НИЯТ, ИБОДАТ ВА ЖАМОАТ МАСАЛАЛАРИ

Оламлар Робби Аллоҳ таолога беадад ҳамдлар, Унинг бандаси ва расули Муҳаммадга салому-саловотлар бўлсин! У зотнинг саҳобаларидан Аллоҳ рози бўлсин! Ассалому алайкум Шайх ҳазратлари, муҳтарам устоз!Сизларга айрим саволлар билан мурожаат қилишга ижозат бергайсиз.1. “Жоме ул мутун” китобида 2 та ниятни жам қилиш ҳақида ўқиб қолдим. Унда айтилишича, бир киши масжидга кириб ҳам бомдоднинг суннатига ҳам таҳийяти масжидга ният қилса, нияти дурустдир, дейилибди. Менда савол пайдо бўлди: А) мисол учун таҳорат қилгач нафл намозлардан ҳам шукру вузуъ намозига ҳам ишроқ намозига қўшиб ният қилса бўладими? Бу билан икки намозни савобини топган бўладими? Б) Тахажжуд укиётган одам тонг отганини билиб колса, укиган намози бомдоднинг суннати урнига утадими? 2. Муҳтарам устоз! Аллоҳга шукрлар бўлсинким, Ўзи хоҳлаганича илмдан истифода қилиб бормоқдаман. Намозларни ҳам имкон борича фарз, вожибларини ва суннатларини ўз ўрнида бажо қилишга ҳаракат қиламан. Қуръонни ҳам тажвид қоидалари асосида қироат қилишга бор ҳимматимни сарф қилмоқдаман (устоздан ўтказиб олганман). Шундай ҳолатлар ҳам бўладики, ўзимдан ёшлари катта, лекин Қуръонни мендек тажвид қоидаларига риоя қилган ҳолда ўқий олмайди ёки намоз рукнларини ниҳоятда тез бажаради (бу албатта ўзимни бировдан устун қўйиш эмас). Уларнинг орқасида намозни ўқиб бўлгач, қалбимда ғашлик пайдо бўлади, бу иқтидо қилиб ўқиган намозим қабул бўлдимикин, деб. Имомликка ҳақли кишилар тартибини яхши биламан. Лекин ўзимча имомликка ўтишга у кишиларни олдида ноқулайлик сезаман. “Кифоя” китобингиздаги пайғамбаримизнинг намозни шошилиб ўқиган одамга насиҳат тариқасида айтган ҳадислари доимо онгимда такрорланиб туради, шунинг учун намозни рукнларини шошмасдан, қироатни дона-дона қилиб, тартийл билан тиловат қилиб ўқишни яхши кўраман. Юқоридаги ҳолатларда мен намозимни ўзим қайтадан ўқиб олишим керакми? Маслаҳат беринг. 3. Масжидда жамоат намози ўқилаётганда фарздан кейинги суннатларни ўқиб бўлгач, қавмдаги одамларнинг кўпчилиги ихтиёрий равишда томоқ қириш, йўталишни одат қилишган (яъни орқадагилар намозни ўқиб бўлишди маъносида). Буни эшитган имом дарров ўгирилиб, дуо ва тасбеҳ ўқишни бошлайди. Орқада эса ҳамма билан тенг намоз бошлаган ҳали намозларини тўла тугата олмаган намозхонлар намоз ўқишаётган бўлади. Буни масжид қавмига ёки имомга айтадиган одам эса топилмайди. Бундай ҳолатни қандай тузатса бўлади. Ёки қавм ва имомнинг бажарган ишлари тўғрими? 4. Жума намозининг фарзидан аввалги суннатида агар имом суннатни тез ўқиб олиб, орқасидаги намозхонларни ўйламай, хутба ўқиш учун ўрнидан турса ва азон айтилиб, хутба ўқишни бошласа, бу пайтда эса жамоат ичида суннатни тўла ўқиб улгурмаган одамлар бўлса, уларнинг намози нима бўлади. Фиқҳ китобларида хутба пайтида гапириш, фарз намозининг қазосидан ташқари нафл намоз ўқиш мумкин эмас дейилган. Ушбу ҳолатга китобларимизда қандай фатво берилган? 5. Масжидда бир намозхон қибла томонга қараб намоз вақти киришини кутиб ўтирган бўлса, унинг орқасида бир одам намоз ўқиётган бўлса, ўтирган одам орқасига фақат боши билан (гавдаси билан эмас) ўгирилса, уни орқасида туриб намоз ўқиётган одамнинг намози бузиладими? Боши билан ўгирилган одам гуноҳга қоладими? 