҳи ўз қавмларининг буту санамларга сиғинишларини ёқтирмай, ўзлари янги ақийда ахтариб, охири, Иброҳим алайҳиссалом динида юрамиз, деб қавмларидан ажраб чиққан кишиларга айтилади. Бу номни уларга мушриклар берган бўлиб, «Оталарининг динидан бурилганлар» деган маънони англатади. Ояти карима юқорида зикр қилинганлардан ким Аллоҳга ва қиёмат кунига иймон келтириб, яхши амалларни қилган бўлса, ўша ажр олади, олдинда уни хавф-хатар кутмайди, ўтган ишларга хафа бўлмайди, деган тушунчани бермоқда. Яъни ажр олиш учун, қиёматда хавфда қолмаслик учун, бўлиб ўтган ишлардан хафа бўлмаслик учун бирор ирққа мансублик шарт эмас. Балки иймону яхши амал бўлса, кифоядир. Албатта, бу ҳукм Муҳаммад алайҳиссалом пайғамбар бўлиб келгунларича бўлган муддатга тааллуқлидир. У зоти бобаракот пайғамбар бўлганларидан сўнг ҳамма у кишига иймон келтириши шарт. Ким у кишига иймон келтирмаса, кофир бўлади ва азоб-уқубатга лойиқ кўрилади. Ажру савобдан маҳрум бўлади. Имом Муслим ривоят қилган ҳадисда Муҳаммад алайҳиссалом: «Менинг нафсим қудрат қўлида бўлган Зот ила қасамки, ушбу умматдан бирор киши – яҳудийми, насронийми, мен ҳақимда эшитса-ю, менга юборилган нарсага иймон келтирмаса, дўзах аҳлидан бўлади», – деганлар. (“Тафсири Ҳилол” китобидан "Бақара" сураси). Киши иймон келтирдим деб ўйласада, унинг хотимасининг хунук бўлиши, инсондаги одамлар билмайдиган ботиний иллатга боғлиқдир. Валлоҳу аълам!

26 Май 2022, 12:56 | Савол-жавоблар | 208 | Қуръони карим
|
Boshqa savol-javoblar