Кумушда насия

Ассалому алайкум! 1385-саволнинг жавобида тилла ва кумушда насия йўқ. Вакилликни ишга солинг деб жавоб берилибди. Вакиллик қандай қилинади?
«Зикр аҳлидан сўранг» ҳайъати:
– Ва алайкум ассалом! Бир ишни бажаришни бошқага топшириш ёки ўша ишни бажариш учун ўз ўрнига ўзгани тайинлашни вакил қилиш дейилади. Ишни топширган шахс “Муаккил” яъни вакил қилувчи, иш топширилган шахс эса “Вакил” дейилади.Вакил қилиш ҳам ийжоб ва қабул билан амалга оширилади. Вакил қилишда “Ваколат” ёки “Вакил қилмоқ” лафзларини ишлатмасдан “Мен сизни ўз тарафимдан фалон ишни қилишга ижозат бераман” ёки шунга ўхшаш лафзларни ишлатса ҳам бўлади.Ваколатнинг турлари.Вакил қилувчи томонидан вакилга ўтадиган ихтиёрлар эътиборидан ваколат қуйидаги турларга бўлинади.
1. Ваколати омма. Яъни вакил қилувчи томонидан бирор шахсга бирор нарса борасида хар турли ишни қилишга ижозат берилган бўлади. Масалан; бир уй борасида вакилга тўлиқ ихтиёр берилади, ҳоҳласа у вакил ўша уйни сотади, ҳоҳласа гаровга қўяди, ҳоҳласа ижарага беради.
2. Ваколати хосса. Яъни вакил қилувчи томонидан вакилга фақат муайян бир иш қилишга ижозат берилади. Масалан; бир кишини фақат уйни сотиб бериши учун вакил қилади. Бу суратда вакилга сотишдан бошқа бирор иш қилишига ижозат бўлмайди.
3. Ваколати мутлоқ. Яъни бу суратда вакил қилувчи вакилга ҳеч қандай шартсиз бирор иш қилишни ижозатини беради ва вакиллик ихтиёри ҳосил бўлиши учун олдиндан бирор шартни топилиши зарур бўлмайди. Масалан; вакил қилувчи вакилга “менинг фалон уйимни сотиб бер” дейди. Бунда нақдга ёки насияга ёки кимга сотиши борасида ҳеч қандай чеклов бўлмайди.
4. Ваколати муаллақ. Яъни бу суратда вакил қилувчи вакилга бирор шарт қўйган бўлади. Масалан; вакил қилувчи вакилга “Агар бу шаҳардан кўчиб кетсам уйимни сотиб берасан” дейиди.
5. Ваколати муваққат. Яъни бу суратда вакил қилувчи вакилга маълум бир вақтгача бирор иш қилишни чекловини ёки ижозатини беради. Масалан; “Мени уйимни бир ой ичида сота олсанг сот” -дейиди. Бу суратда бир ой ичида сота олмаса, вакилнинг ваколати бекор бўлиб, уйни сотиш ихтиёри ҳам қолмайди.Вакил қилишнинг шартлари.Бирор ишни бажариш учун ўзгани вакил қилган шахс ўзи ҳам ўша ишни бажаришга қодир бўлиши шарт. Шунинг учун ҳам фойда-зарарни ажрата олмайдиган балоғатга етмаган ва мажнун шахс бирор кишини вакил қила олмайди. Аммо фойда-зарарни ажрата оладиган балоғатга етмаган шахслар совғаларни қабул қилиш каби фақат фойда бўладиган ишларга ўзгани вакил қилишлари мумкин. Фойда ва зарар бўлиши мумкин бўлган савдо каби ишларда эса, ўз яқинини рухсати билангина ўзгани вакил қилиши мумкин.
Оқил ва фойда-зарарни ажратадиган шахслар вакил бўлишлари мумкин. Бунда балоғатга етган бўлиши шарт эмас. Агар фойда-зарарни ажрата оладиган бола вакил қилинса, барча ҳуқуқлар вакил қилувчининг ўзига тааллуқли бўлади. Булар барча муомала ва ҳолатларда вакил бўлишлари мумкин.Ваколатнинг ҳукмлари.1. Вакил қуйидаги муомалаларда бажарилаётган ишларни нисбатини вакил қилувчига бериши зарур. Яъни вакил муаккил тарафидан бирор муомалани амалган ошираётганда очиқ ойдин “Мен бу муомалаларни ўзим учун эмас, балки фалончи томонидан амалга ошираяпман”-дейиши зарур. Агар ўша ишларни нисбатини муаккилга бермай ўзи томонидан амалга оширса, барча ҳукмлар ўзига тегишли бўлиб, муаккилга бирорта ҳукм собит бўлмайди.