6. “Бировни ўзидан устун қўйиш, ихтиёр қилиш” (мисол учун намозда биринчи сафга ўтишни фазилати яхшилигини била туриб, бошқани ўрнига ўтказиш, фақат ўзига етарли суви бўла туриб бошқа бировга уни таҳорат қилиши учун бериш каби ишлар, арабчада “Таржийҳ ва ийсор” дейилса керак адашмасам)ни бизнинг ханафий мазҳабимизда ҳукми қандай? 7. Тавба йўлига кирганимдан кейин қазо намозларимни ўқишим лозимлигини билиб олдим, энди уни қай тартибда ўқишни маслаҳат берсангиз. Китобларда ўқишимча, қолдирган қазо намозлар тайин қилиб олиниб, ўшанга қараб ўқилади, дейилган. Мен ҳозирда жадвал тузиб олдим. Уни йилларга бўлиб, ой ва кунларга 5 вақт намозни ракъатларини ёзиб чиқдим. Менда қуйидаги саволлар пайдо бўлди:А) Қазони ўқишда мисол учун, 1998 йилги бомдод намозининг қазосини ўқишни ният қилдим деб, ният қиламанми? Ё бўлмасам аввалги ёки охирги қазога қолдирган бомдод намозини ўқишни ният қилдим деб, ният қилсам ҳам бўладими? Қайси бири саҳиҳроқ?Б) Қазоларни адо қилишда тартибга амал қилмай, иложини борича мисол учун бир кун фақат бомдод қазоларини, бошқа куни пешин, аср, шом ва хуфтон қазоларини жадвалга белгилаган ҳолда ўқисам бўладими? (жадвалимда мисол учун 1998 йил, январ ойида қазо қилинган намозларни шундай тартибда ўқиб, тўлдиргандан кейин бошқа ойнинг жадвалига ўтган ҳолда) 8. Маълумки барча исломий илмлар иложи борича устоз воситасида ўрганилади. Қуръон тиловати бўйича Аллоҳга шукрлар бўлсинким устозим бор. Улардан ёд олганларимни ўтказиб олмоқдаман. Лекин ақийда, фиқҳ ва ҳадис илмларидан устозим йўқ. Ҳозирча ўзим ҳаракат қилиб, китоблардан ўрганмоқдаман. Мен ҳам ўзимга бир устоз ихтиёр қилмоқчи эдим. Ғойибона бўлсада сизни ўзимнинг устозим деганман. Лекин орамиздаги масофанинг узоқлиги сабаб сизни суҳбатингиз менга ҳеч насиб қилмаган. Сиздан илтимос менга бир устозни ихтиёр қилишимда нималарга эътибор беришимни тушунтирсангиз. Устознинг ёши, илми ва тақвоси ҳамда илмига амал қилиши қандай билинади? Бу борада кўп бош қотирдим. Бир неча марта истихора ҳам қилдим, лекин қалбим ҳеч қайси бир ўзим танлаган устозга мойил бўлмай турибди. Сизнинг маслаҳатларингизга муҳтожман. Жавоб ва эътиборингиз учун ташаккур!
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф роҳимаҳуллоҳ:
1. Бошқа китобларда икки ниятни жамлаш ҳақида гап йўқ.Киши масжидга кириши билан фарз намозни ёки бошқа бир намозни ўқиса, ният қилмаса ҳам таҳийяти масжиднинг ўрнига кифоя қилади.2. имом бўлган одамнинг намози тўғри эмаслигини билсангиз, албатта бошқа ўқийсиз.3. Намоз ўқиётганларга халақит бўлмаса, бўлди.4. Албатта, имом домла бунга эътибор беришлари керак. Агар сиз айтганга ўхшаш ҳолат юзга келса, намоз ўқиётганлар намозларини тугатаверадилар. 5. Йўқ.6. Бу иш мақталган ишдир.7. А)Аниқ билинса, аввалги тарзда ўқиш афзал.б) Ҳар намоздан аввал ёки кейин ўша намознинг қазоларини ўқиш тавсия қилинади.8. Ўша устозликка номзод одамни атрофлича ўрганилади. Ишончли одамларлар сўралади. Кейин ихтиёр қилинади.

29 Апрел 2022, 02:52 | Савол-жавоблар | 226 | Бошқа ибодатлар
|
Boshqa savol-javoblar