Машина ёки поезд урган хайвон гўшти

Ассалому алайкум! Бизнинг ишлаш жойларимизда чорвачилик билан шуғилланувчилар кўп хар куни бўлмасам тез тез чорва молларидан кўйлардан бирортасини машина ёки поезд уриб юборибди дейишади, шунла урган хайвонни нима қиласизлар десак қон чиққан халол бўлади дейишади аслида шариятимизда қандай?
«Зикр аҳлидан сўранг» ҳайъати:
– Ва алайкум ассалом! Шариатимизда тасмия(Аллоҳнинг исмларидан бирини) айтмасдан сўйилган ҳайвон гўшти ҳаромдир. Гўшти ейиладиган ҳайвонлар ҳалол бўлиши учун улар шариат кўрсатмаларига мувофиқ сўйилган бўлиши шартдир. "Моида" сурасининг 3-оятида сўйишнинг шарт экани баён қилинган.حُرِّمَتْ عَلَيْكُمُ الْمَيْتَةُ وَالدَّمُ وَلَحْمُ الْخِنْزِيرِ وَمَا أُهِلَّ لِغَيْرِ اللَّهِ بِهِ وَالْمُنْخَنِقَةُ وَالْمَوْقُوذَةُ وَالْمُتَرَدِّيَةُ وَالنَّطِيحَةُ وَمَا أَكَلَ السَّبُعُ إِلَّا مَا ذَكَّيْتُمْЯъни “Сизларга ўлимтик, қон, чўчқа гўшти, Аллоҳдан бошқанинг номи ила сўйилган, бўғилиб ўлган, уриб ўлдирилган, йиқилиб ўлган, сузиб ўлдирилган, йиртқич еган ҳайвонлар ҳаром қилинди. Магар (ўлмай туриб) сўйиб олсангиз ҳалол”.
Ушбу ояти каримада гўшти ейиладиган ҳайвонларни тириклигида сўйиб олиш шарт қилиняпти. чунки сўйиш сабабли нажас қон тоза гўштдан ажраб чиқади. Шунга кўра гўштининг ҳалол ва поклиги собит бўлади. Гўшти ейилмайдиган ҳайвонларнинг гўштини ейиш ҳалол бўлмасада, фақат поклиги собит бўлади. (Яъни, улардан ейишдан бошқа нарсаларга фойдаланса бўлади). Сўйиладиган ҳайвонда бўлиши лозим бўлган шартлар
1. Ҳайвоннинг сўйиш вақтида тирик бўлиши.
2. Ҳайвоннинг жони сўйишнинг ўзи билан узилиши. (яъни, йиқилиш, сувга тушиб ўлиш каби бошқа сабаблар билан ўлмаган бўлиши керак).
3. Сўйиладиган ҳайвон ҳарамнинг ови бўлмаслиги.
Сўйиш вақтида ҳайвоннинг тирик бўлиши имом Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ наздида сўйишдан олдин оз муддат бўлса ҳам ҳайвонда тириклик аломатининг борлиги ва агарчи ҳайвон касал бўлиб унинг тириклигидан фақатгина сўйиш муддати қолган бўлсада, ҳалол бўлишига кифоя қилади. Шундай ҳолатда сўйган кишининг ҳайвони ҳалол саналади.

Бунга ушбу оят далил бўлади:
Яъни, "Магар (ўлмай туриб) сўйиб олсангиз (ҳалол)" (Моида 3-оят).
Сўйишдан олдин унинг тириклиги аниқланган бўлса, сўйгандан кейин унинг қимирлаши ёки ундан қон чиқиши шарт эмас.
Агар ҳайвон касал ёки бўғилган ёҳуд бошқа бир ҳайвон сузганлиги ё шунга ўхшаш сабабга кўра унинг тириклиги номаълум бўлиб сўйилса, натижада у ҳаракатланса, яъни, қимирласа, ёки ундан (одатдагидек) қон чиқса, бу унинг сўйишдан олдин тирик бўлганига далолат қилади ва у ҳалол бўлади.
Бу ўриндаги унинг ҳаракатланишидан мурод, сўйилгандан сўнг унинг оғзини ёпиши, кўзини юмиши, оёғини йиғиштириб олиши, баданидаги тукларнинг тикка туришидир.
Аммо сўйилгандан сўнг оғизнинг очилиши, кўзининг очилиши, оёқларининг чўзилиши, тукларининг ётиши сўйишдан олдин унинг тирик эканига далолат қилмайди ва у ҳалол бўлмайди.
Чунки ҳайвон ўлиши билан унинг бўғим ва пайлари бўшашади. Шунинг учун оғзи ва кўзининг очилиши, оёғининг чўзилиши, тукларининг ётиши унинг аввал ўлганидан аломатдир. Буларниннг акси эса тирик ҳайвонга хос бўлган ҳаракатлар бўлиб, унинг тириклигига далолат қилади.
Бу ўриндаги қон чиқишдан мурод, одатда тирик ҳайвонни сўйган пайтдаги каби қон чиқишдир.
Хулоса шуки, сўйилган ҳайвоннинг гарчи сўйишдан олдин унинг тириклиги маълум бўлмаса-да, лекин у сўйилгандан сўнг (қон чиқса ҳам, чиқмаса ҳам лекин) тирикликка далолат қиладиган даражада қимирласа, ёки қимирламаса-ю, аммо одатдагидек қон чиқса унинг истеъмоли ҳалол бўлади.
Бу бизнинг ҳанафий мазҳабимизда фатво учун ихтиёр қилинган қавлдир.
Ҳайвоннинг жони сўйишнинг ўзи билан узилиши масаласи “Бадоиъ…” соҳиби Алоуддин Касоний раҳматуллоҳи алайҳнинг қавлидир. У киши қуйидагича айтади: Ибн Самоъа ўзининг “Наводир” асарида имом Абу Юсуф раҳматуллоҳи алайҳдан ривоят қилади: Агар бир киши қўйни иккига бўлса, қўйнинг боши ҳаракатланиб турган пайтда бошқаси уни (одатдагидек) қон томирларидан сўйса, ёки бир киши қўйнинг қорнини ёриб ичидаги нарсаларни чиқарса, бошқаси эса томирларидан сўйса, буларни ейиш ҳалол бўлмайди. Чунки аввалги иш қотилллик яъни, ҳайвонни сўйиш эмас, балки ўлдиришдир.
Имом Қудурий раҳматуллоҳи алайҳ бу масаланинг иккита кўриниши борлигини зикр қилган:
1. Агар қўй думбага яқин жойидан (яъни, юракдан паст жойдан) иккига бўлинса, унинг истеъмоли ҳаром бўлади. (Чунки кесилиши лозим бўлган томирлар кесилмай қолади).
2. Агар қўй бошига яқин жойидан иккига бўлинса, ҳалол бўлади.
Чунки кесилиши шарт қилинган томирлар юракдан димоғгача туташ бўлгани учун улар бундай иккига бўлишда кесилган бўлади(албатта “басмала” билан). Валлоҳу аълам!

31 Октабр 2022, 09:12 | Савол-жавоблар | 299 | Турли саволлар
|
Boshqa savol-javoblar