Улар; никоҳ, хулуъ, ҳийба, садақа, ориятга бериш, гаровга қўйиш, қарз бериш, шериклик ишлари, музораба, инкордан кейинги сулҳ, қасдан қотиллик қилган шахс томонидан сулҳ тузиш каби ишлардир. Маслан вакил вакил қилган шахсни кимлигини айтмасдан бир кишига “қизингизни никоҳлаб беринг”-деса ва қизнинг валиси “никоҳладим” деса никоҳ вакилнинг ўзига боғланиб қолади. Шунинг учун ҳам бундай ишларда вакил қилувчининг номини айтиши керак.
2. Вакил қуйидаги муомалаларда ким тарафдан иш бажараётганини айтиши шарт эмас.Чунки, бундай муомалаларнинг барча ҳуқуқ ва жавобгарликлари вакилнинг ўзига бўлади. Масалан; муаккил томонидан бирор нарсани сотса ва харидорга “Мен фалончи томонидан савдо қилаяпман”- деб айтмаса, харидордан пулни талаб қилиш ва сотилган нарсани топшириш жавобгарлиги вакилнинг ўзига бўлади.
Агар вакил ўша муомалаларни нисбатини муаккилга бериб “Мен бу ишларни фалончи томонидан бажараяпман”-деса барча ҳуқуқ ва жавобгарликлар муаккилга қайтади ва вакил ўша ишни бажарганидан кейин яна бегона шахсга айланади.
Улар; сотиш, сотиб олиш, ижарага бериш ва иқрордан сўнг сулҳ тузиш каби ишлардир.
3. Вакилнинг олдидаги моллар вакиллик эътиборидан омонат ҳисобланади. Масалан; бир киши либосларни сотишга вакил бўлса, ўша либослар унга омонат бўлади. Омонатнинг ҳукми шуки, вакилнинг ортиқча ҳаракатисиз ва камчилигисиз ҳалок бўлса, вакил уни тўлаб бермайди. Агар вакил уни сақлашда камчиликка йўл қўйган булса тулаб беради.
4. Қарзни ундириш учун бир кишини вакил қилиб жўнатса ва вакил қарзни қўлига олса, кейин ўша қарз муаккилга етиб келмай йўлда ҳалок бўлса мазкур қарздор шахс қарздан қутилган бўлаверади. Аммо қарздор шахснинг ўзи вакил воситасида қарзни жўнатсаю ҳақдорга етиб бормай йўлда ҳалок бўлса, қарздан қутилган ҳисобланмайди.
5. Муаккил бир нарсани сотиш ёки сотиб олиш учун икки кишини бирга вакил қилса, икковлари ўзаро маслаҳат билан иш тутишлари лозим. Вакиллардан бирортаси ўзаро маслаҳатлашмасдан айтилган нарсани сотиши ёки сотиб олиши дуруст эмас. Савдодан бошқа муомалаларда ҳам ҳукм шундай. Аммо омонат ва қарзни қайтаришда икки кишини бир қилиб вакил қилса ва улардан биттаси шу ишни бажарса дуруст бўлаверади.
6. Агар муаккил бир нарсани сотиш ёки сотиб олиш учун аввал бир кишини кейин яна бошқа кишини вакил қилса, икковларидан ҳар бири ўша ишни ўзи алоҳида бажариши мумкин.
7. Вакил ўзига буюрилган ишни бажариш учун муаккилнинг рухсатисиз ўзига яна бошқа кишини вакил қилиши мумкин эмас. Аммо муаккил вакилга ҳоҳлаганини қилаверишга ҳуқуқн берса жоиз.
