Умавийлар тарихидан

Ассалому алайкум! 16.04.17 да “viasat history” телеканалидан Қуддуси шариф тарихига бағишланган кўрсатув берилди. Унда бир тарихчи шаҳар тарихига оид маълумотларни келтириб, Умавийлар ва Аббосийлар ҳукмронликлари ҳақида гапириб: «Умавийлар даврида Қуддус тарихий биноларида тасвирлар, инсонларнинг бош қисми ҳайкаллари, ярим яланғоч аёлларнинг ҳайкаллари ўша даврда ишланган, чунки умавийлар ўша нарсаларни ёқтиришган, шаҳватли нарсаларга майллари бўлган», деган маънодаги гапларни айтди ва шундай ҳайкал ва шакллар кўрсатиб ҳам борилди. Гапирувчи афтидан яҳудийга ўхшайди, чунки мусулмонлар ҳақида фақат соя ташловчи гапларни гапирарди. Бу нарсалар туҳмат эмасми? Ўша “viasat history” кўп марта уйдирмалар гапирганига биз ҳайрон қолганмиз, ўшанинг учун ҳам ундан воз кечганмиз. Аммо баъзида нима деркин, деб қарасак, фақат мусулмонларга зид гаплар айтилади. Саволларим қуйидагича:
1. Ўша Умавийлар даврида инсон шаклини ясашлар, чизишлар Шом ўлкасида бўлганми?
2. Бизнинг ўзимизда бирорта Исломга қора чапламасдан, тарихни рўйи-рост гапирувчи китоблар мавжудми? Агар бўлса, уларнинг номини билдирсангиз. Чунки, тарихни бузиб кўрсатувчилар кўпайиб кетди. Сизларни Аллоҳ Ўзи тақдирласин ва ҳифзида асрасин! Ҳаққингизда дуодамиз.
«Зикр аҳлидан сўранг» ҳайъати:
Ва алайкум ассалом! 1). Маълумки, Умавийлар даври (ҳижрий 41-132 / милодий 661-750 йиллар) Асри саодат ва рошид халифалар даврига яқин бўлиб, Аббосийлар даврига қараганда шариатга зид ишлар нисбатан камроқ бўлган. Умавийлар даврида меъморчилик санъати ривожланган бўлиб, улар биноларни нақшинкор услубда безар, дарахтлар, гуллар, табиат манзаралари каби суратларни чизар эдилар. Ҳозирги археологик қазилма топилмалар ичида ҳайкал ва суратлар ҳам борки, уларнинг ҳаммасини ҳам ўша даврга нисбат бериш тўғри бўлмайди.
2). ИншааАллоҳ, фазилатли Шайх ҳазратлари раҳимаҳуллоҳнинг 2 жузли “Ислом тарихи” китоблари нашр қилинмоқда. Унда “Пайғамбарлар тарихи”, “Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам сийратлари”, “Рошид халифалар тарихи”, “Умавийлар, Аббосийлар, Усмонийлар” ва ўша даврлардаги параллел исломий ҳукмронликлар тарихи баён этилган. Валлоҳу аълам!

29 Апрел 2022, 06:51 | Савол-жавоблар | 164 | Сийрат ва тарих
|
Boshqa savol-javoblar