Кумуш узук тақиш

Ассалому алайкум! Ҳурматли устозлар, уйланмаган йигит кумуш узук тақиши жоизми? Яъни суннатга мувофиқми? Узук тақиш учун эркак балогатга eтганлиги кифоя қилмайдими?
«Зикр аҳлидан сўранг» ҳайъати:
Ва алайкум ассалом! Узук тақишда уйланган ёки уйланмаганнинг фарқи йўқ. Лекин эркаклар тилло узук тақишлари шаръан ҳаром. عَنِ ابْنِ عُمَرَ رَضِي اللهُ عَنْهُ: أَنَّ النَّبِيَّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ اصْطَنَعَ خَاتَمًا مِنْ ذَهَبٍ وَجَعَلَ فَصَّهُ فِي بَطْنِ كَفِّهِ إِذَا لَبِسَهُ، فَاصْطَنَعَ النَّاسُ خَوَاتِيمَ مِنْ ذَهَبٍ، فَرَقِيَ النَّبِيُّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ الْمِنْبَرَ فَحَمِدَ اللهَ وَأَثْنَى عَلَيْهِ وَقَالَ: إِنِّي كُنْتُ اصْطَنَعْتُهُ وَإِنِّي لَا أَلْبَسُهُ فَنَبَذَهُ فَنَبَذَ النَّاسُ. رَوَاهُ الْخَمْسَةُ Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам тилладан узук ясатдилар. Уни таққанда кўзини кафтларининг ичига қаратиб олар эдилар. Бошқа одамлар ҳам тилладан узуклар ясатдилар. Шунда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам минбарга чиқдилар, Аллоҳга ҳамду сано айтдилар ва: «Мен буни ясатиб олган эдим, энди уни тақмайман», деб отиб юбордилар. Одамлар ҳам отдилар». Бешовлари ривоят қилганлар. Шарҳ: Ушбу ривоятдан Исломнинг аввалида эркак кишиларга ҳам тилла узук тақиш жоиз бўлганлиги тушунилади. Бошқача қилиб айтадиган бўлсак, Исломдан олдин эркакларда тилла тақинчоқлар тақиш одати бўлган ва бу одат маълум муддат Ислом даврида ҳам давом этган. Бўлмаса, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам зинҳор ўзларига тилла узук қилиб олмас эдилар. Кейинчалик, ушбу ҳадиси шарифда зикри келаётган ҳодисадан сўнг мусулмон эркакларга тилла нарсаларни тақинчоқ ва идиш-товоқ каби нарсалар сифатида ишлатиш ҳаром қилинди. ("Ҳадис ва Ҳаёт" китобидан). Валлоҳу аълам!

29 Апрел 2022, 02:08 | Савол-жавоблар | 152 | Долзарб саволлар
|
Boshqa savol-javoblar