8. Агар вакил ишни бажариш учун иш ҳаққи олишни шарт қилса ва муаккил унга рози бўлса ишни бажаргандан кейин келишилган ҳақга ҳақдор бўлади ва унга ижаранинг ҳукми жорий бўлади. Агар иш ҳаққи олишни шарт қилмаса ва иш ҳаққи эвазига ишлаш унинг одати ҳам бўлмаса, ўз розилиги билан муаккилга яхшилик қилган бўлади ва иш ҳаққи олишни талаб қилиши мумкин бўлмайди.Сотиб олиш учун вакил қилишнинг ҳукмлари.1. Бирор нарсани сотиб олиш учун вакил таъйин қилинса, вакилга ўша нарсанинг жинси, сифати, миқдори ва бошқа керакли нарсаларини баён қилиниши лозим, токи вакил олинаётган нарсани мазкур ҳолатга қараб сотиб олади. Бу суратда вакил айтилган нарсани аксига кўра харид қилса, унинг бу иши муаккилга жорий бўлмайди. Агар муаккил олинаётган нарсанинг сифатини баён қилмасдан фақат жинсини баён қилиб вакилга умумий ихтиёрни берган бўлса, ваколати дуруст бўлади ва вакил харид қилган нарсани қабул қилиши лозим бўлади.
2. Муаккил вакилга бирор нарса сотиб олишни буюриб, олинаётган нарсани бирор хос сифатини баён қилмаса ва ўша нарсанинг турларини орасида катта фарқ бор бўлса, бундай ваколат дуруст бўлмайди. Масалан; муаккил вакилга қандай турдаги мошина ёки либос ёки уй олишини баён қилмасдан “Менга бир мошина ёки либос ёки уй сотиб олинг” деса жоиз эмас.
3. Муаккил вакилга қандай иш буюрса, вакил шунга мувофиқ бажариши лозим. Агар вакил муаккил баён қилган сифатни хилофини сотиб олса ва бу иши муаккилнинг фойдасига бўлса, масалан; баён қилинган сифатдан яхшироғини ёки айтилган қийматдан арзонроқ қийматга сотиб олса, бу муаккилга хилоф иш тутиш ҳисобланмайди. Агар мухолафат муаккилнинг зарарига бўлса, вакилнинг бу иши муаккилга жорий бўлмайди.
4. Сотиб олиш учун вакил қилинган шахс олинаётган нарсаларни нақд пулга харид қилиши мумкин. Аммо бошқа нарса эвазига масалан, муаккилнинг либослари эвазига бирор нарса харид қилиши мумкин эмас.
5. Қачонки бир муайян нарсани сотиб олиш учун бир кишини вакил қилинса, масалан “Фалон жойдаги фалон мошинани менга сотиб олинг” -деса вакил ўша нарсани ўзига сотиб олиши жоиз бўлмайди. Агар вакил ўша нарсани ўзига сотиб олса ҳам муаккилники бўлади. Аммо вакил айтилган қийматдан қиммат нархга ёки айтган нарсасидан кўпроқ нарсани сотиб олса вакилнинг ўзи учун бўлади.
6. Сотиб олиш учун вакил қилинган шахс ўз молини муаккилга сотиши мумкин эмас. Агар вакил ўз молини муаккилга сотадиган бўлса, вакил бўлиш ўрнига тўғридан-тўғри “Мен ўзимни фалон молимни сизга сотаман”-дейди ва муаккил уни қабул қилса савдолари дуруст бўлади.
7. Сотиб олиш учун вакил қилинган шахс муаккил олаётган нарсани пулини ўзи тўлаб олса, муаккилдан тўлаган пулини талаб қилиши ҳамда ундириб олмагунча олинган нарсани муаккилга бермай туриши мумкин. Агар вакил ўз пулини ундириш учун олинган нарсани муаккилга бермай ўз ҳузурида тутиб турганда ҳалок бўлса, жавобгар бўлиб тўлаб беради.
8. Сотиб олиш учун вакил қилинган шахс муаккилнинг ижозатисиз олинган нарсани сотиши мумкин эмас.
9. Бир шахс бир вақтнинг ўзида икки тарафдан вакил бўлиши мумкин эмас. Яъни бир вақтда бир тарафдан сотишга ва иккинчи тарафдан олишга вакил бўла олмайди. Масалан; Зайд ўз мошинасини сотиш учун Умарни вакил қилса ва шу вақтнинг ўзида иккинчи тарафдан Холид ҳам ўша мошинани сотиб олиш учун уни ўзига вакил қилса, Умар иккала тарафга вакил бўлиб бир вақтнинг ўзида ҳам сотиши ва ҳам сотиб олиши дуруст бўлмайди. Чунки, бир шахс бир нарсани ҳам сотувчичи ва ҳам сотиб олувчиси бўлиши мумкин эмас.Сотиш учун вакил қилишнинг ҳукмлари. 1. Сотиш учун вакил қилинган шахс муаккилнинг нарсасини муносиб нархга сотиши зарур. Агар муаккил сотилаётган нарсасининг нархини таъйин қилиб берсаю вакил айтилган нархдан паст нархга сотса, сўнгра муаккил уни қабул қилмаса, вакил амалга оширган савдосини бузади ёки ўзи тўлаб беради.
2. Сотиш учун вакил қилинган шахс муаккилнинг нарсасини ўзи сотиб олиши, ҳамда уларнинг ҳаққида унинг гувоҳлиги қабул қилинмайдиган ота-она, фарзанд, эр-хотин каби кишиларга ҳам сотиши жоиз эмас. Агар уларга муаккил таъйин қилган нархдан зиёда нархга сотган бўлса, савдоси тўғри бўлаверади.
3. Муаккил сотилаётган нарсани нақдга сотишни таъйин қилса, вакил уни насияга сотиши мумкин эмас. Агар нақдга сотишни таъйин қилмаган бўлса, вакил уни нақдга сотиши ёки тижоратчилар одатда қанча муддатга насияга сотсалар ўшанча муддатга насияга сотиши ҳам мумкин. Ундан ортиқ муддатга насияга сотиши жоиз эмас. Вакил нарсани сотгандан кейин пулни ундириб келмаган бўлса “ўзинг тўлайсан” деб мажбур қилинмайди. Аммо вакил сотган нарсасини пулини ундириш учун харидордан жавобгарлик ва бирор нарсани гаровга қўйишини талаб қилиш ҳуқуқига эга.
4. Харидордан пулни ундириб олиш вакилнинг ҳаққи бўлса ҳам муаккилнинг ўзи ҳам ундириб олиш ҳуқуқига эга.
5. Вакил даллоллар каби бирор хизмат ҳаққи эвазига вакиллик қилса, харидордан пулни ундириб муаккилга топширишга мажбур қилинади. Агар ҳеч қандай ҳақ олмасдан вакиллик қилса, харидордан пулни ундириб муаккилга топширишга мажбур қилинмайди. Балки вакил муаккилга “пулни ўзингиз ундириб олинг” дейиши мумкин. Чунки, савдонинг ҳуқуқлари ва жавобгарлиги вакилга бўлади ва бу суратдаги ҳолатни фиқҳий истилоҳда “вакил пулни ундириш учун ўз муаккилини вакил қилди” дейилади.
6. Муаккил вакилга бирор бир кўрсатма бермаса, вакил муомаладаги пулдан бошқа нарсалар эвазига ҳам сотиши мумкин бўлмайди.Ваколатни бекор қилиш ёки вакилни бўшатиш ҳукмлари.1. Вакилнинг ваколатидаги ихтиёрларни бекор қилишни “Вакилни вакилликдан бўшатиш” дейилади. Муаккил вакилни ҳоҳлаган вақтда бўшатиши мумкин. Аммо вакил бўшатилганини ўзи билмаса, бўшатилган ҳисобланмайди.
2. Муаккилнинг вафоти ёки мажнун бўлиб қолиш ёки кофирлар юртига муртад бўлиб чиқиб кетиши билан ваколат бекор бўлади. Шунингдек вакилнинг вафот этиши ёки мажнун бўлиб қолиши билан ҳам ваколат бекор бўлади.
3. Агар вакилга муаккил сабабли бошқа бировнинг ҳаққи тааллуқли бўлса муаккил вакилни бўшата олмайди. Масалан; вакил муаккилнинг қарзи сабабли бирор нарсани гаровга қўйган бўлса, муаккил ўша ҳақдорнинг розилигисиз мазкур вакилини бўшата олмайди. Ушбу суратда муаккил вафот қилса ҳам ваколат бекор бўлмайди.
4. Вакил ўзини ўзи вакилликдан бўшатиши мумкин. Аммо бошқа бировнинг ҳаққи унга тааллуқли бўлса, ўзини ўзи бўшата олмайди. Шунингдек вакилликдан бўшагани ҳақида муаккилга хабар бермаса ҳам вакилликдан бўшаган ҳисобланмайди.
5. Вакил ўзига топширилган ишни бажариши билан ваколати ўз-ўзидан ниҳоясига етади.
6. Ваколат меросхўрларга ўтмайди ва вакилнинг вафотидан сўнг меросхўрлари унинг ўрнига вакил бўлиб ишни давом эттира олмайди. Валлоҳу аълам!

4 Октабр 2022, 15:58 | Савол-жавоблар | 111 | Молия ва тижорат
|
Boshqa savol-javoblar